Моуринью "Реал"нинг Ла Лигада "Алавес"дан учралган кутилмаган мағлубияти сабабларини айтди

29 ноя 2026, 08:00
"Реал" бош мураббийи Жозе Моуринью Ла Лига 14-тури доирасида "Алавес"дан учралган 1:2 ҳисобидаги мағлубиятни изоҳлади.

"Биз зич ҳимояланган ва тўпни олиб қўйганда пас орқали ўйнамаган жамоага қарши баҳс олиб бордик. Уларнинг мақсади тўпни сақлаб туриш эмас, балки ҳужумчиларга узун узатмалар бериш ва қарши ҳужумлар ташкил этиш эди, бизга эса рақиб жарима майдонидаги фаоллик етишмади. Тўпни узатдик, бироқ бўшлиқларни назорат қилмадик ва бу ерга келган бошқа жамоалардан фарқли ўйнаган рақибга қарши баҳсда Эспи бизга ёрдам бера олади деб ўйладим, бу умуман танқид эмас.

Биз тўпга эгалик қилдик, пас бердик, лекин жарима майдонига кириб боролмадик. Майдонда тўпга эгалик қилишни ёқтирадиган, бир-бирига ўхшаш футболчилар — Бернарду Силва ва Арда Гюлер бўлган пайтда жамоа бўш ҳудудни топа олмади ва унга жарима майдонидаги босим етишмади. Мен Эспини туширдим. Ўшанда менда фақат иккита вариант бор эди: ё Ардани олиш, ёки Винисиусни алмаштириш. Бир қанотда Диоманде ва иккинчи қанотда Винисиус ҳужумимизга кенглик беради деб ўйладим, Арда ва Бернарду эса амалда бир хил ишни бажараётган эди.

Кике Флорес ўз режасини амалга оширди, бу биз учун кутилмаган ҳолат бўлмади. Кеча шундай ҳимоявий футбол ўйнайдиган жамоага қарши баҳсга тайёргарлик кўриш учун машғулот ўтказдик. Улар ўйин суръатини туширишди, соф ўйин вақтини қисқартиришди ва шу орқали вазифамизни қийинлаштиришди. Кикени танлаган тактикаси билан табриклайман. Унга қўя оладиган ягона эътирозим — тўпларни майдонга улоқтириш билан боғлиқ хунук ҳаракат. Футболда бундай ишни ҳеч ким қилмайди", — дея Моуриньюнинг сўзларини келтиради Marca.

Ла Лигада ўтказилган 14 та ўйин якунига кўра Мадриднинг "Реал" клуби ҳисобида 33 очко мавжуд ва жамоа турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибди. "Алавес" эса 19 очко билан саккизинчи поғонада жойлашган.

Ўхшаш янгиликлар