

"The Guardian" хабарига кўра, Англия футбол ассоциацияси (FA) футболчилар учун 15 миллион фунт, бош мураббий Томас Тухел учун 3 миллион фунт, мураббийлар штаби аъзолари учун эса тахминан 1 миллион фунт бонус ажратган.
Футболчилар Қатардаги ЖЧ–2022да чемпион бўлган тақдирда оладиган мукофотга нисбатан икки баробардан ҳам кўпроқ маблағ ишлаб олишади.
ЖЧ–2026нинг умумий мукофот жамғармаси ҳам сезиларли оширилиб, 655 миллион долларга етказилди. Турнир ғолиби эса 50 миллион доллар мукофот пулига эга бўлади. Бу 2022 йилги мундиал ғолиби олган 32 миллион доллардан анча юқори кўрсаткичдир.
Шунингдек, Англия терма жамоаси чорак финалга чиққанининг ўзи учун ҳам тахминан 19 миллион доллар ишлаб бўлган. Ушбу маблағнинг қарийб ярми Норвегияга қарши чорак финал баҳси натижасидан қатъи назар футболчилар ва мураббийлар штаби ўртасида тақсимланади.
Ҳар бир футболчи оладиган аниқ бонус майдонда ўтказган вақтига қараб ҳисобланади. Агар маблағ тенг тақсимланса, ҳар бир футболчи тахминан 577 минг фунт стерлингга эга бўлади.
Бундан ташқари, Англия терма жамоаси футболчилари ҳар бир ўйин учун 2 минг фунт иштирок ҳақини ҳам олади. Бироқ анъанага кўра, ушбу маблағлар хайрия ишларига йўналтирилади.



