

Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 12 ноябрь куни расмий баёнот эълон қилди.
АҚШ футбол федерацияси мусобақада қатнашишдан хавфсизлик билан боғлиқ сабабларга кўра воз кечган. Бунга АҚШ Давлат департаментининг Қатарга сафар қилиш бўйича учинчи даражали огоҳлантириши асос бўлган.
“ФИФА АҚШ футбол федерациясининг қароридан хабардор қилинди. Мусобақанинг тегишли регламентига мувофиқ чоралар кўрилади. ФИФАнинг хавфсизлик бўйича баҳолари ўзгармаган ва мусобақа хавфсизлигига таъсир кўрсатадиган янги ҳолатлар юзага келмаган”, – дейилади ташкилот баёнотида.
ФИФА мусобақа иштирокчилари ва мухлислар хавфсизлиги устувор вазифа эканини таъкидлаб, Қатарнинг масъул идоралари билан доимий алоқада эканини маълум қилди.
Қайд этиш жоиз, АҚШ U-17 терма жамоаси мундиалнинг “J” гуруҳида Черногория, Чили ва Жазоир билан куч синашиши керак эди.
Ҳозирча АҚШ ўрнига бошқа терма жамоа жалб этилиши ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, U-17 Жаҳон чемпионати 19 ноябрдан 13 декабрга қадар Қатарда ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Сергей Чигодаев шогирдлари “E” гуруҳида Италия, Кот-д’Ивуар ва Ямайкага қарши майдонга тушади.



