

Мурод Отажонов 1966 йилнинг 9 май куни Чимкент шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) туғилган. 17 ёшида профессионал футболга кириб келган ва 1983 йили Қозоғистонннинг “Жигер Чимкент“ жамоаси таркибида ўз фаолиятини бошлаган. Шунингдек, “Актобе“ (1985-1986), “Жигер Чимкент“ (1987),”Ёшлик“ (Жиззах, 1988–1989), “Нефтяник” (ҳозирги “Нефтчи” Фарғона, 1990-1991), “Сўғдиёна“ (Жиззах, 1992-1994), “Пахтакор“ (Тошкент, 1994-1997), “Насаф“ (Қарши, 1998), “Хоразм” (1999-2000) “Металлург“ (Бекобод, 2001), “Ордабаси- 2“ (Чимкент, 2003-2005) жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида тўртта учрашувда майдонга тушган.
2008 йилдан эътиборан Тошкентнинг “Бунёдкор“ клуби мураббийлар штабида иш бошлаган ва бош мураббий Миржалол Қосимовга ёрдам берган. Қолаверса, “Гулистон“ (Гулистон, катта мураббий, 2011), “Бунёдкор“ футбол Академияси катта мураббийи (2012),”Бунёдкор-2“ жамоаси бош мураббийи, “Шўртан“ ёрдамчи мураббийи (Ғузор, 2018), “Бунёдкор“ (бош мураббий, 2023) жамоаларида самарали меҳнат қилиб келди. Мурод Отажонов бугунги кунда “Бунёдкор U-19” жамоасига устозлик қилмоқда. Ўзбек футболига истеъдодли ёшларни етказиб беришда барчага ўрнак бўляпти. Таъкидлаш жоизки, у киши ёш футболчилар билан ишлашни хуш кўради. Айни пайтда Мурод ака шогирдлари Ўзбекистон U-19 чемпионатида етакчилар сафида боряпти. “Бунёдкор” U-19 жамоаси негизини эса асосан 2008, 2009 ҳамда 2010 йилларда туғилган ўсмирлар ташкил этаётгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди...
Фурсатдан фойдаланиб, ўз даврининг энг кучли ҳимоячиларидан саналган Мурод Отажоновни бугунги шукрона куни билан самимий муборакбод этамиз. У кишига узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий тинчлик хотиржамлик, барча самимий тилаклар ва эзгу ниятлар ҳамроҳлик қилишини тилаб қоламиз.
Ҳурмат билан, “championat.asia” жамоаси











