"Бунёдкор" стадионига тегишли ҳудудда кўп қаватли бинолар қурилиши мумкин

Оқил Абдубарноев
17 май 2026, 18:28
Сўнгги кунларда Тошкентнинг "Бунёдкор" футбол клуби атрофида қатор муаммоли ва баҳсли вазиятлар юзага келмоқда. Жамоа нафақат молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда, балки клубнинг инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар хавфи остида ҳам қолган.

Ижтимоий тармоқда тарқалаётган маълумотларга кўра, "Бунёдкор" стадионига тегишли бўлган ер участкалари тижорат мақсадларида қурилиш ишлари учун сотилмоқда. Хусусан, гап стадионнинг йирик автотураргоҳ ҳудуди ва "Бунёдкор" футбол академиясига қарашли майдонлар ҳақида кетмоқда. Мазкур спорт иншоотлари ва автотураргоҳлар ўрнида баланд қаватли тижорат бинолари қурилиши режалаштирилган бўлиб, бу борадаги архитектура лойиҳалари аллақачон жамоатчиликка эълон қилинган. Бунинг ортидан клубнинг спорт базаси сезиларли даражада қисқариб, фақатгина асосий бинолар атрофига сиқиб қўйилиши мумкин.

photo_2026-05-17_10-27-27.jpgphoto_2026-05-17_10-27-28.jpg

Клуб инфратузилмасидаги бундай йўқотишлар ва ўзгаришлар жамоадаги чуқур молиявий инқироз фонида юз бермоқда. Жорий йилда жамоанинг асосий молиявий манбаси бўлган "Ўзбекнефтгаз" компанияси клубга ҳомийлик қилишни тўхтатган. Ушбу қарор "Бунёдкор"нинг кундалик фаолиятига ҳамда футболчилар ва ишчи-ходимлар олдидаги маош мажбуриятларини бажаришига катта зарба берди.

Молиявий муаммолар сабабли клубнинг собиқ легионерлари, хусусан, бразилиялик юлдуз Ривалдо олдидаги кўп йиллик қарздорлик масаласи яна кескинлашди. Яқинда Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) "Бунёдкор" клубига расмий огоҳлантириш хати юборди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент клуби расмий баёнот билан чиқди ва вазиятнинг қанчалик жиддий эканлигини тасдиқлади.

Клуб баёнотида келтирилишича, ФИФА "Бунёдкор"га Ривалдо Феррейра олдидаги белгиланган қарздорликнинг навбатдаги траншини тўлаш учун 30 кунлик муддат берган. Агар мазкур муддат ичида ушбу маблағлар тўланмаса, клубга нисбатан янги футболчиларни рўйхатга олишни тақиқловчи трансфер бан жазоси қўлланилиши маълум қилинган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бир вақтлар Осиёнинг энг номдор ва бадавлат клубларидан бири бўлган "Бунёдкор" бугунги кунга келиб ҳам молиявий, ҳам инфратузилмавий жиҳатдан ўз тарихидаги энг оғир синовли даврлардан бирини бошдан кечирмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф