Ғиштдан дарвоза қуриб ўйнаган, "Атлетико" майдонида энг яхши футболчи деб топилган ҳамда Роналдудан жарима зарбаси тепишни ўрганган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз
24 июл 02:00
Янгиликлар


Ғиштдан дарвоза қуриб ўйнаган, "Атлетико" майдонида энг яхши футболчи деб топилган ҳамда Роналдудан жарима зарбаси тепишни ўрганган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз
Заид Таҳсин 2001 йилнинг 29 январида Ироқда таваллуд топган. Футболчилик фаолиятини маҳаллий "Ал-Нажаф" жамоасида бошлади.
Болалигимда оиламизда ака-укаларим ўқишга, ибодат қилишга эътибор қаратишарди, мен эса ажралиб турардим. Ота-онам ўқишим учун пул тўларди. Асосий эътиборим тўп тепишда бўларди. Дадам мактабдагилардан юриш-туришим, дарслардаги иштироким, баҳоларим қандайлигини сўраб-суриштирарди, у яхши ўқишимни хоҳларди.
Кичкиналигимда кўчамиздаги болалардан жамоа тузардим. Уйларига бориб эшикларини тақиллатардим, дарвоза вазифасини ўташ учун учун ғишт ёки шунга ўхшаш буюмлар олиб келардим ва бошқа жамоалар билан ўйнардик.
Бу лаҳзалар қанчалик унутилмас хотира бўлиб қолганини тасвирлай олмайман. Биринчи муҳаббатни қандай унутиш мумкин? Уни унутолмайсиз ва бу ҳақда ҳеч қачон нотўғри фикрлай олмайсиз. Футболни жудаям яхши кўрардим. Тасаввур қилинг, ҳатто футбол ўйнаш учун мактабни ташладим, ҳолбуки яхши ўқирдим. Ўрта мактабнинг тўртинчи синфида ўқиётган пайтим мактабдан кетдим – ҳа, тўртинчи синфда.
Яшил майдондаги илк қадамларимни Нажафдаги Муҳаммад Сағир раҳбарлигидаги академияда ташлаганман. Ҳали-ҳамон ёдимда, тонгги 5 да шуғулланардик. Ёш чегарасига етишим биланоқ маҳаллий жамоаларда ўйнай бошладим.
Бир куни мураббий ўйинимизни кузатди ва менга: "Эртага соат 6 да машғулотга кел", деди. Мен тушдан кейин соат 5 да ташриф буюрдим, лекин майдон бўм-бўш эди, у ерда фақат битта бола – маҳалладош дўстим бор эди. "Соат 5 да келдим, ҳеч ким йўқ-ку" дедим. У: "Машғулот эрталабки 5 да бошланади", деди. Мен ҳайрон бўлиб: "Эрталабки 5 да? Ҳеч ким ақлдан озмаганми?" дедим. Шу тариқа, мураббийлар кўрикка чақиришганда, рози бўлдим.
Биз тонгги 5 да машғулот ўтказардик, аммо ўзимни яхши ҳис қилардим. Оилангиздагиларга мен уддалай олмадим деб айта оласизми? Бу фақат бошланиши эди. Хўш, нима ҳам қила олардим? Машғулотга улгуриш учун анча эрта, кечки пайт тахминан 7 да ухлашга ётардим.
Кейин ёшлар терма жамоасига қўшилдим. Шундан сўнг машғулотларга қатнашишни давом эттирдим ва тахминан беш ой давомида тайёргарлик кўрдим. Осиё чемпионати финал босқичига ҳозирлик кўраётган эдик. Жамоа сафарга чиқишидан тахминан бир ой олдин мураббий менга: "Йигитча, сен ҳали ёшсан, лекин келажакда ажойиб футболчи бўласан", деди. У менинг истеъдодимни бошиданоқ пайқаганини айтди. Тўғрисини айтсам, мени терма жамоадан четда қолдириб, уйга қайтариб юборишган пайт анча хафа бўлдим. Ўша пайтда, билишимча, жамоадаги энг ёш футболчи мен эдим. Мен ҳар тарафлама – бўй ёки гавда жиҳатидан энг кичкинаси эдим.
Очиғи, отам улар истаган мактабда ўқимаганимдан хафа бўлган эди, лекин кейинчалик энг катта мухлисимга айланди. Биласизми, у мени қўллаб-қувватлаб, машғулотларга олиб борар, ўзи билан бирга олиб юрар, машғулотлар тугагач овқатланишга олиб чиқарди. У жуда кўп майда-чуйдаларга эътибор берарди. Ҳатто "Ал Нажаф" болалар жамоасининг биринчи дивизионида ўйнаган пайтларимда ҳам ҳимоячи бўла туриб, ёшлар жамоасининг энг яхши тўпурари эдим.
Заид 2020/21 йилги мавсум арафасида Бағдоднинг "Аманат" клуби билан шартнома тузди. Бироқ "Ал-Нажаф" бу трансфернинг қонунийлигига шубҳа билдирди. Натижада, трансфер бекор қилинди ва у "Ал-Нажаф"га қайтиб келди.
Бағдодда деярли олти ой бўлдим. Ёш эдим, кўчага чиқолмасдик. Меҳмонхонада турардик, бизни машғулотга олиб боришар, кейин овқатланиш учун қайтариб олиб келишарди. Ташқарига чиқишга рухсат беришмаган бўлса-да, қандай қилиб у ерда қолганимизни билмайман.
Ўшанда 18 ёшларда эдим. COVID-19 туфайли ўйинлар тўхтаб қолди. Ўша мавсум атиги тўрт кун шуғулланганимдан сўнг карантин эълон қилинди. Деярли олти-етти ой уйда ўтирдик. Кейин иккинчи мавсум бошланганида "Нафт Ал Васат" раҳбариятига кетмоқчилигимни, ортиқ қолишни истамаслигимни айтдим, аммо улар мени қўйиб юборишмади.
Ҳали мўрғак эдим, бирга тўп тепадиган футболчилар юқори даражада эди. Хўш, нима ҳам қила олардим? Ҳар куни мураббийнинг олдига бориб, ўйин амалиёти сўрардим. У эса ҳар сафар ўз устимда ишлашим кераклигини уқтирарди. Машғулотлар қийин бўлса ҳам, барча билан баравар тиришқоқлик билан шуғулланардим. Ниҳоят, менга оз бўлса-да, майдонга тушиш имконияти пайдо бўла бошлади. Биринчи марта "Эрбил"га қарши ўйнагандим. Биз ғалаба қозонаётган эдик ва ўйинга ўн дақиқа вақт қолганда майдонга тушдим ҳамда таянч ярим ҳимоячиси вазифасида ҳаракат қилдим.
Шундан сўнг "Ал-Ҳудод"га қарши ўйинда захирадан тушдим. Таблода тенглик акс этиб турганди, амо биринчи бўлимда устунликка эга эдик. Агар бу ўйин дуранг билан якунланса, турнир жадвалида биринчи ўринни бой берардик. Улар мени 92 ёки 93-дақиқада майдонга туширишди. Мен эса ҳужумда ҳаракат қилдим. Бу позицияда биринчи марта ўйнашим эди. Илгари кўп ўйнамагандим, шунинг учун ўйинга қўшилганимда ҳайратда қолдим. Ўшанда биз ғалаба қозондик. Шунчалик ҳаяжонга тушдимки, ўзимни йўқотиб қўйдим. Тўғрисини айтсам, нима бўлса ҳам майдонда тўп тепгим келади. Сизда мақсад бўлиши керак, ҳатто ҳозир майдонга тушмоқчи бўлган ёш футболчи бўлсангиз ҳам.
Таҳсин 2021/2022 йилги мавсум бошланишидан олдин Бағдоднинг "Ал-Талаба" жамоасига қўшилди. У тезда ўзининг ҳимоядаги маҳорати ва гол уриш қобилияти билан эътиборни тортди, бу эса унинг миллий терма жамоага чақирилишига сабаб бўлди.
