Каннаваро тайинлови: пиарми ёки стратегик қарор?
02 окт 16:08
Янгиликлар


Каннаваро тайинлови: пиарми ёки стратегик қарор?
Унга нисбатан фикрлар иккига бўлинган: бир томонда катта ном ва пиар имконияти, иккинчи тарафда эса тажриба ва натижаларнинг етишмаслиги.
Афзал томонлар
1. Катта ном ва пиар имконияти
Фабио Каннаваро — Жаҳон чемпиони, “Ювентус” ва “Реал Мадрид”да ўйнаган, “Олтин тўп” соҳиби. Бу тарихда қолган ютуқлар. Ном жиҳатидан у катта қийматга эга. Бунинг орқали Ўзбекистон жаҳон матбуотида, инсайдерлар ва нашрлар саҳифасида пайдо бўлиши табиий. Пиар нуқтаи назаридан бу плюс. Бироқ Марокаш, уни бошқарган Валид Реграги мисоли шундан далолат берадики, табиий натижа сунъий пиардан кўра кучлироқ.
2. Осиёда иш тажрибаси
Каннаваро Осиё футболига чуқур кириб борган: Хитойда “Гуанжоу Эвергранд”, “Тянжин”, Хитой терма жамоаси, шунингдек, БААда “Ал-Аҳли”да ишлаган. Демак, у ҳам Шарқ, ҳам Ғарбий Осиё футболи ҳақида маълум кўникмага эга.
Салбий жиҳатлар
1. Мураббийликда омадсиз йўл
Катта футболчи сифатида тарихда қолган Каннаваро мураббийликда шу даражада муваффақиятли эмас. Рақамлар шундан далолат беради:
“Динамо Загреб” – 101 кун, 14 ўйин: 7 ғалаба, 2 дуранг, 5 мағлубият.
“Удинезе”– 47 кун, 6 ўйин: 2 ғалаба, 3 дуранг, 1 мағлубият.
“Беневенто” – 136 кун, 17 учрашув: 3 ғалаба, 7 дуранг, 7 мағлубият.
Хитой терма жамоаси – 2 ўйин, 2 мағлубият (биттаси Ўзбекистондан).
Мураббийликдаги ягона ютуғи: "Гуанчжоу Эвергранд" билан Хитой чемпионлиги (2019)
2. Қисқа вақт омили
Жаҳон чемпионатигача бўлган муддат жуда қисқа. ФИФА кунлари билан ҳисобланганда, Каннаваро ихтиёрида бор-йўғи 30 кунгина мавжуд. Бу вақт ичида у жамоага услуб, тизим ёки янги фалсафа беришга улгурмайди.
3. Менталитет муаммоси
Агар у Вьетнам ёки Гонконгда иш бошлаганида, маданий яқинлик сабаб мослашуви осонроқ кечарди. Ўзбекистонда эса мутлақо бошқа муҳит ва бу унга қийинчилик туғдириши мумкин.
4. ЎФА режаси ва саволлар
ЎФА аввалдан хорижлик мутахассис олиб келишни мақсад қилганди: Бенту билан музокара қилинди, Билич, Лёв, Терим, Иванкович номзодлари муҳокама қилинди. Аммо вақт ўтган сари имкониятлар қисқариб, Каннаваро варианти кўриб чиқилди.
Бунда энг муҳим саволлар қолаётир:
* У фақат Жаҳон чемпионати учун олиб келинадими?
* Агар натижа бўлмаса, кейин яна Кападзега қайтишимиз керак бўладими?
* Нега ЎФА раҳбарияти мундиалдан кейин ўз лойиҳаси, режасини билдирмади?
* Канаварро билан режалар бир йилликми ёки узоқ истиқболга қаратилганми?
Ортиқча хавотирлар
Кечувда от алмаштирилмайди. Савол: ЎФА Каннаваро билан қандай келишув қилади ва ундан нималарни кутади? Биз фақат Жаҳон чемпионати учун олиб келяпмизми? Кечирасиз-ку, Каннаваро сеҳргар эмаски, Катанец тўрт йилда эришган натижани бир йилдаёқ такрорлай олса.
Катанецнинг ўзи айтганидек, бу мундиалда асосий мақсад — завқ олиш ва тажриба тўплаш. Агар натижасиз, шармандали ҳолатда қайтсак, Каннаваро кетади, аммо яна Кападзега илтижо қилишга тўғри келадими?
Кападзе ҳеч нарса йўқотмайди. У тарихга ёзилди — илк бор жамоани ҳам Олимпиада, ҳам Жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Унинг келажаги очиқ: “Пахтакор” эшиклари уни кутяпти, бўш қолса яна ўрганишда давом этади.
Хулоса
Фабио Каннаваро — катта ном, катта футбол тарихи. Лекин мураббий сифатида у ҳали ўзини кўрсата олмаган. Ўзбекистон учун унинг тайинланиши пиар нуқтаи назаридан қизиқ, аммо амалдаги самараси катта шубҳа остида.
Бу қарор стратегик режами ёки вақтинчалик тажриба? Савол очиқ.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар