Коллина ЖЧ-2022'да ўйинларга нега кўп вақт қўшиб берилаётганига тушунтириш берди

Eldor Akmurzayev
22 ноя 2022
ФИФА ҳакамлар қўмитаси раиси, ўтмишдаги таниқли рефери Пьерлуижи Коллина жаҳон чемпионати ўйинларида нега кўп вақт қўшилаётганига муносабат билдирди.

“Россияда бўлиб ўтган 2018 йилги Жаҳон чемпионатида биз қанча дақиқа компенсация қилиниши кераклигини аниқроқ ҳисоблашни бошладик. Одамларга тўртинчи ҳакам таблода олти, етти, ҳатто, саккиз рақамларини кўтарса, ҳайрон бўлмасликлари кераклигини тушунтиргандик.

Агар тоза ўйин вақтини кўришни хоҳласангиз, бунга тайёр туришингиз лозим. Учта голли учрашувни тасаввур қилинг. Одатда голни нишонлаш учун 1,5 дақиқа кетади ва орада 5-6 дақиқа йўқотилади.

Биз барчасини борича ҳисоблашни истаймиз. Бу борада Россияда муваффақиятга эришдик ва Қатарда ҳам бунга умид қилмоқдамиз”, дейди Коллина.

Эслатиб ўтамиз, Англия – Эрон (6:2) баҳси Жаҳон чемпионатлари тарихида асосий бўлими энг узоқ давом этган учрашувга айланди – 117 дақиқа. Бош ҳакам 1-таймга 14 дақиқа, иккинчисига эса 10 дақиқа қўшиб берди.


Eldor AkmurzayevМуаллиф
Манба: Football Italia