Заид ўзининг илк голини "Ал-Каҳрабо"га қарши ўйинда урди. Ўша мавсумда у лигада яна иккита тўп киритди ва "Ал-Талаба" билан чемпионатда 3-ўринни эгаллади. Кейинги мавсумда ҳимоячи лигада 4 та гол урди, "Ал-Талаба" эса 4-ўрин билан кифояланди. Таҳсин апрелда ойнинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди. У араб футбол сайти Кооора томонидан мавсумнинг рамзий терма жамоасига киритилди.Ўзимга "Сабр қил, сабр қил, ҳали ёшсан", дердим. Ўшанда атиги 17-18 ёшли навқирон эдим. Ўзимни икки давр орасида қолиб кетгандек ҳис қилардим. Бироз улғайгач, бу ерни тарк этиш ҳақида ўйлардим. Шундай қилдим ҳам. "Ал-Талаба"га бордим – ҳақиқий трамплин шу ердан бошланди. "Ал-Талаба"да шакллана бошладим. Мураббий Ҳасан Аҳмад мени жамоага олиб келди. Унга ҳурматим баланд.
Таҳсин 2023/24 йилги мавсум олдидан "Ал-Талаба" билан шартномасини узайтирди. У жамоанинг доимий аъзоси бўлиб, сардорлик вазифасини бажарди, аммо айрим ўйинлардаги иштироки учун танқидга учради. Жамоанинг собиқ мураббийи Ҳасан Аҳмад "Нафт Майсан"га қарши баҳсда 0:4 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг уни "лоқайд ва манман" дея таърифлади:
"Заид Таҳсин "Ан-Нажаф"дан "Ал-Талаба"га атиги икки миллион маош эвазига ўтган эди. Ҳозир эса унинг маоши бир мавсумда 300 миллион Ироқ динорига етиб қолди. Афсуски, бу пуллар футболчини кеккайтириб қўйди.
Унинг ўйин даражаси сезиларли пасайиб кетди ва у "Нафт Майсан"га 0:4 ҳисобида мағлуб бўлишимизнинг сабабчиларидан бири бўлди. Мен Заид Таҳсинни кашф этганимдан ва унга фаолиятининг бошидаёқ Ироқ терма жамоасида ўйнашини айтганимдан фахрланаман, айнан шундай бўлди ҳам. Умид қиламанки, у ўзининг аввалги даражасига қайтиш учун режаларини қайта кўриб чиқади, чунки у яхши футболчи ва яқин келажакда ундан кўп нарса кутилмоқда".
Таҳсин жамоанинг пенальти тепувчиларидан бирига айланди, мавсум давомида урган жами 6 та голидан 4 таси пенальтидан амалга оширилди. Бироқ "Ал-Талаба" ўша мавсумда 8-ўринни эгаллади.
Машғулотларда жуда қийналдим. Баъзида хатоларим такрорланаверарди. Мен мағлубиятни ёқтирмайман. Ухлай олмасдим – тунни бедорликда ўтказардим. Шунчаки ухлай олмасдим, гўё иложи йўқдек эди. Оиламга нима дейишимни билмасдим. Жамоа сардори бўлгач, масъулиятли вазифалар зиммангизда бўлади. Ёш улғайган сари масъулиятингиз ҳам ортиб боради.
2024 йил 20 августда Таҳсин Ироқнинг "Ал Қува Эйр Форс" жамоаси сафига қўшилди. Футболчининг айтишича, унга Туркия ва Венгрия чемпионатидан ҳам таклифлар бўлган, бироқ қанча сабабларга кўра келишув амалга ошмаган.
Ростини айтсам, ўша пайтда Нажафда эдим. Воқеа содир бўлган куни оиламни кўргани Нажафга борган эдим. Тўғрисини айтсам, бу ҳақда умуман ўйламагандим. Ҳамма мени аввалги жамоам билан шартнома муддатини узайтирган деб ўйларди. Бошқа клублар билан ҳурмат ва эҳтиром юзасидан дастлабки музокараларни олиб бордим, уларга янги шартнома имзолаганимни айтдим, лекин аслида бундай қилмагандим, сабаби фақатгина хориждан келган таклифларни ўйлаётгандим. Кейин клуб раҳбарияти менга тезроқ қарор қабул қилишим кераклигини айтди, чунки қитъа миқёсидаги турнирга рўйхатдан ўтиш муддати якунланаётган эди. Шу боис бир тўхтамга келишим керак эди.
Сўнгра "Эйр Форс" жамоаси билан боғландим ва улар "Агар истагингиз бўлса, ухламасдан кутамиз", дейишди. Мен у ерга тунда етиб бордим. Улар менга "Трансферлар рўйхатини эрталабки соат 10 да ёпамиз, шундай сўнг Осиё Чемпионлар лигаси учун тақдим этиладиган рўйхатга ҳеч қандай ўйинчи қўша олмаймиз", дейишди. Мен жуда хурсанд бўлдим. Кейин ҳаммаси ҳал бўлди ва клуб билан соат тахминан 6 ёки 6:35 да шартнома имзоладим. Улар бугун машғулот борлигини айтишди. Мен уларга: "Қанча ухлаганимни биласизларми? Эрталаб олтигача уйғоқ эдим. Машғулотларда иштирок этишимни хоҳлайсизлар?" дедим. Улар "ҳа" дейишди...
Албатта, отам ва бутун оила аъзоларимнинг барчаси "Ал-Талаба"ни яхши кўришади. Улар мен бу жамоа либосини кийишимдан аввал ҳам мухлислик қилишган. "Ал-Талаба" қалбимда қолди, бу жамоа мухлисларини ҳеч қачон унутолмайман. Жамоада тўрт йил ўтказдим ва ҳаётимдаги энг яхши лаҳзаларни бошдан кечирдим.
Муаммоли тарафи, авваллари Ироқ чемпионатида статистика тўғри йўлга қўйилмаганди. Сиз билан шартнома тузмоқчи бўлган клуб ҳамма нарса текшириб кўради. Кейин келиб, шундай дейди: "Фалон мавсумда қандай ўйнадингиз?" Сиз эса унга: "Мен шунча ўйин ўйнадим, масалан, 37 та ўйин", дейсиз. Кейин у сўрайди: "Буни қандай исботлайсиз? Балки ўша мавсумда жароҳатлангандирсиз". Сиз: "Йўқ, мен ўйнаганман" дейсиз. У: "Йўқ, сиз ўйнамагансиз" дейди. Сиз тағин "Ўйнаганман" дейсиз... Ўша пайтларда статистика катта муаммо эди, умуман йўқ деса ҳам бўларди. Фақатгина терма жамоа статистикасини топиш мумкин эди.
2023 йил июнь ойида Заид Ироқ мезбонлик қилган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Ғарбий Осиё кубогида жамоадошлари билан бирга бош совринни қўлга киритди.Taҳсин Кувайтда бўлиб ўтган Осиё кубоги U-23 саралаш босқичига чақирилди. Ироқ гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. У Бутан дарвозасига гол урди.
Терма жамоа сафидаги илк турнирим Ироқдаги Ғарбий Осиё чемпионати бўлиб, унда ғолиб чиқдик. Шундан сўнг Осиё кубоги саралаш ўйинлари бошланди. Саралаш ўйинларини Кувайтда ўтказдик. Иккита ўйинда ғалаба қозондик, биттасида дуранг ўйнадик ва гуруҳ ғолиби бўлдик. Кейин Қатарда финал босқичи бўлиб ўтди. Биринчи ўйин Таиландга қарши бўлиб ўтди ва биз мағлуб бўлдик. Олимпия терма жамоаси билан бироз тартибсизлик юз берди.
