

Тўпнинг ичига вазни 14 грамм бўлган митти датчик ўрнатилган бўлиб, у реал вақт режимида тўпнинг ҳаракати ҳақидаги маълумотларни тўплайди. Тизим маълумотларни сониясига 500 марта қайд этади ва унинг тезлиги, ҳаракат траекторияси, айланиши ҳамда футболчи томонидан тегилган аниқ сонияни кузатиб боради. Олинган маълумотлар майдон периметри бўйлаб ўрнатилган 12 та юқори тезликдаги камералар тасвири билан бирлаштирилади, шундан сўнг сунъий интеллект ҳакамларга ёрдам бериш учун содир бўлаётган жараённинг уч ўлчамли (3D) моделини яратади.
Ушбу технология офсайдларни аниқлаш сифатини ошириш учун яратилган, чунки датчик узатма берилган сониянинг аниқ улушини, камералар тизими эса футболчиларнинг жойлашувини қайд этади. Бу баҳсли вазиятлар сонини камайтириш ва ҳакамлар ишини тезлаштиришга, жумладан, тўпнинг қўлга тегиши ва голнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтиши мумкин бўлган ҳолатларни кўриб чиқишда ёрдам беришга қаратилган.
Эътиборли жиҳати, Trionda конструкцияси 2022 йилги жаҳон чемпионатида фойдаланилган Al Rihla тўпига нисбатан янада такомиллаштирилди. Эндиликда датчик тўп панелларидан бирининг ичидаги махсус бўлмага жойлаштирилган, мукаммал мувозанатни сақлаш учун эса муҳандислар акс-вазн (противовес) тизимини қўшишган. Ўйинлардан олдин тўпларни қувватлаш талаб этилади: ички аккумулятор тахминан олти соатлик узлуксиз ишлашга етади, учрашув давомида тўп алмаштирилганда эса тизим маълумотларни йўқотмасдан автоматик равишда янги тўпга уланади.



