

ПФЛ 2020-йилдан эътиборан ўтиш ўйинлари, Суперлигадан тушиш ва чиқиш механизмларини айнан шу йўналишда тартибга солиб келмоқда.
Бироқ, Биринчи лигада тўп тепаётган клубларнинг кейинги истиқболини белгилашда лицензиялаш механизми, клубнинг ривожланиш дастури, унинг болалар футболидаги роли асосий аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг май ойида Пролига ва Биринчи лига клублари мазкур йўналишда қандай ишлаши лозимлиги, бу масалада ПФЛнинг режалари қандай эканлиги хусусида хабардор қилинган.
Кейинги босқичда Биринчи лигада иштирок этаётган беш клуб 2027-йилги мавсум учун режаларини очиқлади: “Гулистон”, “Оқтепа”, “Аҳмедов”, “Дўстлик”, “Шердор”. Айнан шу клублар келаси мавсумни Пролигада ўтказиш истагини билдирди. Эндиликда, ПФЛ мазкур режани амалга ошириш тартибини белгилайди ҳамда ноябрь ойига қадар шу йўналишда клубларни мониторинг қилади.
Биринчи навбатда, клублар қошида фаолият кўрсатаётган футбол мактабларига эътибор қаратилади. Бунда, 2026-йилнинг 30-сентябрь санасига қадар ҳар бир клуб У10 — У17 ёш тоифалари оралиғидан энг камида олтитасини танлаб олиб, уларнинг ҳар бири учун йигирма нафардан кам бўлмаган тарбияланувчисини MyLeague платформасидан рўйхатдан ўтказиши лозим. Маълумки, мазкур платформа ФИФА Connect интерфейси билан тўғридан-тўғри интеграцияланган. Ундан рўйхатдан ўтказилган ҳаваскор футболчилар уникал ФИФА ID рақамига эга бўлади ҳамда футболчининг электрон паспорти шаклланишни бошлайди.
Маълумки, “Гулистон” футбол клуби 2026-йилдан эътиборан ташкил этилган бўлиб, айни вақтда Биринчи лиганинг Марказий минтақасида пешқадамлик қилмоқда. Ўтган мавсум якунида ПФЛ раҳбарияти Сирдарё вилояти ҳокими билан учрашув ўтказган бўлиб, унда Гулистон шаҳрида қурилиши давом этаётган стадион, “Гулистон” футбол клубининг келгуси режалари ва шу йўналишдаги бошқа масалалар муҳокама қилинган. Мамлакат Президентининг тегишли қарори билан "Сирдарё вилояти болалар ва ўсмирлар футбол мактаби Ассоциация ёрдамида “Гулистон” клубига бириктирилган. Ўтган вақт ичида клуб мана шу мактаб тарбияланувчилари рўйхатини шакллантириши ва уларнинг Ассоциация томонидан ўтказиладиган мусобақаларга тайёрлаши лозим эди.
Оқтепа, Аҳмедов, Дўстлик, Шердор клублари эса фаолиятини айнан футбол мактаби йўналишида бошлаган бўлиб, бугунга келиб ҳар бирининг турли ёш тоифалари бўйича тарбияланувчилари мавжуд. Эндиликда клублар ўз ҳаваскор футболчиларини ҳам ПФЛ рўйхатидан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтган футболчилар ҳудудий ассоциациялар томонидан ўтказиладиган мусобақаларда бевосита иштирок этиши лозим.
Шунингдек, юқорида қайд этилган беш клуб ПФЛнинг лицензиялаш бўйича талабларини эҳтимолий бажариши шартида ва уларга Пролига йўлланмаси эҳтимолий тақдим этилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, Пролига учрашувларини ўтказиш имкониятини берувчи стадион топиши ва шу йил якунига қадар ундан 2027-йилги мавсум давомида фойдаланиш бўйича шартнома имзолаши талаб этилади. Мазкур жараёнларнинг барчаси ПФЛ томонидан мониторинг қилиб борилади.
Маълумот учун, Лига мазкур клублар учун Пролига йўлланмасини кафолатламайди. Барча масала клубларнинг ўз иш режасига қанчалик пухта ёндашиши орқали ҳал этилади. Шунингдек, Пролигада иштирок этаётган бир қатор клублар 2026-йилги мавсум аввалида ПФЛ томонидан қўйилган ривожланишнинг кейинги босқичарини амалга татбиқ қила олмаса, улар 2027-йилги мавсумни Пролигада ўтказиш имкониятини йўқотади.



