"Мексика билан ўйинга қўрқув остида чиққанмиз" — Месси ЖЧ-2022 даги энг қийин паллани эслади

Aslanov Jasurbek
25 фев 2026, 17:14
"Интер Майами" клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Қатардаги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Саудия Арабистони терма жамоасидан учралган кутилмаган мағлубиятдан сўнг (1:2), Мексикага қарши баҳс (2:0) олдидан футболчилар қандай руҳий босимда бўлганини гапириб берди.

Қўрқув ва босим:

Месси 2006 йилги мундиаль ва 2022 йилги турнирдаги Мексикага қарши ўйинларни таққослар экан, Қатардаги босим даҳшатли бўлганини яширмади:

"Менга 2006 йилга қараганда анча қийин бўлди, чунки босим умуман бошқача эди. Агар ғалаба қозонмасак, мусобақадан деярли чиқиб кетардик. Ушбу ўйинга қўрқув билан чиққанмиз, чунки онгостимизда нималарни бошдан кечирганимизни ўйлардик. Мағлуб бўлишдан ва кейинги босқичга ўта олмасликдан қўрққанмиз".

Ҳал қилувчи бурилиш ва халос бўлиш:

Леонинг сўзларига кўра, айнан Мексика дарвозасига урилган гол жамоага руҳий эркинлик берган:

"Голдан кейин хотиржам тортдик, ўзимизни эркин ҳис қилдик. Бу ҳамма учун ўзига хос халос бўлиш эди. Биз яна бошланғич нуқтага қайтдик ва ўз тақдиримизни ўзимиз назорат қила бошладик. Саудия Арабистони билан ўйин биз учун ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги керак эди, лекин мия сен билан ёмон ҳазил қилади. Ютишимиз мумкин, лекин ютқазсак чиқиб кетамиз, деган ўй бор эди".

Эмилиано Мартинеснинг сейви ва жамоавий куч:

Месси дарвозабоннинг муҳим сейвлари ва жамоанинг кейинги йўлига ҳам тўхталиб ўтди:

"Дибу (Эмилиано Мартинес) қайтарган жарима зарбасини кўрганимда... Ўша лаҳзада: "Агар бу гол бўлса, тамоммиз. Буни қандай енгиб ўтамиз?" деб ўйлайсан. Бундай пайтда кайфият жуда муҳим.

Бу вазиятлар бизни жуда кучли қилди. Турнир давомида Нидерландия ёки Франция билан ўйинларда қулаб тушишимиз мумкин бўлган 500 та ҳолат бўлди, лекин биз жамоа сифатида мустаҳкам эдик. Мексика билан ўйин биз учун ҳал қилувчи бўлди, айнан ўшанда бизга энг қийин бўлган эди", — деди Месси.

Эслатиб ўтамиз, айнан шу оғир йўлдан сўнг Аргентина терма жамоаси ўз тарихида учинчи бор Жаҳон кубогини боши узра баланд кўтарган эди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Infobae