Интервью. Киран Триппьер Англия ва Испаниянинг фарқи, Симеоне ва жамоадаги роли ҳақида
22 апр 2020 14:30
Янгиликлар
Интервью. Киран Триппьер Англия ва Испаниянинг фарқи, Симеоне ва жамоадаги роли ҳақида
Киран Триппьер деярли бир йил олдин Лондоннинг шимолини Мадридга ўзгартирган эди, аммо ҳимоячи ўз қароридан ҳеч ҳам афсусда эмас. Англия терма жамоаси ҳимоячиси ўтган ёзда "Тоттенхэм"дан "Атлетико"га ўтди ва дунёнинг энг зўр мураббийи деб ҳисоблайдиган Диего Симеоне қўл остида тез суръатлар билан ривожланаётганлигига амин бўлмоқда.
29 ёшли ҳимоячи ўзининг берган интервьюсида янги мамлакатдаги ҳаёт, "Мистер" деб ҳурмат қиладигани аргентиналик мутахассис билан муносабатлари, шунингдек "Тоттенхэм" ва "Атлетико" ўртасидаги фарқлар ҳақида гапирди.
Ўтган ёзда Триппьер кутилмаганда "Атлетико"га 20 миллион фунт эвазига ўтиб, 3 йиллик шартномага имзо чекди. Футболчи фаолиятидаги катта ўзгаришлардан сўнг ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.
- Бу жуда ҳам ҳайратланарли иш бўлди. Хотиним ва икки фарзандим мен учун қадрлидир, шу сабабдан мен учун аввало уларга қулай бўлган жойни топишим муҳим эди. Биз Мадриддан айнан шундай жойни топдик ва ҳаётимиз анча осонлашди.
Испан тилини ўрганиш жараёни давом этмоқда, аммо мен гапира олишимдан кўра кўпроқ нарсани тушунаман. Менга имкон қадар яхши мослашишим учун ёрдам бераётган инсонлар бор. "Атлетико" жамоаси шунчаки фантастик. Албатта, янги тилни ўрганиш - узоқ муддатли жараён, аммо мен бу борада муваффақият қозонишга ҳаракат қиляпман.
"Атлетико"даги илк кунимдан бошлаб бу ердаги барча иноқ эканлигига амин бўлдим - жамоадошлар, мураббийлар штаби ва клубнинг бошқа ходимлари. Мен дарҳол бу ер менга ёқаётганлигини тушундим. Ёқимли муҳит - мен учун энг муҳими.
Испаниядаги ҳаёт Буюк Британияникидан тубдан фарқ қилади. Бу ерда бўлганингизда, ҳамма қанчалик бир-бирига яқинлигини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Ҳаттоки клуб базасига борганингизда ишчилар ва қўриқлаш хизмати ходимлари сизни қучоқлашади. Англияда эса бу нарсанинг қандай бўлишини ўйламаганман ҳам.
Тез-тез майдонга тушмайдиган футболчилар орасида ҳам кўнгли қолган инсонни кўрмайсиз. Англияда эса мураббийлар футболчиларни таркибга киритмаса, улар қаттиқ ғазабланишлари мумкин. Ҳамма уларни танланишини хоҳлайди, аммо бу ерда ундай нарса йўқ. Ҳамма кулади ва ҳазиллашади, кайфиятсиз одамни эса умуман кўрмайсиз.
"Атлетико" бирданига Диего Симеоне билан Ла Лига соврини, Испания Кубоги, УЕФА Суперкубоги ва Европа Лигасидаги икки ғалаба билан жуда ҳам муваффақиятли бўлиб кетди. Триппьер аргентиналик мутахассисни Мадридга кўчиб ўтишдаги асосий сабабчилардан бири эканлигини тан олди.
Эҳтимол, баъзида тил муаммоаси сабаб бир-биримизни тушунишимиз қийин бўлар. Симеоне инглиз тилида кичик ибораларни талаффуз қилишга ҳаракат қилади, аммо бу майдонда муаммо эмас. Мен у ўйинчиларидан нимани талаб қилаётганини биламан. Мен унга нима кераклигини ва жамоадан нима кутаётганлигини биламан.
Менимча, унинг қанчалик яхши мураббийлигини ҳамма билади. Унинг футболга бўлган назари ўйин пайтида ҳам яққол сезилади. Симеоне ақлбовар қилмас мураббий ва мен ундан ўрганиш имкониятига эгаман. Симеоне доим ёш ўйинчиларни қучоқлаётганини кўриш мумкин. Унинг ишга бўлган муносабатини кўриб кайфиятингиз кўтарилмай қолмайди. Мен уни "Мистер" деб атайман, бу испанчасига "босс" деган маънони англатади.
Симеоне дунёнинг энг яхши мураббийими? Шахсан мен учун, ҳа. У билан ишлашга муваффақ бўлганингизда, унинг қанчалик яхши эканлигини тушунасиз. Ҳа, кўплаб яхши мутахассислар бор: Клопп, Гвардиола... Шон Дайч! Симеоне сифат ва профессионаллик даражаси жиҳатидан ажойиб.
Шон Дайч - ажойиб менежер. "Бёрнли"га келган пайтим, у фаолиятимда ўсишимга катта таъсир кўрсатган. Мен ёш ва аҳмоқ эдим ва яхшироқ бўлишим керак эди, аммо Дайч олдимга келиб, деди: "Етар". Мен яхши кўрадиган ажойиб мураббий. Ким билади дейсиз, мен яна унинг жамоасида ўйнаш имкониятига эга бўларман.
Триппьер унинг "Тоттенхэм" ва "Атлетико"даги роллари фарқини айтди.
- Англия Премьер-лигасида тез-тез олдинга интилишга ҳаракат қилганман. "Атлетико"да эса қачон ҳужумга қўшилиш ва қачон ҳимояда қолиш энг яхши вариант эканлиги бўйича тушунчага эга бўляпман. Шубҳасиз, мен ўзимга керакли бўлган ҳимоямни кучайтира оламан. Ҳимоявий ўйинда ривожланиш учун "Атлетико"дан бошқа яхши жой йўқ деб ҳисоблайман.
Ҳаммаси машғулот майдонидан бошланади. Диего Симеоне сиз билан якка тартибда ишлайди ва мен учун мураббийнинг шогирдлари билан алоқаси энг муҳимидир. Ўйлайманки, бу борада у жуда кучлидир.
Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар