UZ

Сўнгги янгиликлар

17:43Суперлига. "Қизилқум" - "Навбаҳор": Асосий таркиблар маълум  0 17:09ПРО-Лига. 5 та гол урилган ўйинда "Бухоро" "Арал"дан устун келди  2 16:52Суперлига. "Нефтчи" - "Насаф" 1:0 (матнли трансляция)  16 16:49ПСЖ янги машғулот марказини очди  0 15:32Жорж Микаутадзе фаолиятини "Ювентус"да давом эттириши мумкин  1 15:01"Манчестер Сити" Холандга янги шартнома таклиф қилмоқчи  2 14:40Тимур Кападзе: "Ўйин томонлама "Насаф"ни эътироф этаман, мавсум ўртача ўтмоқда"  14 14:27ПРО-Лига. "Бухоро" - "Арал": Асосий таркиблар маълум!  0 14:15Эшитдик-да! Усмон Тошев ЎФАни тарк этди  13 14:05Хакими ПСЖ билан шартномасини узайтирди  0 13:47Арихиро Сентоку: "ОКМК билан мавсум якунида тарих яратамиз"   4 13:20ОКМК Тошкентда "Пахтакор"ни мағлуб этган учрашувдан галерея  1 13:03Сардор Рашидов учун мавсум тугади   9 12:45ЎзФҲМ нимани яширмоқда? Асимов, Норсафаров ва бошқа ҳакамлар қаерда?  4 12:08"Милан" Меньян ва Эрнандес билан шартномаларни узайтириш устида ишламоқда  0

Ҳамиджон Актамов: "Нега энди "Локомотив"дан қўрқишимиз керак? "Локомотив" биздан қўрқсин!" ВИДЕО Янгиликлар

Ҳамиджон Актамов: "Нега энди "Локомотив"дан қўрқишимиз керак? "Локомотив" биздан қўрқсин!" ВИДЕО

Суперлиганинг барча иштирокчилари қатори “Қизилқум” футбол клуби ҳам янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрди.

Навоийликлар мавсумга тайёргарликнинг охирги босқичини Тошкентда олиб боришди. Жамоа 23 февралга қадар пойтахтда бўлиб, бу орада 11та ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Айтиш мумкинки, энг кўп назорат беллашувларини ташкил этган клуб ҳам “Қизилқум” бўлди, чунки улар деярли кунора ўйнашди.

“Қизилқум” Навоийга жўнаб кетишидан бир кун олдин ўзи истиқомат қилган меҳмонхонада янги футболчиларни таништирди. Таништирув маросими якунига етгач, биз клуб бош мураббийи Ҳамиджон Актамовдан алоҳида интервью олдик.

- Ҳамиджон Ғуломович, миллий чемпионат бошланишига жуда кам вақт қолди. “Қизилқум” Суперлиганинг 1-турини ўз майдонида “Локомотив”га қарши ўтказади. Бу ўйинга ва умуман янги мавсумга жамоа қанчалик тайёр?
- Биринчи ўйиндан ҳам, мавсумдан ҳам ижобий натижа кутаётганимиз бор гап. Чунки шунга яшара тайёргарлик кўрдик. Уч ойдан бери тўхтаганимиз йўқ ва ишлашда давом этяпмиз. Насиб қилса, 1 март куни Навоийда катта байрам бўлади. Мухлисларимиз катта футболни соғиниб қолган, биз уларга байрам ҳавосини туҳфа этишга ҳаракат қиламиз. Тўғри, дастлабки турни амалдаги чемпион “Локомотив”га қарши ўтказамиз, лекин бизда ҳозирча бу рақибдан қўрқув ҳам, хавотир ҳам йўқ.

- “Қизилқум” мавсум олдидан ўз сафига 9 нафар футболчини таклиф этди. Нима деб ўйлайсиз, тўққизта футболчини қўшиб олиш кўп эмасми? Бунга зарурат бормиди?
- Ҳозирча вазият шунақа. Нега деганда кўплаб жойларда энди-энди академиялар ташкил қилиняпти. Токи ўз тарбияланувчилари етишиб чиқмас экан, клублар четдан ўйинчи қидиришга мажбур. Қачонки бизда ҳам академия ишлаб футболчи етиштириб берса шундан сўнг четдан футболчи излашни тўхтатамиз ва асосий эътиборни ўз тарбияланувчиларимизга қаратамиз. Ҳисоблаб кўрсак, Ўзбекистонда профессионал мақомдаги 200 нафар футболчи бор. Шунда ҳам кўпчилик ўйинчилар жароҳатда юради. Баъзи футболчилар бир йиллик эмас, олти ойлик шартномаларни афзал кўришяпти. Чунки олти ойдан кейин яхшироқ таклиф тушса, кетаманга тушиб қоладилар. Тўғри, бу ўринда футболчиларни ҳам тушунамиз. Уларнинг касби шу - яхшироқ жамоада ўйнаб, кўпроқ пул топсам дейди. “Насаф”, “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Бунёдкор” каби клублар ҳам янги ўйинчиларни олади, лекин бизга ўхшаб кўп олмаслиги мумкин. Биз тўққиз нафар футболчини ўз сафимизга қўшиб олдик ва бунинг ўзига яраша сабаблари бор.


- Олиб борилган трансфер сиёсатидан кўнглингиз тўлдими? Қайсидир футболчини кўзлаб, лекин қўлга кирита олмаган ҳолат кузатилдими?
- Жамоага янги футболчиларни қўшиб олишдан олдин заиф нуқталаримизни ўрганиб чиқдик ва қайси чизиқда муаммо бўлса шунга қараб футболчи топишга ҳаракат қилдик. Бу борада ўз имкониятимиздан келиб чиқиб иш тутдик дея оламан.

- Ҳар йили футболчиларнинг шартномаси янгиланиб, ойлик маошлари ҳам ошиб бораверади. Шунга яраша уларнинг ўйини ҳам ўсяптими?
- Ўз устида ишлаётган ва ўйини ўсиб бораётган футболчилар бор. Аммо ўз устида ишламай тўхтатиб қўйганлари ҳам бор. Бу масалага икки хил ёндашиш мумкин. Бошқа клубларни билмадим-у, лекин ўз жамоам ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, йилдан йилга “Қизилқум”да ўсиш бор деб ўйлайман. Тўғри, баъзи ёш футболчиларда бир текислик етишмаяпти, аммо вақт ўтиб улар ҳам яхши ўйнаб кетса керак.

- Бу йилдан олий лига ўзгариб Суперлига лига деб юритила бошланди. Шунга монанд “Қизилқум” ҳам супер клуб бўлишга ҳаракат киляптими, яъни профессионаллик сари катта қадам ташлайдими?
- Аввалги йиллардаги “Қизилқум” билан ҳозирги жамоа ўртасидаги фарқ секин-аста кўзга ташлана бошлади. Бу биринчи навбатда футбол мактабимиз яхши ишлаётгани билан боғлиқ. Навоийда ҳозир тўртта ёш тоифасидаги кучли гуруҳ бор ва улар “Қизилқум”да ўйнаш мақсадида астойдил шуғулланмоқда. Футбол мактабимиз мураббийларида ҳам футболга нисбатан қараш ўзгарган дея оламан. Эндиликда ҳеч ким қўл учида ишлаётгани йўқ. Уларда ишга қизиқиш ортган. Олдин мураббийлар келиб бир-икки соат ишлагандан кейин шу билан кетиб қолишарди. Лекин ҳозир бундай эмас, баъзан эрталабдан кечгача мактабда бўлиб болалар ҳолидан хабар олаётганлар бор. Ҳозирги мураббийларнинг футболдан умиди катта. Албатта, биз ҳам профессионаллик сари қадам ташлаяпмиз. Мана, яқинда футзал клуби ташкил қилдик, аёллар жамоаси-ку олдиндан бор эди.


- Нима деб ўйлайсиз, футзал ва аёллар жамоаларини Суперлига клублари қошида ташкил қилиб ўйнатган маъқулми ёки уларни алоҳида шакллантирган фойдалироқми?
- ПФЛ Суперлига клублари қошида аёллар ва футзал жамоалари ҳам бўлиши керак дея тўғри қарорга келди деб ўйлайман. Мисол учун “Қизилқум” деган номни реклама қилишимиз учун бу борада бизга фақат футбол клуби эмас, балки аёллар билан футзал ҳам кўмак беради. Чунки қарамоғимиздаги бошқа жамоалар ҳам “Қизилқум” номи остида майдонга тушишади. Бу ҳам рекламанинг бир тури. Қолаверса, шундай бўлганидан кейин мухлислар зерикиб қолмайди. Биз Навоийда ҳар ҳафта футбол ёки футзал баҳслари бўлишини хоҳлаймиз. Масалан, бир гал “Қизилқум” уйда ўйнаса, кейинги ҳафта сафарга кетганида аёллар ёки футзалчилар ўйин ўтказсин деймиз. Шунда мухлислар ўзлари қизиқиб келаверади. ПФЛ ҳаммаси мухлислар учун бўлсин деяпти ва бу борада уларнинг қарорини қўллаб-қувватлашимиз керак. Ўз вақтида Артур Геворкян футзалдан чиққанини эшитганман, ажаб эмас “Қизилқум” футзал клубидан ҳам келажакда биронта яхши футболчи етишиб чиқса.

- “Қизилқум” легионерлар лимити 4+1дан тўлиқ фойдаланди. Айнан легионерларни жалб этишда уларнинг қайси хусусиятларига кўпроқ эътибор бердингиз?
- Дарвозабон Евгений Черемисиндан бошлайдиган бўлсам, тўғриси, мен ўтган йил ўзимизнинг дарвозабонлардан қониқмадим. Черемисинни олдиндан таниганим учун уни ўтган йилнинг ноябрь ойидаёқ клубга таклиф қилгандим ва ўшандан бери биз билан бирга. Биласиз, ўтган йил бизда легионер дарвозабонларга нисбатан чеклов бор эди, лекин бу йилдан чеклов бекор қилинди. Ўтган йили Черемисин келганида мен чеклов олиб ташланишини билмасдим, аммо шунга умид қилгандим. Кўп ўтмай янги регламент тасдиқланди ва у ерда легионер дарвозабонлар ҳақида ҳеч гап йўқ. Демак, ўшанда Черемисинни қўшиб олиб тўғри қилган эканмиз. Квесиешвили билан Йовановични мухлислар яхши билади. Иккала футболчи ҳам олдин жамоамизда ўйнаган. Вақт тақозоси билан яна клубга қайтишди. Улар биз учун бегона эмас ва мен ҳар иккала футболчи имкониятларини яхши биламан. Масалан, Йованович бизнинг ўйин услубимизга мос тушади. Гужа Григалашвили ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳам ҳужум чизиғида ўйнайди. Унинг дискларини кўрганимда менга ёқди, ҳаракати чакки эмас экан. Аслини олганда мен легионер танлаётганда жуда нозиктаъбман. Ўзбекистонимизда Худога шукур ҳамма нарса бор, мева-чевадан тортиб озиқ-овқатгача. Лекин шундай футболчилар борки, улар овқатга инжиқлик қилади: уни емайман, бу ёқмаяпти деган маънода. Тўғриси, менга овқат танлайдиган спортчилар ёқмайди. Шу боис легионер минг кучли бўлмасин, хиралик қилса уни жамоага олмайман. Геворкянни деярли маҳаллий футболчи деса ҳам бўлаверади.

- Бу йил Суперлига янгича форматда ўтказилади. Иккита даврали ўйинлар якунига етганидан сўнг жамоалар олтитадан икки гуруҳга бўлинади. “Қизилқум”нинг юқори олтиликка кириш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Энди бу - футбол. Олдиндан баҳолаб бўлмайди. Фақат шуни айта оламанки, бизнинг жамоа ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг курашишга тайёр. Бу ўринда кўп нарса омадга ҳам боғлиқ.

- Ҳозир бир мавзу устида қизғин мунозара кетмоқда. Яъни ўртамиёна клублар учун юқори олтиталикдан кўра қуйи олтиталикда ўйнаш қулай бўладигандек. Чунки қуйида жамоаларда ютиш имконияти кўпроқ бўлади ва мукофот пуллари ишланади. “Қизилқум” мисолида оладиган бўлсак, бу фикрга нима дейсиз?
- Агар гап пул мукофоти устида борса, футболчиларнинг ўз кўтарма пули ва ойлик маошлари бор. Бизнинг мақсад биринчи олтиталикка кириш. Биз пастда юришни хоҳламаймиз. Чунки қуйи олтиликда қолиб кетсангиз, фақат жон сақлаш учун ўйнайсиз. Ахир учта жамоа биринчи лигага тушиб кетиши мумкин. Мен ҳар доим ўз олдимга жиддий мақсад қўйиб келганман. 2016 йил 6-ўринни, ўтган йил эса 11-ўринни қўлга киритдик. Лекин бу йил яна кўтарилмасак бўлмайди.


- Ўтган йил мавсум якунига етмасдан ПФЛ томонидан чиқарилган қарор, яъни кейинги йил олий лигада 12та жамоа қолиши ҳақидаги янгилик сизга қанчалик таъсир кўрсатди? Чунки шундан кейин “Қизилқум” ва “Динамо” ўртасида олий лигада қолиш бўйича кураш бошланди. Қолаверса, “Қизилқум” масаласи бирмунча чатоқ, клуб ҳали лицензиялаш ҳужжатларини топширмаган деб эшитдик.
- Бизда ОФК лицензияси бўйича асло муаммо бўлмаган. Чунки ОФК сўраган ҳужжатларни вақтида топширганмиз, фақат уларнинг ўзи вақтида қабул қилиб олмаган. Чунки ўша пайтдаги ишчимиз ҳеч кимга айтмасдан чет элга ўқишга кетиб қолганди. Лекин менда умуман қўрқув бўлмаган. Ўтган йил кўпчилик ўзимга ҳам айтди: “Қизилқум” олий лигада қатнашмаскан дея. Бу мени ҳайрон қолдирди, чунки бизда ҳаммаси жойидалигини билардим.

- Охирги икки йил ичида мураббий сифатида қанчалик ўсишга эришдим деб ҳисоблайсиз?
- Бу борада ўзимга ўзим баҳо бера олмайман. Лекин нимадир ўзгаришларни сезаётганим бор гап. Насиб қилса, яна икки ойдан кейин олий лига жамоасини бошқараётганимга беш йил тўлади. Албатта, менда ҳам ўзимга яраша камчиликлар бор. Яхшиси, бу ҳақда бошқа мутахассислар гапиргани маъқул.

- Четдан қараганда “Қизилқум” худди сизнинг хусусий жамоангиздек кўринади.
- Йўқ, нега энди? Мендан ҳам натижа сўрайдиганлар бор. Вилоят ҳокими, завод раҳбарлари доим клубдаги ҳолат билан қизиқиб туришади. Балки жамоага бутун меҳримни берганим учун атрофдагиларга шундай туюлса керак. Мен “Қизилқум”ни жуда бошқача яхши кўраман ва жамоа учун боримни беришга тайёрман. Ҳар доим ўз олдимга қўйилган вазифани бажаришга ва раҳбарлар ишончини қозонишга ҳаракат қилиб келганман.

- Мураббийлик фалсафангиз нималардан иборат?
- Фалсафам оддий: ҳар куни ишлаш ва яна ишлаш. Ҳеч ким осмондан тушиб бирданига мураббий бўлиб қолмайди. Бунақа одамни кўрмаганман. Лекин мен кўпчилик ўзим ҳурмат қиладиган бошқа мутахассислардан иш ўрганишим рост. Масалан, шундай мураббийлардан бири Миржалол Қосимов. У кишини жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Ёшлигимдан Қосимовга меҳр қўйганман. Шунингдек, Ислом Аҳмедов билан ҳам кўп гаплашиб турамиз.

- Суперлиганинг дастлабки турида “Қизилқум” “Локомотив”ни нимаси билан қўрқита олади?
- “Локомотив”ни биз қўрқитмаймиз, уларнинг ўзи қўрқиб Навоийга келади. Нега энди “Локомотив”дан қўрқишимиз керак? Биз ҳар доим бу жамоага ноқулай рақиб бўлиб келганмиз. Тўғри, “Локо” айни пайтда кучли ва таркиби ҳам шаклланган, лекин биз қўрқмаймиз. Агар ғалаба қозонсак, буни сенсация деб қабул қилмайман, чунки бу жамоани олдин ҳам ютганман.

Х.Холиқов ва Ш.Беғамов суҳбатлашишди.



TAS-IX

 


TAS-IX эмас


Рейтинг: +21   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика