"Ғазалкент" бош мураббийи Зайниддин Тожиев: "Шундай ўйинлар орқали тажриба тўплаб борамиз"

Aslanov Jasurbek
21 апр 2026, 20:28
Пролига 4-турдан ўрин олган "ФарДУ" – "Ғазалкент" баҳси 2:2 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Ғазалкент" бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Курашларга бой, қизиқарли баҳс гувоҳи бўлдик. Учрашув мухлисларга ёқди деб ўйлайман. Ғалабага яқинроқ эдик, лекин охирги дақиқада гол ўтказиб, 2:2 ҳисобини қайд этдик. Футболчиларимиз ҳали ёш, шу каби ўйинлар орқали тажриба тўплаб борамиз. Кейинги ўйинларда хатоларни камайтиришга ҳаракат қиламиз. "ФарДУ" жамоасига кейинги учрашувларда омад тилайман.

- Жамоангиз футболчилари ўйиндан ўйинга кучайиб бормоқда деб ҳисоблайсизми?

- Биринчи турдан бошлаб ҳозирги тургача тўртта ўйинда майдонга тушган бўлсак, жамоамиз ўйиндан ўйинга қўшяпти. Футболчиларда ўзига ишонч ортмоқда, тажриба ҳам ортиб бормоқда. Кейинги баҳсларда ҳам яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Футболчиларимизнинг машғулотда яхши қатнашиб, ўйинга борини бераётгани барибир ўз самарасини беради.

- Ўтган икки турда "Ғазалкент" фақат бир очко жамғарди. Шундан сўнг нималарни ўзгартирдингиз?

- Биринчи навбатда ротацияга қўл урдик. Рўзибоев ўрнига бошқа футболчини синаб кўрдик, ҳар иккала қанотда ўйинчиларни алмаштирдик, захирадан бошқалар тушди. Ўзимизнинг режамиз бор эди, қолаверса рақибни ўрганган ҳолда баъзи ўзгаришларни амалга оширдик.

- Жамоангиз баҳсни яхши бошлади, тўп назорати ҳам сизларда эди. Аммо охирги дақиқаларда тўп назорати қўлдан чиқди ва бунинг оқибатида гол ўтказилди. Бунга нима сабаб бўлди?

- Майдонга чиқиб кўрсангиз биласиз, майса жуда юмшоқ экан, бу эса ўйинга таъсир қилди. Футболчилар оёғимнинг орқа қисми тортиб қоляпти дейишди. Лекин тўп назоратини ташлаб юбормадик, озгина пауза ушладик холос. Қарши ҳужумларга бемалол чиқдик, агар кучимиз етмаганида чиқа олмасдик. Охирги тўрт дақиқада ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнадик. Фақат кўпроқ орқага ўтирдик. Аммо диққатни йўқотиб қўйганимиз йўқ. Футболчимиз тўпни озгина икки метр бошқа жойга тепганида умуман бошқача бўларди. Энди бу футбол, буни ўйин дейдилар.

- Диёрбек Тожиевнинг ҳолати қандай?

- Футболчимиз жароҳат олди ва қай ҳолатда эканини шифокор хулосасидан кейин биламиз. Майли, ҳакамларни гапирмаймиз, факт шуки у жароҳат олди, ўйин тугаганидан кейин футболчимизни майдондан кўтариб чиқиб кетишди.

- Ўтган мавсум Биринчи лигада қатнашган "Замин" билан ҳозирги "Ғазалкент" қанчалик уйғунлашган. У жамоадан нечта футболчи жалб қилинган?

- "Замин"дан фақат икки нафар ўйинчини таклиф этдик. Қайсидир футболчиларимиз бошқа жамоаларга кетганди ва уларни ҳам "Ғазалкент"га таклиф этдик. Аксар футболчиларни 8-9 ёшидан бери тарбиялаб келяпмиз. Яқинда очилган жамоамизда ўйин сурати бор, бу эса бизни хурсанд қиляпти. Биз ғоя остида жам бўлганмиз ва шу асосда иш олиб борамиз.

- Бу мавсум "Ғазалкент" олдига қандай мақсад қўйилган?

- Клубимиз раҳбарияти томонидан биз мураббийларга ёшларни тарбиялаб катта футболга етказиб бериш вазифаси қўйилган. Қайси ўринни олишимизнинг унчалик фарқи йўқ. Ёшларни катта фтуболга тайёрлаш осон эмаслигини биламиз, лекин мақсадимиз шу экан, бунинг учун ҳаракат қиламиз. Футболчиларимизда ўйин амалиёти етарли бўлиши учун эртаси куни ҳам ўйнатяпмиз. Ҳаммага имкон бериб, ўйин вақтини тақсимлаган ҳолда амалиёт беришга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia