

Собиқ футболчи “Евро-Футбол” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳозирги ҳолати ва бўлажак учрашувдан кутаётган натижалари ҳақида гапирди.
“Менимча, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир янги ривожланиш босқичида. Жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзи футболимиз учун тарихий ютуқ бўлди. Албатта, мундиалдаги иштирокимиз халқаро тажриба, барқарорлик ва юқори даражадаги жамоаларга қарши ўйнаш борасида ҳали ишлашимиз кераклигини кўрсатди.
Жаҳон чемпионатидан кейин жамоа бир жойда тўхтаб қолмаслиги муҳим. Ҳозир хатоларни таҳлил қилиш ва янги тактик ечимларни топиш учун барча имкониятлар бор.
Фабио Каннаваронинг келиши – қизиқарли босқич. У энг юқори даражада катта тажриба орттирган. Мен бу жамоанинг салоҳиятини кўряпман. Истеъдодли футболчиларимиз, яхши ёшларимиз бор. Энг муҳими, мамлакатда футболга қизиқиш жуда юқори”, – деди Исмоилов.
Шунингдек, собиқ ҳимоячи Россияга қарши учрашув ҳақида ҳам фикр билдирди.
“Қизиқарли ва анча принципиал ўйин кутяпман. Россия – кучли футболчилари ва халқаро тажрибаси бор жиддий рақиб.
Терма жамоамиз учун бу, аввало, кучли рақибга қарши ўзини синаб кўриш, ҳозирги тайёргарлик даражасини баҳолаш ва қайси жиҳатлар устида яна ишлаш кераклигини аниқлаш имконияти.
Бундан ташқари, учрашув Тошкентда ўтади. Бу футболчиларимиз учун қўшимча мотивация бўлиши керак.
Яхши футбол, интизом ва ғалабага интилишни кўришга умид қиламан. Ўйлайманки, бу баҳс ҳар икки жамоа учун фойдали синов, мухлислар учун эса қизиқарли футбол воқеаси бўлади”, – деди Анзур Исмоилов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Россия ўртоқлик учрашуви бугун, 12 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида соат 20:00 да бошланади.



