Ғалаба бағрида мағлубият хавотири
21 июл 2016 15:12
Янгиликлар
Ғалаба бағрида мағлубият хавотири
Ҳолбуки, шундай ғалабалар борки, уларнинг бағрида ўзини сездириб-сездирмай мағлубият бўй ростлайди. Мағлубият сабабларини қидириш, аниқлаш футболда янги ғалабаларга йўл очиши барчага маълум. Аммо ғалаба ёки ғалабалар сериясига танқидий муносабатда бўлиб, навбатдаги юксалишга асос солиш камдан-кам учрайди. Франция терма жамоасининг Евро-2016 финалидаги мағлубияти фикримизнинг ёрқин далилидир. Дидье Дешам шогирдлари ҳал қилувчи учрашувда ҳам ярим финал баҳсидаги ўйин услубини такрорлашди. Тўғри, Португалия термаси ҳам дастлаб шу йўлдан борди. Агар Роналду жароҳатланмаганида, Фернанду Сантуш жамоасининг ўйин услуби ҳам балки ўзгармасди. Бундай вазият французлар фойдасига хизмат қилиши мумкин эди. Бироқ тақдирнинг қўпол ҳазили билан барчаси ўзгача тус олди. Биз евромучал мўъжизаси билан боғлиқ мулоҳазаларимизга асосланиб, финал жараёнида қандайдир кутилмаган ҳодиса рўй беришини кутдик. Бироқ Роналдунинг жароҳатланиши ва натижада Франция термасидаги руҳий мувозанатнинг бузилиши бошқалар қатори бизнинг ҳам хаёлимизга келмади. Бундай кутилмаган ҳолатни ким ўйлабди, дейсиз?! Лекин евромучал мўъжизаси рўй бериши учун шундай кутилмаганлик зарур экан ва у рўй берди. Бу гўё, мутлақ тақдир ҳукмидай туюлади. Жиньяк финал учрашуви асосий вақти сўнгги дақиқасида уролмаган гол бунинг далилидай кўринади.
Хўш, Евро-2016 финали воқелигига шу зайлда баҳо бермоқ ўзини оқлайдими? Фикримизча, масалага бу тақлид ёндашмоқ тафаккур тарзини таслимчилик сари бошлайди ва у ўз ўрнини мистикага бўшатади. Аёнки, мистикага бўйин эгиш тараққиётга ёқмайди. Биз ҳам бунинг тарафдори эмасмиз. Демоқчимизки, тафаккур ўз кучини кўрсатмаганида, мистика ўз сўзини айтади. Ҳа, Дидье Дешам Евро-2016 финали манзарасини буткул ўзгартириб юборолмади, аниқроғи, у жамоаси кўниккан ўйин услубини бузишни истамади. Йўқ, эҳтимол, у ҳам буни истагандир, аммо таваккал қилишдан чўчиди, чоғи. Ахир кутилмаган қарорга келиш ҳамиша барча мураббийлар учун ҳам қийин. Дидье Дешам финалнинг қадрини биладиган, лекин унинг қудратини тўлиқ ҳис қилолмайдиган мураббий экан. Буни тўғри тушуниш керак. Чунки у Зидан даври олтин авлодига мансуб. Ўша олтин авлод эса, жиддий услубий ўзгаришларсиз ҳам ўйинларда кетма-кет ғалаба қозонишга қодир эди. Француз футболининг ҳозирги авлоди хусусида бундай мулоҳаза юритиш қийин. Дидье Дешам Ирландия ва Исландия дружинаси, айниқса, Германия терма жамоаси устидан қозонилган ғалабалар бағрида мағлубият алами ниш ураётганини сезмади. Наинки, Фернанду Сантуш ёки Роналду, балки, бошқа бир ўртамиёна мураббий ва футболчи ҳам, бизнингча, Португалия термаси йўлини тутарди. Дидье Дешам ўйладики, Антуан Гризманн финал баҳсида алоҳида қўриқланади ва Мусса Сиссокодан авангард «фигура» сифатида фойдаланиш, унга нисбатан эркинлик бериш бу муаммони осонгина ҳал қилади. Назаримизда, айнан шу нуқта тарози палласини евромучал мўъжизаси томон оғдирди. Бошқача айтганда, мураббий жонкуяр ва фаол Мусса Сиссоко савиясини Поль Погба даражасидан устун қўйди. Юксак истеъдод ўрнини фидоий футболчига берилиши эса барибир, ўзини оқламади. Гол қўйиб юборилган вазиятда Поль Погба бежиз Мусса Сиссокога ғазабини сочмади. Ёш футболчи ўша важоҳати билан аслида жамоадоши эмас, балки мураббийнинг қарорига муносабатини билдирди. Бу ўзига хос исённи мураббий англадими ёки йўқ - бизга номаълум. Маълуми шуки, Эдернинг йўлига Юмтити тўсиқ бўлиши лозим эди. Мусса Сиссоко эса, жарима майдонида ёрдамчи куч вазифасини бажараётганди. Поль Погба бу ҳолатни тушунмаслиги кулгили, албатта. У ҳаммасини била туриб, Сиссокога ичидагини тўкиб солди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ғалаба ёки ғалабалар серияси бағрида куртак ёзаётган мағлубият аламини наинки, сезиш, унга қарши оқилона чора топиш ҳам муҳим. Ёдингизда бўлса, Евро-2016 саралаш босқичида Австрия, Россия, Швеция терма жамоалари бир гуруҳдан жой олишганди. Мазкур инерт гуруҳдаги нафасни қайтарадиган ўйинлардан сўнг мухлислар «Майли, муҳими - натижа!» - дея ўзларини овутишганди. Евро-2016 финал босқичи яна бир бор шуни исботладики, ҳар доим натижанинг ўзи муҳим саналавермас экан. Негаки, саралаш босқичида орттирилган инертлик иммунитети боис, Австрия, Россия, Швеция терма жамолари финал раундида боши берк кўчага кириб қолишди. Ўз вақтида олди олинмаган инертлик бу жамоаларни жазолади. Масалан, Леонид Слуцкий Россия терма жамоасида қувноқ ва ёрқин тактик услубни жорий этолмади. Ваҳоланки, биргина Юрий Жирковнинг позициясини ўзгартириш билан ҳам қандайдир янгиликка йўл очиларди. Ана, Мирча Луческу «Зенит»да шу йўлдан бормоқда. Ўртоқлик учрашувида «Спортинг» устидан қозонилган ғалаба - Луческу йўлининг дастлабки натижаси. Эътиборлиси, Юрий Жирков ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп сурди. Энг муҳими, у қониқиш ва сурур билан ўйнади. Имкон туғилганда, ҳужумга қўшиладиган, гоҳо шунинг учун жабр чекадиган фаол ҳимоячидан хотиржамлик билан ҳужумни ривожлантирадиган ярим ҳимоячи фойдалироқ экани Юрий Жирков мисолида яққол кўзга ташланди. У ҳимояда ҳужумга ташналик сезарди, аммо позициясини ҳар доим ҳам ташлаб кетолмасди. Ҳужумдаги ҳимоячини доимо позициясига қайтиш хавотири қийнайди. Шу боисми, Мирча Луческунинг қарори Юрий Жирков учун муҳим ҳисобланарди. Бундан ҳам муҳими, ҳозирги «Зенит» Андре Виллаш-Боаш, Халк ва Витцель даври жамоасига нисбатан ёрқинроқ, қизиқарлироқ, ҳужумкорроқ кўринмоқда. Мураббий ва футболчилар билан боғлиқ оқилона «рокировка»нинг таъсири бу! Леонид Слуцкий шу ишни ўз вақтида амалга оширмади, саралаш босқичи инерт ғалабаларига ишониб юраверди. Мутасаддилар ва мутахассислар ҳам натижага эришган, қийин вазиятда терма жамоани қутқарган мураббий сифатида унга, унинг ишига танқидий муносабат билдиришмади. Улар Леонид Слуцкий саралаш босқичидаги натижаларни финал раундида ҳам такрорлашга қодир, деб ўйлашди. Бизнингча, мана шу ўй-мулоҳаза - Россия футболининг катта хатоси. Саралаш босқичидаги инерт ғалабалар келажакдаги улкан аламли мағлубиятларга асос бўлиши мумкинлиги хусусида Россия футбол жамоатчилиги етарли даражада бонг уролмади. Оқибатда инертлик инертлигича қолди. Исландча вулқоннинг саралаш босқичидаги бедорлиги эса, финал раундида ҳам барчани ҳайратлантирди. Бугун Исландия байрам оғушида. Эрта-индин жаҳон чемпионатини қабул қилишга ҳозирланаётган Россия футболида эса терма жамоага мураббий тайинлаш муаммо. Чунки Евро-2016дан сўнг танқидий мулоҳазалар шу қадар кучайиб кетдики, энди Россия термасини бошқаришга унча-мунча мураббийнинг юраги дов бермайди. Аввал амалга оширилмаган ишларнинг оқибатини ўнглаш шундай қийин кечади.
Муҳтарам мухлис! Биз Евро-2016дан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Негаки, мазкур чемпионат футболимиз учун катта сабоқ вазифасини ўтади. Ишончимиз комилки, ғалаба ёки ғалабалар серияси замирида ёқимсиз мағлубиятлар яшириниб ётишини кўпчилик англади. Англадикки, бизнинг мураббийларимиз бот-бот таъкидлашганидек, бугун футбол ўйнашни ҳамма билади. Ҳа, бироз муболағага мойил бу мулоҳазани, сал марҳаматлироқ бўлсак, қўллаб-қуватлаш мумкин. Аммо яна бир бор англамоқ лозимки, футбол ўйнашни биладиганларнинг барчаси ҳам баланд марраларга муносиб бўлавермайди, муҳим ва катта ғалабалар йўлидан боришни билавермайди. Ҳозир футболимиз жамоатчилиги муҳокама қиладиган энг нозик масала - шу! ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичидан аввал миллий жамоамиз иккинчи таркиби билан японларни сафарда енгиб қайтгач, сурурдан бошимиз айланди ва Вадим Абрамовнинг ишларига жиддий эътибор қаратмадик. Оқибатда, Эрон термасига қарши баҳсда аламли «Жар» воқеасини кузатдик. Шу кунларда бизни ўша воқеалар сабоғи сергакликка чорламоқда, безовталантирмоқда. Зеро, миллий терма жамоамизнинг бугунги ҳолати, ҳозирги савияси кўпчилик учун ноаён. Ноаёнлик, мавҳумлик эса, қийноқлар ичра энг қалтис ва қайноқ қийноқдир.
Муҳаммад ВАЛИ
Фикрлар