Камолиддин Тожиев: "Ўтказилган голда фақат ҳимоянинг айби бўлмайди"

Оқил Абдубарноев
4 апр 2026
"Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган ОКМКга қарши ўйиндан сўнг (3:1) матбуот анжуманида иштирок этди.

Камолиддин Тожиев: – Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи бўлимни яхши ўтказдик, яхши бошладик, иккита гол урдик. Танаффусдан кейин майдонга чиқиб, тезкор гол ўтказиб юбордик. Бу озгина руҳиятимизга таъсир қилди. Кейин учинчи голни урдик. Барибир ўйиннинг охирида озгина чарчоқ ҳам сезилди. 10 та футболчимиз терма жамоаларда эди. Бизда машғулотлар бироз кам бўлди. Шунинг учун ўйин охирида чарчоқ билинди.

– Ҳимоячилар ҳақида сўрамоқчи эдим. Бугун ҳимоя марказида Ҳамралиев билан Абдумажидов ўйнади. Умуман олганда, Азмиддинов бор, Ҳамралиев, Абдумажидов каби зўр ҳимоячилар бор. Лекин "Қизилқум"га қарши ўйиндан кейин қаторасига ҳар ўйинда гол ўтказяпсизлар. Марказий ҳимоя ҳақида қандай фикрдасиз?

– Гол ўтказилса, фақат ҳимоянинг айби бўлмайди-ку, бу бутун жамоанинг хатоси бўлади. Масалан, бугунги голли вазият ҳақида сўрадим, ҳужумчи офсайддан чиқиб урди, дейишди. Нима ҳам дердик, бўлиб туради. Таркибни тўлиқ қарайдиган бўлсак, барибир ҳаммага ўйин амалиётини бериш керак. Бу камчиликлар устида ишлаймиз ва меҳнат қилишда давом этамиз.

– Ўтган мавсумларда ўнг қанот жуда ҳам ёрқин эди, масалан, Ҳожиакбар Алижонов. Тўғрисини айтиш керак, жуда ҳам ёриб кирарди. Чап қанотга шерзод Насруллаев жалб этилди. Шунингдек, Бозоров келди. Лекин барибир асосий ҳужумлар ўнг қанотдан ташкил этилмоқда. "Нефтчи"га қарши ўйинда чап қанот қанот оқсаб қолмайдими? Ҳужумда демоқчиман.

– Йўқ, оқсамайди. Бугун Насруллевнинг ўзи ҳам биринчи бўлимда 7-8 марта ичкарига тўп оширди. Фақат ўнг томондан эмас, чап томондан ҳам вазиятлар яратяпмиз, шунчаки якуний зарба етишмаяпти. Бунинг устида ишлаймиз, чап томондан ҳам, ўнг томондан ҳам кўпроқ ҳужум қиламиз.

– Кейинги саволим Ҳожимат Эркинов ҳақида. Яқиндагина Ҳожиматни терма жамоага чақиришганда жуда фаол эди, ҳозирги кунда унга нимадир етишмаяпти. Ўша тезкорлиги, шиддати йўқ бўлиб қолгандек. Ҳожимат билан нималар бўляпти?

– Ҳозирги ҳолати ҳам ёмон эмас. Ўз формасига қайтишини кутяпмиз, у билан ҳам ишлашда давом этяпмиз. Ўзи билан ҳам гаплашяпмиз, формасига кириб, яна ўша ёрқин ўйинини кўрсатади.

– Яна битта савол. "Пахтакор"га қарасак, бу Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиби каби. Шунинг учун дарвозабон Владимир Назаров ҳақида сўрамоқчи эдим. Суперкубокда ҳаммамиз кўрдик, битта хато туфайли рақиб ғалаба қозонди. Ҳозир Назаров майдонга чиқмаяпти, терма жамоага ҳам чақирилмади. Қанақадир муаммолар борми?

– Йўқ, муаммо йўқ. Санжар Қувватов ҳам бор. Ўтган ўйинда ғалабага эришдик, шунинг учун бугун дарвозабонни алмаштирмасликка қарор қилдик. Назаров ҳам, Санжар ҳам ўйин амалиётига эга бўлишади.

– "Пахтакор"нинг голларини ўтган йил билан солиштирсак, бу йил ҳужумчиларнинг гол уриш фоизи камайиб кетгандек. Масалан, Рустам Турдимуродов бошида иккита ўйинда иккита гол урди, лекин умуман олганда қанот вингерлари ва яримҳимоячилар кўпроқ гол уряпти. Ҳужумчиларнинг гол урмаётгани сизни қанчалик ўйлантиряпти?

– Бунинг устида ҳам ишлаймиз. Машғулотларда ҳам меҳнат қиляпмиз. Барибир йигитлар ҳаракат қилишяпти. Рустам Турдимуродовнинг ҳам, Достон Ҳамдамовларнинг ҳам ўйини қовушяпти. Уларнинг устида яна ишлаймиз.

– Шу жойда яна битта савол берса бўладими? Бугунги миш-мишларга кўра, ФИФА томонидан Россиядаги легионерларга рухсат берилибди ва улар бизнинг Суперлигамизда ҳам ўйнаса бўлар экан. Бугун стадион трибунасида Рустам Ашурматовни кўрдик. Сергеев трансфери устида ишлаяпмиз деяпсиз-ку, балки кейинги турлардан бошлаб "Пахтакор" таркибига кимдир, ўша легионерлар қўшилар?

– Бу борада ҳам ишлаяпмиз.

– Фламарионнинг ҳолати ҳақида сўрамоқчи эдим. Мавсум бошида шамоллаб қолди деб иккита ўйинда майдонга тушмади. Кейин захирадан тушиб ўтган ўйинда ҳам ассист қилди, бугун ҳам ассист қилди. Умуман, формасига қайтдими? Асосий таркибга қайтди деса бўладими?

– Ҳа, ўтган мавсум охирида тиззасини операция қилдирган эди. Йиғинда ҳам ўйнамаганди. Чемпионат бошланганда захирада ҳам бўлмади, шамоллаб қолди. Ҳозир мана ўз формасига кириб олди.

– Бир-иккита сайтларда яқинда "Пахтакор"да молиявий муаммолар кузатилаётгани сабабли етакчилар кетиши мумкин деб ёзилди. Бу "Пахтакор"га қанчалик тааллуқли, шунақа гаплар борми энди?

– Ойлик маошлар кечикиши ҳаммада бўлади. Кетаман деганлар йўқ, ҳаммаси жойида.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia