ФИФА АҚШда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманларида футболчиларнинг испан тилида гапиришини тақиқлади

Оқил Абдубарноев
14 июн 2026, 20:42
Учта ноқулай матбуот анжумани ҳолатидан сўнг, ФИФАнинг испан тилидаги саволларни тўхтатиш сабаби маълум бўлди.

Жаҳон даражасидаги юлдузлар – Винисиус Жуниор, Френки де Йонг ва Ашраф Ҳакимининг барчаси расмийлар томонидан ноқулай вазиятларда испан тилида гапиришдан тўхтатилди.

Ушбу ҳолатлар кўплаб ҳайрат ва тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Де Йонг ва Ҳакими испан ёки инглиз тилида бажонидил жавоб беришларини айтишганида, уларнинг гапи қўпол тарзда бўлиб қўйилди.

Матбуот котиблари эса испан тилидаги саволларни рад этишди ва журналистларга фақат инглиз тилида ёки майдонга тушаётган жамоа мамлакати тилида мулоқот қилишлари шартлигини уқтиришди.

"El Pais" нашрининг хабар беришича, ФИФА АҚШда бўлиб ўтадиган ўйинларда фақат Мексика, Испания, Аргентина, Уругвай, Колумбия, Эквадор ва Парагвай терма жамоалари иштирок этаётган бўлсагина испан тилидаги саволларга рухсат беради.

Бошқа мамлакатлар учун таржимонлар тақдим этилмайди, бу эса мулоқот фақат инглиз тилида ёки маҳаллий тилда бўлишини англатади.

Бу хабар ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди. Айниқса, инглиз тилида мулоқот қилишда ўзини ноқулай ҳис қилган ва португал ёки испан тилида гапиришни афзал кўрган Винисиус Жуниор бу вазиятдан асабийлашгач, муҳокамалар янада авж олди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: El Pais