

– Ўйин ҳақидаги умумий таассуротларингиз?
– Таассуротим шуки, йигитлар олдига қўйилган мақсадни бажара олишмади. Биринчи бўлимда бошқа схемада ўйнадик – бешта ҳимоячи билан. Ўшанинг учун ҳам "Пахтакор"га имконият яратиб берилди. "Пахтакор"ни ҳаммамиз биламиз – яхши жамоа. Биринчи бўлимда олдига қўйилган мақсадни тўлиқ бажаришгани йўқ. Сабаби, йигитларда ҳаракат тўғри бўлди-ю, лекин югураётганда кўзидан олов чиқиши керак-да, курашиш керак! Курашиш керак ўзи учун, ўзининг ғурури учун, жамоаси учун. Бу нарса биринчи бўлимда кўринмади ва албатта бунда "Пахтакор" яхши жамоа деб бекорга айтмаяпман, бунақа нарсадан фойдаланиб биринчи голни уриб кетишди. Иккинчиси ўша – рикошет. Иккинчи бўлимда озгина схемани ўзгартирдик, бу ўз фойдасини берди. Тезкор гол урдик... Ва албатта, футболда яна битта нарса бор, яхши вазиятлар яратилди, биринчи бўлимга қараганда иккинчи бўлимда рақиб дарвозаси яқинига келганда гол уришимиз мумкин эди. Ҳисоб 2:1 пайтида... энди ўйинни тўлиқ кўриб чиқиш керак. Қанақадир квадрат ўйнашди, балким рақиб жамоаси ҳам бунга имкон бермагандир. Шу вазиятдан кейин стандартдан гол ўтказиб юбордик. Хуллас, "Пахтакор"ни табриклаймиз. Шунақа, ўйин икки хил таассурот қолдирди.
– Менга ҳам шундай туюлди, икки хил тайм кўрдик. Ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз: биринчи таймда 5 та ҳимоячи билан, иккинчи таймда бошқа схемага ўтиб олдинглар. Менга шундай туюлдики, ОКМКнинг жисмоний ҳолати "Пахтакор"га нисбатан яхшироқ кўринди. Уларда деярли терма жамоанинг асосий таркиби ҳаракат қилди. Иккинчи таймда ҳужумкор футбол жуда ҳам кўп бўлди. Футболчиларнинг 90-дақиқагача жисмоний ҳолати яхши эди. Саволим шундай: биринчи таймдан бошлаб ўша жисмоний ҳолатдан келиб чиққан ҳолда шунақа ўйнаганингизда, балки вазиятлар ҳам кўпроқ бўлармиди, деб ўйлайман?
– Албатта. Русларда битта гап бор-ку: "После драки кулаками не машут" дейди. Қолаверса, менга шу нарса ёқмади. Схема... ҳаммаси яхши, агарда тўлиқ ва тўғри бажарилса. Менга ёқмаганини ечиниш хонасида йигитларга айтдим. Ўйинни ҳар хил ҳаракат қилиб ютқазиш бор. Ютуқ-ютқазиқ ҳам бор-да. Масалан, жонингни бериб, ҳалигидек кўзингдан олов чиқиб ўйинни ютқазиб қўйилдими, қанақадир рикошет ёки стандартдан уриб кетилдими – бунақа ўйинни ютқазиб уялманглар, дейман-да. Тушунаман, лекин биринчи бўлимда кўз ёнгани йўқ-да. Майдонда 11 киши югуряпти, лекин майдонга чиқиб югуришдан ташқари, ичида шижоат бўлиши керак, жонкуярлик бўлиши керак. Мисол тариқасида айтишим мумкин, 90-дақиқада Насруллаев қилаётган ишни. У бир жойда қараб турса ҳам бўлади, лекин 3:1 вазиятда ҳам тезликни олганда камида 60 метр югуряпти ўйиннинг охирида. Одам ўзини мажбур қилмаса, футболда ўсиш бўлмайди. Шунчаки ўтиб кетадиган ўйин йўқ, рақиб ҳам бор. Шунинг учун ҳам менда икки хил таассурот. Биринчи бўлимдаги ҳолат – бу ҳам менинг қанақадир айбимдир. Масалан, руҳий томондан етарлича тайёрлай олмагандирман. Лекин майдонга чиққандан кейин хатони ҳамма қилади, жонини бериб ўйнаш керак-да. Ўхшаши бор, ўхшамаси бор, хато бор – бу нормал ҳолат. Лекин мана шу иштиёқсизлик асабимга тегди. Мана шу нарса биринчи бўлимда яққол кўриниб қолди. Схема ёмон эмас, энди "жисмонан зўр эканмиз" деб очиқ югуриб кетиш ҳам "Пахтакор"га қарши қандай бўлишини биламиз, бунинг неча марта жабрини кўрганмиз. Биринчи бўлимни ушлаб туриб ҳаракат қилиш режаси бор эди, лекин ўхшамай қолди.
– Статистика кўрсатяпти: ОКМК бу мавсумда мана шу 4-5 турдан кейин xG (кутилган голлар) бўйича кучли учталикдасиз. Яъни ҳужумлар бор, вазиятлар бор...
– Энди футбол шунақа нарса-да: кимдир хато қилади, кимдир шундан фойдаланади. Хато қилганда бундан фойдаланмаса, тескариси бўлиши мумкин. Ўша биринчи турда ҳам, иккинчи турда ҳам имкониятларимиз бўлган. Гол нима қилади? Рақиб жамоасини янада шошилишга, кутилмаган тўп йўқотишларга, хато қилишга олиб келади-да. Айрим ҳолларда ўша нарса бизга панд бериб қўйди бошида. Мен буни йигитларнинг ўзига ҳам айтдим. Лекин ютиш учун яратилган шароитдан, ҳатто яримта яратилган вазиятдан ҳам унумли фойдаланишни билиш керак-да. Бизда шу нарса пасайиб кетди. Шунинг учун ҳам Абдураззоқовга ҳам, Асадга ҳам масалан, эътирозларимиз кўп. Ёки охирги ўша вазиятда, 16 метрликда (жарима майдончасида) Алида яхши вазият бўлди, тўпни яхши ошириб берди. Энди кечирасиз-ку, жарима майдончаси ичида тўпни 10 марта тўхтатиб ўйнашга ҳеч ким қўйиб бермайди-да. Бунақа нарсалар энди интеллектга боғлиқ. Ҳар доим айтаман: тўп қабул қилишдан олдин сизда аллақачон қарор тайёр бўлиши керак, манзил аниқ бўлиши керак.
– "Пахтакор" ҳимоясига қарасак, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари: марказда Абдумажидов ва Ҳамралиев. Бунга қарамай вазиятларни яратяпсизлар. Аммо ижрочилар... Холмуродов, Абдураззоқов кабиларнинг келажаги зўр бўлса-да, яққол тугатувчи етишмаётгандек. Балки ОКМКга ўша соф ҳужумчи бўлганида, яна икки-учта, тўрттага кўпроқ гол урармидинглар?
– Йўқ, энди ҳаммаси "балким" бўляпти-да. Ҳозирги кунга келиб тушунарли: Хуршид йўқ, бошқаси йўқ, Ойбек йўқ масалан. Лекин биз талаб қиламиз, юқори мақсад қўйилади. Улар ўз устида ишлаб, тўғри фикрлаб, тўғри хулоса чиқаришлари ўзига керак-да. Қолаверса, миллий терма жамоага номзодлар бор. Улар майдонда охиригача ўйнамаса, ўзини кўрсатмаса, мураббийлар ҳам чақирмайди. Имкон бор-да яхшигина. Бекорга Холмуродов, Абдураззоқов Дубай йиғинларида бўлишмади. Ҳеч кимга эшик ёпиқ эмас. Шунинг учун ҳам Насруллаевни мисол келтирдим.
– ОКМКнинг бугунги мағлубияти 2023 йил баҳори, яъни уч йилдан бери илк мағлубияти бўлди чемпионатда "Пахтакор"га қарши. Кўрганмизки, ўтган мавсумда ҳам ўйин бўйича ютқазаётган бўлса-да, лекин натижани ўз фойдангизга ҳал қилгандингиз. Натижага ва таркибга қарайдиган бўлсак, бугунги ОКМК сўнгги уч йилдаги энг кучсиз ҳолатидами? Шу фикрга қўшиласизми?
– Энг кучсизими? Мен бошқачароқ айтардим: кучсиз эмас-у, фақат малакали футболчилар камроқ бўлиб қолди-да. Тўхтахўжаев, Рубен, Ойбек, Хуршид... Мен ҳозир ҳар бирига тўхталмайман. Малака ва сифат бўйича айтяпман. Лекин бунга ҳам озгина вақт керак-да. Вақт-соати билан шаклланиб келади. Лекин ўша-ўша гапим: ҳеч кимга иродасизларча ютқазишга кафолат бермайман. Ундан кўра ўйнамаган яхши. Юрак бўлиши керак ҳаммасида. Ҳаёт ўзи шундай, бепарво бўлсанг, оёқости қилиб, топтап ташлайди. Футбол ҳам худди шунақа. Кимга қарши ўйнашингдан қатъи назар, футболда ўз ўрнингни олишинг керак.
– Етакчилар жамоани тарк этгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Қишки селекцияда уларнинг ўрнини тўлдириш ҳақида ўйланмадими?
– Ёшроқларини таклиф қилдик, лекин бизга тўғри келмади. Шунинг учун ҳам ўзимизда бори билан қолишга қарор қилдик.
– Ўзбекистон тарихида бунақаси бўлмаган: апрель ойида бизни 6-7 та тур кутяпти. Бундай тиғиз тақвимда ўйнашда кўпчиликда тажриба йўқ. Сизда мураббий сифатида қанақадир стратегия бордир? Масалан, ҳар 3 кунда ўйин бўляпти, кучларни қандай тақсимлайсизлар?
– Ротация. Ротация қиламиз. Олдинлари айтишарди-ку, захира ўриндиғига қарагин деб. Ҳозир захираси кучли бўлганлар кўпроқ ютади-да. Бир хил футболчилар асосий таркибда бўлса, захирада ўтирадиган болалар бор-ку. Олдин шундай тенденция бор эди: "Менга захирада ўтирган ўйинчиларингни кўрсат, мен сенинг жамоанг қанақалигини айтаман" дейишарди. Мана шунга кўпроқ боғлиқ бўлиб қолади ҳозир – бир-бирини тўлдириб ўйнашга. Ҳозир апрель ойигача 7 та ўйин бўляптими? Болаларнинг ўзи ҳам машғулот қилишни ёмон кўради, футбол ўйнашни яхши кўради. Мана, федерация ҳам имкон яратиб берди. Кўрамиз, нормал ҳолат бу. Энди бу ерда тикланиш жараёни энг кераги. Бу ҳам нормал ҳолат.