Биз ўйинчилар ўртасида сабаблар тўғрисида суҳбатлашдик. Мен жамоадошларимга: "Йигитлар, очиқчасига гапираман – олдимизда, муҳим вазифа бор. Бу жамоа билан сўнгги турниримиз бўлиши мумкин. Икки йил давомида қаттиқ ишладик, босим, иссиқ ҳаво, машғулотлар, чарчоқ – барчаси билан курашиб келдик. Ҳаммасини бирга бошдан кечирганмиз. Сўнгги икки ўйинда Тожикистон ва Саудия Арабистонига қарши кейинги босқичга чиқиш имкониятимиз бор. Агар шундай қилсак, Олимпиадага чиқиш имкониятимиз анча юқори бўлади. Шундай экан, бор кучимизни ишга солайлик", дедим.
Инсон ўз қарорини ўзи бошқаради – бошқаларнинг ғалаба қозониши ёки мағлубиятини кутиб ўтирмайди. Кейинги икки ўйинда ҳам ғалаба қозондик ва навбатдаги босқичга йўл олдик. Бу футболчиларни руҳлантирди ва биз буткул ўзгардик.
У асосий турнирга ҳам таклиф қилинди. Заид жамоа сардори сифатида бронза медалини қўлга киритди ва 2024 йилги Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ироқ гуруҳ босқичидан чиқа олмаган бўлса-да, у учала ўйинда ҳам майдонга тушди.
Париж Олимпиадаси – бу турнир барча жамоалар учун қанчалик муҳимлигини ҳамма билади. Биз бир қанча кучли жамоаларга дуч келдик; менимча, бизнинг гуруҳимиз энг қийин гуруҳ эди. Рақобат даражаси жуда юқори эди. Биринчи ўйинимизни Украинага қарши ўтказдик. Беллашувда ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Ўқув-машғулот йиғинларини ҳисобга олсак, Украина терма жамоаси турнир олдидан уч ой давомида йиғинлар ўтказди ва охир-оқибат ҳеч нарсага эриша олмади. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, Украина жамоаси аслида бизнинг гуруҳимизда биринчи ўринни эгаллаш учун ишончли номзод эди, чунки улар барча жамоаларни, шу жумладан Германияни ҳам мағлуб этишган эди.
Украинага қарши ўйинда яхши ҳолатда эдик. Учрашувдан кейин эса кўплаб футболчиларда жароҳатлар, мушак зўриқишлари ва чарчоқ аломатлари юз берди. Аргентинага қарши ўйинни жароҳат билан ўтказдим. Ҳа, жароҳат билан ўйнадим. Асосий такриб футболчилари жароҳатланишганди, қолаверса, навбатдаги баҳсни икки кундан сўнг ўтказишга мажбур бўлдик.
Аргентина билан ўйиндан кейин Марокаш билан нохуш учрашув ўтказдик, ўша ўйинни Ироқ тарихидаги энг ёмон ўйин дейишди. Марокаш жамоасига қаранг. Аввало, биз мағлубият учун баҳона қидирмаяпмиз, чунки биз ютқаздик. Жароҳат туфайли ичимда олов ёнарди.
Ўйин жуда шиддатли кечди. Гарчи жамоалар ўртасида фарқ борлигини билсак-да, ўша пайтдаги Марокаш жамоаси ҳақиқатан ҳам баъзи машҳур футболчилари бўлган Мисрни мағлуб этди. Ҳа, уларда катта номлар бор эди ва улар Мисрни 6:0 ҳисобида енгишди, Миср эса ярим финалга чиққан жамоа эди. Болалигимда Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида Бразилия - Германия ўйинини томоша қилганман. Ўз майдонида мухлислари қаршисида ўйнаган Бразилия 1:7 ҳисобида мағлуб бўлди. Мағлубиятдан сўнг ҳеч ким ўз ўйинидан мамнун бўлмайди. Бизда ҳам жамоалар ўртасидаги даража яққол кўзга ташланди. Унинг бир қисми жисмоний тайёргарлик билан боғлиқ эди.
2022 йил 26 сентябрда Таҳсин Иорданиядаги халқаро турнир доирасида Сурияга қарши ўйинда Ироқ миллий терма жамоаси сафида илк бор майдонга тушди. Таҳсин ўз юртида ғолиб бўлган Арабистон кўрфази кубогида мамлакат терма жамоаси таркибида иштирок этди. 2024 йил январь ойида у Осиё Кубоги учун Ироқнинг 26 нафар футболчидан иборат таркибига киритилди.
Мураббий бизга ҳамиша, ҳар қанасига, овқатланишда бўлсин, ёки дам олишда – профессионал бўлишимиз кераклигини уқтиради. У ҳар доим шу каби маслаҳатлар бериб туради. Масалан, кимдир сизга савол берганда, айнан шу оддий нарсаларга эътибор қаратишингиз керак. Бир куни Криштиану Роналдонинг интервьюсини кўрдим, у шундай деган эди: "Мен сизга режа тузиб беришим мумкин, лекин ҳамма нарса унга қандай амал қилишингизга боғлиқ".
Мундиалга чиқиш учун саралашдан ўтишингиз керак. Рақиблар жуда кучли. Ҳар бир ўйинга катта эътибор билан ёндашиш, ҳар бир учрашувни финал каби қабул қилиш керак. Шундагина бутун Ироқ халқи кутаётган орзуга эришиш мумкин.
Фаолиятим давомида ажойиб ўйинлар кўп бўлган. Ўзим иштирок этган дастлабки унутилмас ўйин "Атлетико Мадрид" стадионида бўлган – ёмғир остида ўзгача муҳит ҳосил бўлганди. Эквадорга қарши ўртоқлик ўйинида энг юқори баҳога лойиқ кўрилдим. Иккинчиси – сафарда Марокаш устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган учрашув. Мазкур ўйин ҳам унутилмас таассурот қолдирган.
Спорт – одамларни бирлаштиради. Аммо баъзи жиҳатлар бор, масалан, салбий фикрлар ёки ҳақоратлар. Бу яхши эмас. Ижобий фикрда қолишимиз керак. Баъзида ўйин бирор қарор туфайли кутилмаганда ўзгариб кетиши мумкин.
Масалан, "Ал-Талаба" ва "Дуҳок" ўртасидаги ўйин йилнинг энг зўр ўйини бўлганди. 91-дақиқада 0:1 ҳисобида ютқазаётган эдик, 98-дақиқада эса 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. 11 метрли жарима зарбасини амалга оширдим – бу менинг биринчи пенальти ижро этишим эди. Ўтган йили худди шу нуқтадан пенальтини голга айлантира олмадим. Дарвозабонлар ўйиндан олдин рақибларни ўрганиб чиқишади. Масалан, Зайд пенальти тепса, унинг одатда қаерга, қайси бурчакка зарба беришини билишади.
Жарима зарбасини тепишда тўпни қаерга йўналтиришни ўзингиз ҳал қиласиз. Айниқса пенальтиларда ишончли бўлиш ва тўғри қарор қабул қилиш керак. Бироз ўрганиш, ҳимоячиларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш, уларнинг пенальти ёки эркин зарбаларни қандай тепишини кўриш лозим. Бу маҳорат, лекин ўз устингизда ишласангиз, ростдан ҳам натижа беради. Ёшлигимда бундай нарсаларни жуда яхши кўрардим. "Нафть Ал-Васат" таркибида машғулотлардан сўнг қолиб, пенальти ва жарима зарбаларини машқ қилардим. Бу менга катта таъсир кўрсатди. Очиғини айтсам, 2013-2014 йилларда "Реал Мадрид"нинг ашаддий мухлиси эдим.
Роналдунининг жарима зарбаларини ижро этишига диққатимни қаратардим ва "Бир кун келиб мен ҳам шундай бўлишим керак", деган фикр хаёлимда чарх урарди. Буни исботлашни хоҳлардим.
2025 йилнинг 22 июль куни ироқлик 24 ёшли ҳимоячи Ўзбекистоннинг "Пахтакор" клуби билан 1,5 йиллик шартнома имзоладиНимагадир эришган бўлсам, оилам туфайли эришдим. Юқорида таъкидлаганимдек, аввалига отам футболчи бўлишимга қаршилик қилган ва рози бўлмаган, лекин кейинчалик унинг қўллаб-қувватлаши бўлмаганида, бу даражага чиқмаган бўлардим...
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар