Иброҳим Ибрагимов: "Хитойни 3:1 эмас, 5:1, 6:1 ҳисобида ҳам ютишимиз мумкин эди"

Aslanov Jasurbek
17 июн 2023
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси айни пайтда Хитойда ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда.

Тимур Кападзе шогирдлари кеча Хитой U-23 терма жамоасига қарши майдонга чиқди (3:1). Мазкур учрашувдан сўнг терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Иброҳим Ибрагимовнинг фикрлари билан қизиқдик.


- Хитой билан ўйин ҳақида...

- Ўйин яхши ўтди. Биринчи бўлимда рақиб чуқур ҳимояланди. Биз эса икки хил таркибда майдонга тушдик. Мураббийимиз барчага имконият бердилар. Иккинчи бўлимда ўйин очилди. Голли вазиятлар кўпайди. Хитойни 3:1 эмас, 5:1, 6:1 ҳисобида ҳам ютишимиз мумкин эди. 

- Қирғиз Республикаси билан ўйинга қараганда фарқ нимада бўлди?

- Хитой қизиқарлироқ жамоа экан. Фақат реализацияда оқсаяпмиз. Ҳамма рақибни ҳурмат қиламиз. Йигитлар бор куч билан ҳаракат қилади. 

- Ўзбекистонга қарши кўп жамоалар ҳимоявий ўйин кўрсатмоқда. Мураббийлар бу борада қандай кўрсатмалар беряпти?

- Тўғри айтдингиз. Ҳимоявий ўйин таклиф қилмоқда. Машғулотларда ишлаяпмиз. Чуқур ҳимояланган рақибга қарши доим қийин. Очиқ ўйинга қараганда бу анча мураккаброқ. 

- U-20 терма жамоасидан келган янги футболчилар қай даражада киришиб кетишди?

- Яхши, ўзларини кўрсатишмоқда. Маҳмуд, Умарали, Саидафзалхон тез киришиб кетишди. Ака-укадек бўлиб кетганмиз. Маҳмуд, Умарали гол уришди. Иккинчи ўйинга тайёргарликни бошлаганмиз. Биринчи ўйинга қараганда қийинроқ бўлиши табиий. Чунки бизни кўрди, ўрганди. Ғалаба учун майдонга чиқамиз.


Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia