"Фабио футболчи ва мураббий сифатида катта тажрибага эга" – хорижлик мутахассислар муносабати

Оқил Абдубарноев
7 окт 2025
Фабио Каннаваронинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланишига хорижлик мутахассис ва журналистлар ўз муносабатини билдирди.

Футбол агенти Сильвано Мартино:

"Мен Фабиони футболни энг юқори даражада ўзлаштирган ўйинчи сифатида биламан. Бундан ташқари, у мураббий сифатида ҳам яхшигина тажрибага эга. У Италиядан ташқарида кўп ишлаган. Қийин шароитларда ҳам фаолият олиб борган. Унинг янги жамоани қандай ҳис қилиши жуда муҳим. Муваффақиятга эришиш учун яхши ўйинчилар ва жамоавий руҳ керак".

Журналист Адриано Анкона:

"Менимча, бу яхши танлов. Италияда у икки йил олдин "Удинезе"ни қутқариб қолган эди. Бу воқеа эсда қоларли бўлганди. Фабионинг ишини давом эттирмагани унинг айби эмас".

"Фиорентина" собиқ дарвозабони Себастьян Фрей:

"Фабиода футболчилик фаолиятида улкан ва мураббий сифатида яхши тажриба шаклланган. Менимча, бу жиҳатлар энг муҳими ҳисобланади. У бу тажрибани ўйинчилар билан баҳам кўриши ва уларга ўз кучига ишонч уйғотиши мумкин".

Машҳур мураббий ва футболчи Вальтер Новеллино:

"Мен уни жуда яхши инсон сифатида биламан. Фабио ҳозирча мураббий сифатида катта ютуқларга эришмаган бўлса-да, унинг олдида катта имкониятлар мавжуд. Муҳими, у футболчилик фаолиятида буюк мураббийлар билан ишлаган. У ўйинчиларга кўп нарсаларни ўргатиши ва уларни ўзига ишонишга ундаши мумкин".


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia