

Айни пайтда бразилиялик мутахассис Пауло Рикардо Фигейро Силва (Кака) бошчилигидаги Қозоғистон терма жамоаси Тошкент сари парвозни амалга оширмоқда. Бугун куннинг иккинчи ярмида улар пойтахтимизга етиб келишади. Кечки дастурда эса “Юнусобод” спорт мажмуасида ўйин олди машғулотини ўтказиши белгиланган.
УEФАга ўтгунига қадар ОФК таркибида бўлган қозоғистонликлар Осиё чемпионатларида икки марта иштирок этган ва битта кумуш, битта бронза медалига сазовор бўлган. 2001 йилдан УEФАда ўйнаб келаётган Қозоғистон терма жамоаси тўрт марта жаҳон чемпионати, уч марта қитъа чемпионати финал босқичида иштирок этган. Жаҳон чемпионатидаги энг яхши натижани қўшниларимиз 2021 йилда қайд этишган ва 3-ўрин ўйинда Бразилия терма жамоасига ютқазиб (2:4) қўйган.

Европа чемпионатларидаги энг яхши натижасини эса 2016-йили – дебют мавсумида қайд этишган ва бронза медалига сазовор бўлишган. Орадан икки йил ўтиб, яна 3-ўрин учун курашган қозоғистонликлар Россия терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган.
Тошкентга сафар олдидан ён қўшниларимиз Европа чемпионатининг саралаш ўйинларидан ўта олишмади. Улар плей-оффда Италия терма жамоасига икки учрашув натижасига кўра имкониятни бой беришди. 18-сентябрь куни Фасанода ўтган ўйинда Апеннин ярим ороли вакиллари 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, 23-сентябрь куни Астанада кечган жавоб учрашувида қозоғистонликлар реванш олишди – 3:2. Икки учрашув натижасига кўра ғолиб аниқланмагач, пеналтилар сериясига мурожаат этилди ва унда италияликлар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ўзбекистон терма жамоаси билан халқаро ареналарда Қозоғистон 13 марта куч синашган ва шулардан 8 тасида ғалаба қозонган, 3 та учрашувда кучлар тенг келган, 2 та баҳсда эса ҳамюртларимизнинг қўли баланд келган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати – 46:29.
Сентябрь ойининг охирги ўн кунлигида Европа чемпионатининг саралаш ўйинларида ўта олмаган Қозоғистон миллий терма жамоасида бир қатор жиддий ўзгаришлар рўй берди. Айни пайтда мамлакат футзал ассоциацияси терма жамоа таркибини ёшартириш йўналишини танлади. Мамлакатимизга келаётган терма жамоа таркибида жуда кўплаб янги номлар, янги, ёш ўйинчиларни кўришимиз мумкин.

Қозоғистон терма жамоаси делегацияси таркиби қуйидагича:
Жамоа бош мураббийи — Пауло Рикардо Фигейро Силва (Кака)
Расмий вакиллар — Курман Нурсултан, Пулатов Оибек, Искандаров Ахматхон, Смолин Вассилий, Акимкул Рахат, Алдаберген Арлан
Дарвозабонлар:
Утепбергенов Талгат
Умирзакҳов Багдаулет
Галиханов Артур
Майдон ўйинчилари:
Акбаликов Алберт
Бактияров Нурканат
Биссембаиули Рамазан
Валлиулин Азат
Марахов Иван
Болекбаев Илияс
Эдсон Гомес Дос Сантос
Оразов Биржан
Каирбай Дамир
Малибеков Тимур
Абдумапаули Абдирассил
Пияли Нурсултан
Дарибай Акжол
Дерябин Александр
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Қозоғистон терма жамоалари учрашув 2025 йил, 16 октябрь куни “Юнусобод” спорт мажмуасида, соат 17:00да бошланади.
Барча футзал ишқибозларини терма жамоамизни қўллаб қувватлаш учун чорлаб қоламиз. Спорт мажмуасига кириш мутлақо бепул.



