UZ

Сўнгги янгиликлар

09:27Евро-2024. Кимлар чорак финал учрашувларини ўтказиб юборади?  1 09:15Копа Америка. Аргентина - Эквадор 1:1 (Пенальтилар 4:2), Месси пенальтидан гол ура олмади  1 09:10Биродарлик кубоги. ЦСКА – ОФК Белград 4:0, Файзуллаев дарвозабоннинг қўпол хатосини гол билан жазолади  0 09:01Аббосбек Файзуллаев «Вильярреал»га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди  2 08:35Биродарлик кубоги. ЦСКА Сербия клубини йирик ҳисобда мағлуб этди,Файзуллаев учрашувдаги илк голни урди  0 08:09Копа Америка. Месси гол уролмаган пенальтилар сериясида Мартинес қаҳрамонга айланиб, Аргентинани ярим финалга олиб чиқди  38 07:56Ўзбекистон кубоги. Бугун «Навбаҳор» ўйнайди   7 01:20Февзи Давлетов: "Жамоада ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ, трансфер тақиқини раҳбарият ҳал қилади"  0 00:49Артём Петросян: "Кейинги босқичда ким билан ўйнашимизнинг фарқи йўқ"  1 00:43Илёс Қурбонов: "Пенальтилар сериясида руҳият кўпроқ рол ўйнайди"  5 00:07Бразилия клуби футболчилари тўпга тегмасдан рақиб дарвозасини ишғол қилди  2 23:44Ўзбекистон кубоги. "Олимпик" — "Андижон" 0:1. Highlights   0 23:30Ўзбекистон кубоги. Бир киши кам бўлиб қолган "Металлург" пенальтилар сериясида "Сурхон"га мағлуб бўлди  16 23:02"Ордабаси" колумбиялик ҳимоячини ўз сафига қўшиб олди  0 22:45Эдерсон Саудия Арабистони клуби билан келишувга эришди  1

"Феномен", бразилиялик даҳо — Роналдо Луис Назарио де Лима Янгиликлар

"Феномен", бразилиялик даҳо — Роналдо Луис Назарио де Лима

Вадим Лукомский бразилиялик буюк футболчи ҳақидаги катта материални тақдим этди.

Роналдо ажойиб ўйинчи эди

Роналдонинг истеъдоди шу қадар равшан эдики, "Сан-Кристован" мураббийи Роберто Гаглиаоне 1992 йил декабрда шундай деганди:  "Биз "Крузейро"га Бразилиянинг навбатдаги буюк ҳужумчиси бўладиган болани тақдим этдик. У албатта, ЖЧ-1998да ўйнайди. Унинг номи – Роналдо".

Барчаси таърифдан ҳам аъло бўлиб чиқди. Роналдо катта ёшдаги фаолиятини шу қадар кучли бошлаганки, 1994 йилги Жаҳон чемпионати учун қайдномадан жой олди ва 1998 йилга келиб, у дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисобланди. АҚШдаги Жаҳон чемпионатидан сўнг Роналдо Ромарионинг маслаҳати билан ПСВга ўтди. 

"Роналдо билан Нидерландияда йўлларимиз кесишган, у бошқа сайёрадан эди, соатига 3000 километр тезликда ҳаракатланарди. Фаолиятининг охирига келиб ва жароҳатлардан сўнг ҳам у майдонда нималар рўй беришини бошқа ҳар қандай ўйинчига қараганда олдиндан 10 баравар тезроқ кўра оларди", – дея эслайди Кларенс Зеедорф.

Роналдо ПСВ таркибидаги энг ёрқин ўйинини УЕФА Кубогида "Байер"га қарши ўтказди. 

"18 ёшли футболчи бундай ўйнаганини ҳеч қачон кўрмаганман", – деди ўйиндан кейин ҳайратга тушган Руди Фёллер. 

Якуний ҳисоб – 5:4, "Байер" фойдасига, Роналдо хет-трик қайд этган.

"Учрашув Роналдонинг яккахон шоусига айланди. У учта гол урди, аммо гап голлар ҳақида ҳам эмас. Масалан, битта вазият юз берди (видеода 7:15), унда рақиб ўнг қанот ҳимоячиси унинг орқасидан чалмоқчи бўлди. Роналдо тўпни чап оёғининг ташқи томони билан кўтариб, ҳимоячининг ёнидан улоқтириб ўтди ва бошқа томондан айланиб югуришни бошлади. Ўйлайманки, ўшанда бутун Европа Роналдо исмини эслаб қолди", – деб эслайди ПСВнинг ўша пайтдаги техник директори Франк Арнесен.

Роналдо Нидерландиядаги икки мавсумда 58 учрашувда 54 та гол урди. 

"Мен унинг ПСВдаги ўйинларини телевизор орқали томоша қилардим ва вақти-вақти билан "Вау" деб бақирардим. Кейинчалик у "Барса"га ўтди ва биз бирга ўйнадик. Роналдо албатта, мен кўрган энг ақл бовар қилмайдиган футболчи. У ундан олдин ҳеч ким қилмаган ишларни қилди", – деди Луис Энрике.

1996/97 йилги мавсумда "Барселона"да битта футболчи сабабли рекорд миқдордаги "вау" кузатилди. Улардан энг асосийси – "Компостела"га урилган гол. Роналдо уни бутун фаолиятидаги энг зўри деб атайди (Бобби Робсоннинг реакциясини кўриш учун ҳам охиригача томоша қилинг).

"Дунёнинг ҳеч бир нуқтасида бундай голларни уришга қодир бошқа футболчини тополмайсиз", – дейди ўйиндан кейин "Барса" устози Робсон. 

Ўша куни захира ўриндиғида инглиз мураббийи ёнида Жозе Моуринью бор эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам у Роналдони ҳали ҳам "ўз кўзлари билан кўрганларининг энг кучлиси" деб билади. Ушбу ўйиндан сўнг Испаниянинг AS нашри "Пеле қайтди" сарлавҳаси билан мақола босиб чиқарди.

Робсон Пеленинг ўйинларини кўрган, шундай бўлса-да, Роналдони ундан кучлироқ деб ўйларди. 

"Бобби Мур исмли йигитча мени асосийдан сиқиб чиқаргунча Англия терма жамоасида Билли Райт, Жонни Хейнс ва Бобби Чарльтон билан бирга ўйнаганман. Мен Терри Бутчер, Брайан Робсон, Пол Гаскойн, Ромарио, Гари Линекер ва Алан Ширер каби буюк футболчиларга мураббийлик қилганман. Жамоаларимда ёш Руд ван Нистелрой ва Луиш Фигу ўйнаган, мен Клаф ва Фергюсон билан мунтазам рақобат қилганман, Диего Марадонанинг қўли туфайли миллий терма жамоа билан Жаҳон чемпионатидан чиқиб кетдим. Кўрганларим орасида энг яхши ўйинчи бўлиш учун номзод бўлган рақобатчилар жуда кўп бўлса-да, бу футболчи бразилиялик Роналдо деган бўлардим", – деган эди сэр Бобби 2007 йилда.

Ўша "Барса"да ўйнаган Оскар Гарсия шериклари Роналдога ҳазил қилиб, шундай деганини айтди: "Ҳеч бўлмаганда голларни нишонлаётганингда секинлаш".

Альберт Селадеснинг айтишича, бир марта машғулотлар пайтида Роналдо том маънода 10 рақибини алдаб ўтиб (баъзиларини бир неча бор) гол урган.

"Лас-Пальмас" устози Анхель Каппа "Барса" билан ўйиндан кейин Роналдони "ақл бовар қилмайдиган истеъдодга эга "каркидон" деб атаган.

Ла Лиганинг ўша мавсуми ғалати мавсумлардан бирига айланди: 22 клуб чемпионатда қатнашди, чунки "Севилья" ва "Сельта"ни иккинчи дивизионга тушириш қарори молиявий муаммолар туфайли бекор қилинган. Бу июнь ойининг ўрталаридаги сўнгги турлар тақвимида тартибсизлик туғдирди. Роналдо терма жамоадан чақирув олгани боис сўнгги 3 та ўйин ва Кубок финалини ўтказиб юборди. "Барса" бразилияликка ниҳоятда боғланиб қолган эди ва табиийки чемпионлик пойгасида ютқазди.

"Агар ўша учрашувларда Роналдо ўйнаганида, биз уларни ютган бўлардик – ва биз чемпионат ғолибига айланардик", – дейди Робсон ишонч билан. 

Ўшанда Роналдонинг ўрнини эгаллаган Хуан Антонио Пицци ҳам бунга қўшилади: "Мен оддий футболчиман, у эса аниқ бизнинг сайёрамиздан эмас".

Роналдо 1996/97 йилги мавсумда "Барселона" таркибида 48 учрашувда 45 та гол урган. Ўша давр учун космик рақамлар. Ўшанда ўртача ҳар бир ўйинда 0,5 та гол уриш энг юқори даражали ҳисобланарди. ФИФА қоидаларни ҳужумкор ўйинчилар фойдасига ўзгартира бошлаган эди, марказий ҳимоячилар унчалик техник бўлмаган, аммо яхшироқ ҳимояланган. Роналдонинг замонавий юлдузлар иштиёқ билан фойдаланаётган ушбу бонусларсиз натижа кўрсатиши – ҳақиқатан ҳам ноёб ҳодиса.

Бразилиялик кейинги мавсумни ўша пайтдаги сайёрамизнинг энг яхши лигасида "Интер"да ўтказди ва дунёнинг энг кучли ҳимоячиларини "йўқ қилди".

"Мен фаолиятимни Диего Марадона билан битта клубда бошладим. У менга жуда катта таъсир кўрсатди, аммо Роналдони ундан ҳам буюкроқ футболчи сифатида кўрдим", – деб эслади Фабио Каннаваро.

"Роналдо майдонда сеҳр кўрсатарди. Мен ҳеч қачон тўпни бундай юқори тезликда бошқарганларни кўрмаганман. Менимча, у тарихдаги энг зўри", – Марсель Десайи.

"Мальдини билан тандем ҳосил қилиб, кўпчиликни қўриқлаганмиз, шу жумладан, Марадонани, аммо Роналдо билан бу жуда қийин кечган. У тарихдаги энг яхши ҳужумчи. Ҳатто Пеле ва ван Бастендан ҳам кучлироқ. Уни ҳимоя қилишнинг иложи йўқ эди", – дея шикояти ва мақтовини баён этади Алессандро Костакурта.

Мавсум ўрталарига келиб, ҳеч ким Роналдо сайёрадаги энг яхши ўйинчи эканлиги ҳақида шубҳага бормади. World Soccer унинг тасвирини муқовада кўрсатиб, "Тарихдаги энг яхши?" сарлавҳаси билан оммага савол билан мурожаат этди.

Бразилиялик футболчи УЕФА Кубоги финалида "Лацио" билан энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Роналдога қарши Неста турди. 

"Роналдога қарши кечган Париждаги финал – бу менинг бутун фаолиятим давомидаги энг ёмони. У қойилмақом ўйинчи. Хатоларимни тушунишга ҳаракат қилиб, ўша учрашув лавҳасини кўп марта томоша қилганман. Биз 0:3 ҳисобида ютқазгандик, лекин аста-секин бу менинг айбим эмаслигини тушуниб етдим. Роналдони шунчаки тўхтатиб бўлмасди. У шу қадар тез эдики, ҳамма майдонда югурмасдан жим тургандек туюларди", – дея эслайди Неста.

