

Ўйиндан кейин "Арал Самали" спорт директори Исламбек Сейтназаров фикрларини билдириб ўтди.
"Яхши ўйин гувоҳига айландик. "Андижон" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Навбатдаги баҳсларда омад тилайман. Биз кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз", – деди Исламбек Сейтназаров.

- Бугунги қайдномадан бош мураббий Тимур Турдиев ўрин олмади. Қолаверса, жамоа шифокори ҳам йўқ...
- Тимур Турдиев Про лицензиясига ўқимоқда. Ҳозир Қозоғистонда. Шифокоримиз Нукусда. Шифокор бор, фақат спорт шифокори йўқ. Ҳозирча ёрдамчи мураббий ҳам йўқ.
- "Арал Самали" 20 йилдирки, Суперлигада қатнашаётгани йўқ. Бу борада мақсад борми?
- Албатта, ниятимиз бор, аммо стадионимиз, қароргоҳимиз тайёр эмас.
- Футболчилар илк дақиқалардан мағлубиятга учраши аниқдек иштиёқсиз ҳаракат қилди. Бунга сабаб нима?
- Ғалабага бўлган иштиёқ бор. Жамоамиз аъзоларининг ярми ўзгарди. Таркибимизда ўтган йилги ўйинчилардан 5-6 нафари қолди. Йигитлар сўзсиз ютуқ учун ҳаракат қилишди, бироқ ҳаммаси кутилганидек бўлиб чиқмади.
- Клуб раҳбарияти жамоага эътибор қаратяптими?
- Ҳозирда Қорақалпоғистонда Биринчи лигада ва Про лигада жамоалар бор. Биз хусусий секторга қарашлимиз. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман.



