Ўйин тақдирини ҳал қилган "маэстро", марказий учрашувда ғалабани тантана қилган мураббий — Суперлигада 3-тур лауреатлари
13 мар 13:52
Янгиликлар
Ўйин тақдирини ҳал қилган "маэстро", марказий учрашувда ғалабани тантана қилган мураббий — Суперлигада 3-тур лауреатлари
Championat.asia сайти талқинига кўра, 3-турнинг энг яхши дарвозабони – Рустам Нортожиев ("Қўқон-1912")
Жароҳати боис жамоасига ёрдам беролмаган дарвозабон Азизхон Исақов ўрнига дарвозани қўриқлаган Рустам Нортожиев "Локомотив" билан ўйинни (1:1) муносиб ўтказди. 29 ёшли посбон баҳс мобайнида 3 та сэйв амалга оширди, шулардан бирида жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. Championat.asia ходимлари турнинг энг яхши дарвозабони масаласида қийинчиликка дуч келмади ва Нортожиев жиддий рақобатсиз, аммо муносиб равишда 3-турнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътроф этилди.

Championat.asia сайти талқинида 3-турнинг энг яхши мураббийи – Тимур Кападзе ("Навбаҳор")
"Навбаҳор" якунига етган турда "Пахтакор" меҳмони бўлиб, 2:0 ҳисобида ғалабага эришди. Наманганликлар "Пахтакор" стадионида ортиқча босим ҳис этмади ва майдонда ўйинни назорат қилди. Бош мураббий Тимур Кападзенинг ишланмалари тўла самара келтирди ва "шерлар" етакчилари режага асосан "қурорсизлантирилди". "Навбаҳор" ёрқин ўйин кўрсатган ҳолда иккинчи бўлимдаги голлар эвазига ишончли ғалабани тантана қилди. Шундай қилиб, марказий тўқнашувда ғолиб чиққан Тимур Кападзе Championat.asia сайти талқинида тур мураббийи деб топилди.

Championat.asia сайти талқинига кўра, 3-турнинг энг яхши футболчиси – Жамшид Искандеров ("Нефтчи")
Ислом Исмоилов қўл остидаги "Нефтчи" ушбу турда Самвел Бабаян бошчилигидаги "Андижон"ни тор-мор келтириб (3:0), кетма-кет учинчи ғалабасини тантана қилди ва жадвалда якка пешқадам бўлиб турибди. Учрашув тақдирини "1+2", яъни битта тўп киритиб, иккита ассист амалга оширган "маэстро" Жамшид Искандеров ҳал этди. Фарғоналиклар тажрибали хавбекнинг 42-дақиқадаги паси орқали ҳисобни очган бўлса, иккинчи таймдаги голи ва узатмаси орқали 3 очкони расмийлаштириб қўйди. Championat.asia сайти сўзсиз ва ҳеч бир иккиланишларсиз айнан Искандеровни 3-турнинг энг яхши футболчиси дея эътироф қилди.

Championat.asia сайти талқинида 3-турнинг энг чиройли голи муаллифи – Алишер Одилов ("Нефтчи")
Юқорида ёзилганидек, "Нефтчи" бу турда ўз майдонида "Андижон"ни меҳмон қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Мезбонларнинг 42-дақиқадаги комбинацион ҳаракатлари ва геометрик паслари аниқ-тиниқ амалга оширилди. Якунда вингер Алишер Одилов вазиятга нуқта қўйди — ҳужум қанотда Убайдуллаев, Исмоилов орқали бошланиб, Йовович ва Искандеровнинг ақлли паси орқали ривожланди ва якунда Одиловнинг голи билан тугади. Шу тариқа, 24 ёшли ўйинчи турнинг энг чиройли голи муаллифи деб топилди.

Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" Вальверденинг хет-триги эвазига "Манчестер Сити"ни мағлуб этди
Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди
Суперлига. "Нефтчи" "Андижон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди, Искандеров ўйинни ҳал қилди
ЕЧЛ. "Барселона" меҳмонда "Ньюкасл" билан дуранг ўйнади
Фикрлар
33ga kirdi, termada yetakchi bo'lish tugul, asosiy o'yinchiyam bo'lolmagan qanaqa maestro.