Мутолаа учун. Лондонга қайтаётган Почеттинонинг "Челси"даги 5 устувор вазифаси
14 июл 2023 20:47
Янгиликлар
Мутолаа учун. Лондонга қайтаётган Почеттинонинг "Челси"даги 5 устувор вазифаси
Париждаги унчалик омадли бўлмаган давридан кейин мутахассис ўзининг жонажон Лондонига қайтди. Аргентиналик мураббийнинг ўзи "Челси"нинг таклифига тезда розилик берганини, чунки доимо "риск" қилишни ёқтиришини айтиб ўтди. "Челси"да эса ўтган мавсум "провал" тарзда ўтди. "Кўклар"га энди ички тартибни яхшилайдиган мураббий керак. Хўш, Почеттинонинг "Челси"даги асосий вазифалари нималардан иборат бўлади?
Таркибни тозалашда давом этиши керак
Июнь ойи охирларида "Челси"да трансферлар бўйича катта бурилишлар бўлди. Клуб ўз балансини ва молиявий ҳолатини яхшилаб олди. Кичик давр ичида жамоадан 8 футболчи кетди.
Эдуар Менди, Калиду Кулибали ва Н’Голо Канте Саудия Арабистонига йўл олган бўлса, Кай Хаверц "Арсенал", Мэйсон Маунт "Манчестер Юнайтед" ва Матео Ковачич "Манчестер Сити" вариантини танлади. Рубен Лофтус-Чик янгича чақирувларни истади ва "Милан"га ўтди, Сесар Аспиликуэта эса ватанида "Атлетико" шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.
Ҳозирча ушбу кетишларга Почеттинонинг қанчалик таъсири бўлганини билмаймиз, бироқ футболчиларнинг оммавий тарзда кетишида барибир у ҳам "курс"га қўйилади. Ҳозирда Ҳаким Зиеш ҳамда Кристиан Пулишичнинг жамоадан кетиши деярли аниқлашмоқда. Ромелу Лукакунинг эса келажагига ойдинлик киритилмади.
Бирдамлик яратиш керак
Футболчиларнинг сотуви шундай паллада жуда муҳим эди. Лекин жамоадаги бирдамлик ўзидан-ўзи йўқолиши мумкин бўлган жиҳатлар бор, масалан, таркибдаги тажрибали футболчиларнинг кетганидан кейин уларнинг ўрнини янгилар эгаллаши. Почеттино жуда оғир аҳволда қолган жамоани қабул қилиб олди ва энди йигитларини "Стэмфорд Бриж"га ғалабалар олиб келишига ўргатиши керак. Лекин бунинг учун жамоада бирдамлик бўлиши, барча бир ёқадан бош чиқариб ишлаши керак. Аслида бундай жиҳат ўтган мавсумни инобатга олмаса, олдинги мавсумларда бор эди.
Эътиборни Почеттинонинг илк интервьюсидаги бир иқтибосига қаратамиз. У барчасини тўппа-тўғри тушуниб турибди:
"Клуб учун қайғурадиган, мухлисларини ўйлайдиган, либосидаги эмблема учун борини берадиган жамоа бўлишимиз керак. Бу энг асосийси. Мухлислар ҳам футболчилар билан бир хилдек бўлиши ва клуб учун сўнгги нафасгача кураша олиши лозим. Бу кайфиятнинг кўтарилишига, барчамиз бир-биримиз билан ғурурланишимизга олиб келадиган асосий нарса".
Янги сардор танлаш керак
Сўнгги 7 ой мобайнида "Челси" ўз сардори ва вице-сардорини йўқотди. Аввалига Жоржиньо жамоадан кетди, энди эса Аспиликуэта. Энди Почеттино янги мавсум олдидан етакчи танлаб олиши керак бўлади. Муаммо шундаки, ҳозир "Челси"да клубни қадрлайдиган, барчани олдинга етаклай оладиган тажрибали футболчилар сони чегараланиб қолди.
Ҳозирда энг идеал вариант Тьяго Сильва бўлади, у ўтган мавсумда жамоада сардорлик қила олди, бироқ ҳозирда унинг тўлақонли асосий таркибда ўйнашига кафолат йўқ. Ўз навбатида клуб академияси тарбиялнувчиси, сифатли футболчи Рис Жеймс ҳам сардорликка лойиқ сифатида кўриниши мумкин. Агарда гап тажриба ҳақида кетса, Раҳим Стерлинг ҳамда Бен Чилуэлл ҳам идеал вариант бўлиши мумкин. Почеттинонинг кимни етакчи сифатида танлаши ҳам қизиқарли ҳолат бўлади.
Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш керак
Гарчи "Челси" футболчилари камера олдида яхши кўринишса-да, Почеттино футболчиларга қатъий муносабатда бўлмоқда ва мавсумолди йиғинларда ўз йигитларининг жисмоний ҳолатини яхшилаш учун керагидан ҳам кўпроқ жисмоний юкламалар берди. Бу эса йигитларнинг прессингда яхшироқ ишлаши ва ҳаракатларга бой бўлишини таъминлайди. Миш-мишларга қараганда "Челси" футболчилари икки ҳафта давомида тўп кўрмасдан, аргентиналик мураббийнинг методлари остида фақатгина жисмоний жиҳатга ишлов беришган.
Бу эса футболчиларнинг оптимал ҳолатига киритишда ёрдам беради. Ўтган мавсум давомида жамоанинг вақтинчалик мураббийи Фрэнк Лэмпард футболчиларнинг жисмоний ҳолати жуда ёмонлигини айтганди. Шунингдек, мавсумнинг катта қисми футболчиларнинг жароҳатларга қарши курашиши билан ўтди. Балки бу Грэм Поттернинг қўл остидаги футболчилари кўпайиб кетгани сабабли бўлиши ҳам мумкин. Чунки мураббийнинг машғулотларида кўп муаммолар юзага келган, айрим футболчилар ҳаттоки алоҳида шуғулланишга мажбур бўлган.
Кадрлар сиёсатига қаттиқ аҳамият бериш керак
Ўтган мавсумнинг якунларида "Челси" ёзги трансферлар ойнаси вақтида кўплаб футболчиларининг кетиши борасида миш-мишлар урчишни бошлаганди. Бу ўз навбатида амалда ҳам таслиқданди ва клуб жамоадаги кадрларни "қайта қуришни" бошлади. Гарчи клуб сўнгги 12 ой давомида трансферлар учун катта маблағ ишлатган бўлса-да, ҳали яна бир қанча футболчилар олиш керак.
Масалан, ярим ҳимоячилар. "Челси" ҳозирда "Брайтон" футболчиси Мойсес Кайседо билан музокаралар олиб бормоқда. Шунингдек, клуб энди Мэйсон Маунтнинг ўрнини ёпадиган футболчи топиши керак. Ундан ташқари, ҳужумларни якунлайдиган ҳамёнбоп ҳужумчи ҳам. Агарда клуб ҳужумчи сотиб ололмаса, балки, Кристофер Нкунку ҳужумдаги сўнгги футболчи ролини бажариши ҳам мумкин. Франциялик футболчи Бундеслигадаги ўйинлари орқали голлар ура олишини намойиш қилганди.
Фикрлар