Зинедин Зидан ўша финални телевизорда томоша қилган, аммо у ҳеч қачон унутмайдиган бир лаҳза бор: "Мен Роналдонинг кўп хислатларини ёқтираман, айниқса, улар орасида биттаси ажралиб туради. 1998 йилги УЕФА Кубоги финали. У чап қанотда Алессандро Нестага қарши тўп тепган. Мен айтаётган финт унинг ўзига хослигини мукаммал даражада тавсифлайди. Бундай қобилиятга қодир одамлар йўқ десак бўлади, Роналдодан бошқа ҳеч ким буни бундай тезликда бажара олмасди".

"Ва у буни Нестага қарши қилди! Бувимга қарши эмас", – дейди Зизу табассум билан. 

"Интер" устози Луижи Симони аста-секин бундай антиқа воқеликларга ўрганиб қолди: "Роналдо – одамни ақлдан оздирадиган истеъдод. У бошқаларга қараганда битта дастури кўп машинага ўхшарди. Машғулотларда у янада кучлироқ эди, баъзан кўз кўриб ишонмайдиган нарсаларни қиларди. Унинг учун бу одатий ҳол эди, лекин фақат унинг учун".

1998 йилги Жаҳон чемпионати пайтида Вальдано шундай деб ёзган эди: "Роналдо Францияга ўз авлодининг ўйинчилари билан рақобатлашиш учун эмас, балки минг йилликнинг, эҳтимол, ҳатто иккки минг йилликнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун келган". 

Французлар финал олдидан ҳужумчи ҳақида ғайратли оҳангларда муҳокама қилишди, агар Роналдо таркибда бўлса, унда ҳеч нарса ёрдам бера олмаслигини тушуниб етишди.

"У "Милан"да ўйнаганимда шу услубни менга қарши қўллаган. Мен ҳатто тўпни ҳам кўрмагандим. Унинг қайси томонга айланиши муҳим эмас, сиз тўпни кўрмай ҳам қоласиз. Тўп қаерда? Тўп йўқ. Ҳақиқий сеҳр!" – дейди Десайи.

"У сизнинг ёнингизда турганга ўхшайди, лекин пастга қарашингиз билан, у ҳам, тўп ҳам ғойиб бўлади", – дея қўшимча қилди Лилиан Тюрам.

Франциянинг бахтига Роналдо билан ҳаммаси жойида эмасди. Унинг финалдаги иштироки футбол тарихидаги асосий конспирологик назариялардан бирига айланди. Ҳатто бу масала Бразилия парламентида ҳам муҳокама қилинган. 

Мураббий Марио Загалло шундай деганди: "Тасаввур қилинг, агар мен унинг ўйнашига рухсат бермаганимда ва Бразилия мағлуб бўлганида нима бўлар эди? Буюмларимни кўтариб, Шимолий қутбга кетишимга тўғри келарди".

Роналдонинг тарихдаги ўрнини Жанлуижи Буффон аниқ тавсифлаб берган: "Роналдо яккама-якка ҳолатда ғалаба қозонган – баъзан осонликча. У буюклардан бири сифатида эсда қолади, у тарихдаги энг яхшиси бўлиши мумкин эди – ҳатто Пеле ва Марадонадан ҳам яхшироқ. Фаолиятига таъсир кўрсатган жароҳатларни олишидан олдин унга қарши ўйнаш бахтига муяссар бўлдим. Роналдо мутлақо ҳамма нарсани қила оладиган "ўзга сайёралик" эди. Бундай футболчининг тарихдаги энг зўрига айланмагани – катта фожиа. Бунинг учун унинг истеъдоди етарли эди".

"Менимча, футбол тарихида бундай нарсаларга қодир бўлган 20 ёшли футболчи бўлмаган", – деган эди Робсон ёш Роналдо ҳақида.

Шунча таърифлар бекорга эмаслигини қуйидаги рақамлар тасдиқлайди.

Ёш (20 ёшгача) футболчиларнинг йирик турнирлар(топ-лигалар, Чемпионлар Лигаси, Европа ва Жаҳон чемпионатлари)даги натижалари

Юқорида фақат натижавийлик кўрсатилган, лекин у ёш Роналдо ва замонамизнинг исталган иқтидорлари ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб беради. Ҳозирги кунда ёш Роналдонинг даражасига яқин аналоглар ҳам йўқ. Жаҳон чемпионати пайтида Килиан Мбаппе бразилияликни эслатадиган бир нечта "трюклар"ни амалга оширди, аммо даража бошқа. Мбаппе ва Муҳаммад Салоҳ тўп билан муомала қилишдаги тезлик бўйича баъзан унга яқин келади, аммо уларнинг роли анча торроқ.

"Роналдо – мен билан бирга ва қарши ўйнаганлар ичида энг яхшиси. У тўп билан муомала қилишни тушуниб бўлмайдиган даражада осон бажарарди. Ҳар бир машғулотда янги, кутилмаган ва чиройли нарсани намойиш этарди. Бу оддий ва ажралиб турадиган футболчи ўртасидаги фарқдир. Роналдо – ажралиб турадиганлар тоифасидан", – дея тушунтиради Зидан.

"Роналдо – футбол тарихидаги энг кучли ўйинчи. У ақл бовар қилмас сеҳргар. Мен ҳар доим у буни қандай амалга ошириши ҳақида ўйлардим. Ҳали ҳам билмайман, лекин шуни айтаманки, уни ҳеч ким такрорлай олмайди", – дейди Лео билан ўйнаган Самуэль Это'О.

Роналдо айнан қандай ўйнаган?

Роналдонинг шахсий физиотеропевти Нилтор Питроне: "Ўша йилларда у 100 метрни 10,2 ёки 10,3 сонияда босиб ўтарди. У шунчаки тезкор эмасди, буни техника ва куч билан бирлаштирганди.

Болтнинг рекорд кўрсаткичи – 9 дақиқа 58 сония. Роналдо давридаги энг тезкор футболчилардан бири Майкл Оуэннинг тан олишича, унинг кўрсаткичи – 10,8.

Куч ва космик тезликни бразилча техникаси билан уйғунлаштирган Роналдо ҳимоячиларни қийинчиликсиз алдаб ўтарди. 1996 йилда "Валенсия"га урилган гол Роналдонинг услубини яққол намоён этади.

Ушбу голда Роналдо майдоннинг бегона ярмида тўпни олиб қўйиб, барчани алдаб ўтади.

Шунга ўхшаш эпизодлар кўп марта юз берган. Хавьер Занеттининг ҳазиллашиб айтишича, "Интер"нинг 1997/98 йилги мавсумдаги ягона режаси "тўпни Роналдога бериш ва рақиб ҳимоячиларининг унга қарши нима қила олишларини томоша қилиш" бўлган. Зиданнинг айтишича, ҳеч қандай ишланма ёки тактика Роналдони тўхтата олмасди.

"Роналдо йўқдан бор қилади. У гол уриши учун шерикларга муҳтож эмас. Аксарият ҳужумчилар учун ярим ҳимоячилар кўмаги керак, аммо унга шарт эмас. У шунчаки тўпни олади ва гол уради. Феномен", – дея ҳаяжонини яширмайди Эмилио Бутрагеньо.

Роналдонинг футболи схемалар ва шерикларга деярли боғлиқ эмасди. Бразилия ва "Интер"да у жуфт бўлиб ўйнаган, "Барселона"да кўпинча ягона ҳужумчи бўлган. Ҳар қандай тизимда унинг роли сақланиб қолди ва юқорида тавсифланган супер техникани қўллаш қулай бўлган вазиятларни яратишга йўналтирилди.

"Мен барча ҳимоячилар ва дарвозабонни алдаб ўтганимдан сўнг гол уришни яхши кўрардим. Бу менинг устунлигим эмас, одатим эди", - дейди бразилияликнинг ўзи.

Бундай вазиятларни яратишнинг энг осон усули – бу доимий равишда рақиб ҳимоя чизиғига ўтиш. Агар ҳимоячи Роналдога эргашса, у ҳимоя чизиғидаги бўшлиқдан фойдаланади, орқа томондан очилади ва пойгада ғолиб чиқади.

Агар ҳимоячи жойида қолса, Роналдо эркин бурилиб, тўп билан олдинга югуради. Бу бразилияликнинг севимли сценарийси, аммо бу услубдан фақат ноёб Роналдо фойдаланиши мумкин эди.

Бу ҳаракат бразилияликни шу қадар ўзига хос қилдики, одамлар унинг ролини тасвирлашда адашиб қолишди. Зукко инсонлар Роналдо ва оддий ҳужумчилар роли ўртасида жуда катта фарқ борлигини кўради.

90-йилларнинг охирида Вальдано ҳайратланарли даражада аниқ башорат қилди: "Ромарио – Роналдонинг ўтмишдаги кўриниши. Унинг тўп тепиш нуқтаси жарима майдони бўлиб, у ерда зўр ўйнар эди. Ромарио – бу ўтмиш. Роналдонинг хатти-ҳаракати – бу келажак".

"Унинг тўпсиз ҳаракати жуда ажойиб эди. Мен ҳеч қачон футболчининг бундай яхши ҳаракат қилишини кўрмаганман. У билан ўйнашни хоҳлаган бўлардим. Ишончим комилки, у 2000 та гол урган бўларди, чунки мен уни ҳар доим тўп билан таъминлардим", – дейди Зико.

"Роналдо билан ўйнаш осон эди, чунки у доимо тўғри позицияга жойлашарди – ҳам жарима майдонида, ҳам унинг ташқарисида. Тўпни олишим билан Роналдо мен нима қилишимни олдиндар биларди", – дея эслайди Ривалдо.

Аста-секин мураббийлар уни чеклашнинг йўлларини излай бошлашди.

Биринчи синовлардан бирини "Тенерифе" мураббийи Юпп Хайнкес синаб кўрди. Немис Роналдони қўриқлашни Сесар Гомесга ишониб топширди. Гомеснинг омади келди. 1:1 ўйнашди – Роналдо гол урмади. 

Кейинчалик у ушбу ролнинг барча қийинчиликларини мукаммал тушунтириб берди: "Роналдони қўриқлаш – футболдаги энг қийин вазифа. Менинг иккита ролим бор эди – астойдил ибодат қилиш ва унинг ортидан кўп югуриш. Учрашув охирига келиб, чарчаб қолдим. Гўё бир эмас, бешта ўйин ўтказгандек.

Ёш Роналдода камчиликлар бўлганми ўзи?

Ўйин бўйича деярли йўқ эди. Фақат кичик танқидлар бўлган. Унинг севимли мураббийи Марио Загаллонинг айтишича, Роналдо пас билан ўйнаш хислатини кўчайтишириши мумкин эди.

"Биз деярли ҳар оқшом хордиқ чиқарардик. Эрталаб машғулот бўлса-да, маст бўлардик. Эрталаб мен зўрға ҳаракатланиб, нафас олишда қийналардим, у эса жилмайиб, базада кофе ичарди. Аслида унга машғулотлар шарт эмасди – у дунёнинг энг кучли футболчиси эди", - дейди Кристиан Вьери.

Роналдонинг "Интер"даги устози Симони бразилияликка алоҳида муносабатда бўлган: "Мен ҳеч қачон барча футболчилар тенг деб ўйламаганман. Ажралиб турадиганлар бор – Роналдо шундай эди. Унинг учун бошқалар югуриши лозим. Бутун жамоа буни тушунди ва хурсандчилик билан амалга оширди, чунки футболчилар таркибда даҳо бўлганида жамоа қанчалик кучли эканлигини яхши билар эди".

1998 йил январь ойида "Ювентус" билан ўйиндан олдин Роналдога "Олтин тўп" топширилди. "Интер" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, бразилиялик гол урди, бироқ ўйиндан сўнг у зиёфатга шунчалик шошилдики, ечиниш хонасида совринни унутиб қолдирди.

"Барса"даги ҳам шунга ўхшаш ҳолат рўй берган. Роналдо имтиёзларга эга эди. У икки ой ичида 9 марта Бразилияга учарди, баъзида Нью-Йоркка кириб ўтарди. Ҳамма Роналдонинг кўргилхушликка ўчлигини ва бунга кўп вақтини сарф этишини биларди.

Роналдонинг мероси

"Роналдо – ажойиб футболчи. Феномен. Мен ўзимни у билан таққослашга журъат этолмайман", – дейди Эрнан Креспо ўзининг "Интер"даги биринчи матбуот анжуманида. Расмий равишда айнан аргентиналик клубда Роналдонинг ўрнини эгаллаганди.

"У тарихдаги энг муваффақиятли футболчи. Ўйлайманки, ундан яхшироқ футболчи бўлмаган ва бўлмайди ҳам", – дейди Златан Ибрагимович.

"Жароҳатсиз Роналдо тарихдаги энг буюк футболчи бўлиш учун ҳамма нарсага эга бўлар эди", – деди Робсон.

Роналдо ёшлигида форвард ҳақидаги барча тушунчаларни "бузиб юборди".

Биринчидан, тезлик. Олдин қанотга тезкор футболчилар жойлаштириларди. Роналдо марказга жойлаштирилган биринчи супер тезкор топ-ҳужумчи. Леонардонинг сўзларига кўра, Роналдо футбол тезлигини ўзгартирди.

Иккинчидан, ҳаракат. "Роналдодан олдин ҳеч бир ҳужумчи бундай ўйнамаган. У бу позицияни қайта кашф этди: тўпни қабул қилиш учун жарима майдончасидан ярим ҳимоячиларга ёрдамга келар, қанотларда очилар, марказий ҳимоячиларни алдаб ўтарди. Шунингдек, бўш жойга очилар ва ҳимоячиларни дриблинг эвазига алдаб, ичкарига кириб борарди", – деб тушунтирди Тьерри Анри.

Учинчидан, Роналдо "ёлғон тўққизлик"нинг прототипидир. У концепцияга асос солган ҳимоячилар учун дилемма яратди.

Тўртинчидан, бразилиялик футболчи ўзига хос тарзда ўйнашга қодир бўлмаган иқтидоридан максимал даражада фойдаланиши керак бўлган бир қанча йигитларни илҳомлантирди. Харри Кейн, Гонсало Игуаин, Карим Бензема ва ҳаттоки Руд ван Нистелрой Роналдога ҳавас қилишган.

"Мен Лео Месси энг юқори чўққига чиққан пайтларида "Барселона"да ишлаганман, аммо ҳанузгача Роналдодан кучлироғини кўрмадим. У "Камп Ноу"да қойилмақом ишларни амалга оширарди. Ҳеч ким уни тўхтата олмасди. Агар у "Барселона"да ўтказган ягона мавсумидаги каби ўйнашни давом эттирганида, бемалол тарихдаги энг яхши тўрт ёки бешта футболчи қаторига кириши мумкин эди. У феномен", - дея хулоса қилди Оскар Гарсия.

Ёш Роналдо фаолиятидаги барқарорлиги билан эмас, балки чиққан чўққисининг ёрқинлиги билан баҳоланиб, "тарихдаги энг яхши" номига даъвогар.

Ҳозирда бундай футболчи йўқ – ва яқин орада пайдо бўлиши ҳам даргумон.

Шерзод Нурматов тайёрлади. 

Рейтинг: +19   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика