Давронжон Эргашев: "Бунёдкор"ни Қаршида ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди"

Mirjalol Normatov
24 апр 2021
Шуҳрат Мақсудов бош мураббийлигидаги "Бунёдкор" жамоаси Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи турида ўз майдонида "Сўғдиёнани" қабул қилди.

Ўйин давомида катта устунликка эга бўлган "қалдирғочлар" 1-1 ҳисобида дурангга имзо чекди. Ўйиндан сўнг жамоанинг тожикистонлик ҳимоячиси Давронжон Эргашев фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Тўғрисини айтганда  "Сўғдиёна" билан ўз майдонимиздаги ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Шундагина кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилардик. Масъулиятни барча ҳис қилиб турганди. Илк дақиқалардан бошлаб бор эътиборимизни ҳужумга қаратдик. Ўзингиз ҳам кўрдингиз қулай вазиятларни голга айланишига озгина омад  етишмади. Иккинчи бўлимда кўплаб ҳужумларимизнинг биттасидан самара чиқара олдик. Уйимизда ўтаётган баҳсларда мухлисларимизни хурсанд қила олмаяпмиз. Насиб қилса навбатдаги учрашувларда ғалабани тантана қилишга ҳаракат қиламиз. 

Қаршидаги ўйинда дурангни ўйламаймиз. Бизни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди. Навбатдаги босқич йўлланмасини "Насаф" майдонида қўлга киритамиз.

Ҳа, марказий ҳимояда ўйнаётган эдим. Кеча биринчи бўлимда қанотда ҳаракат қилишимга тўғри келди. Умуман олганда бу муаммо туғдиргани йўқ",- дейди Давронжон Эргашев.


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: championat.asia