

ФИФА ЖЧ-2026 ўйинларини қабул қилувчи стадионлардан барча ҳомийлик логотипларини олиб ташлашни талаб қилди. The Athletic нашрининг хабар беришича, стадионлар ва ФИФА ўртасида имзоланган шартномага кўра, трибуналар, таблолар, ўриндиқлар, ходимлар формаси, рухсатномалар ва арена ичидаги исталган жойда ФИФА билан келишилмаган рекламалар бўлмаслиги керак. Халқаро футбол федерацияси буни "ўз брендлари ва ҳомийларининг эксклюзив ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" мақсадида амалга оширмоқда. Таъкидланишича, бу талаб стадионларнинг томидаги логотипларга ҳам тааллуқли.
Бир неча ой давомида стадион операторлари ФИФА ва учинчи томонлар билан ечим излаш бўйича музокаралар олиб боришди. Ҳозирда ЖЧ-2026 баҳслари ўтказиладиган 11 та НФЛ стадионларининг баъзилари ҳали ҳам томдаги логотиплар масаласида ечим топа олишмаяпти – хусусан, Атлантадаги "Мерседес-Бенц Стэдиум". Бир ярим йиллик муҳокамалардан сўнг, ФИФА ушбу стадион учун истисно қилишга рози бўлгани айтилмоқда. Чунки арена суриладиган томдаги "Мерседес-Бенц" логотипини жиддий шикаст етказмасдан ёпиш йўлини топа олмаган. Бунда трансляциячилар стадионни ҳаводан тасвирга олишдан воз кечишига тўғри келиши мумкин.
Аввалроқ бир нечта стадионлар билан музокаралар давомида трансляция вақтида томошабинлар учун логотипларни виртуал кўрсатиш мақсадида компьютер графикасидан фойдаланиш имконияти ҳам муҳокама қилинган эди. Бироқ, ўтган ёзда ФИФА вакили Sports Business журналига ушбу технология стадионларни ҳаводан тасвирга олишда тўлиқ ишлаш учун "етарлича ривожланмаганини" маълум қилган.



