Абдуқодир Ҳусановнинг эҳтимолий янги клуби "Ланс" ҳақида нималарни билиш керак?
12 июл 2023 21:40
Янгиликлар
Абдуқодир Ҳусановнинг эҳтимолий янги клуби "Ланс" ҳақида нималарни билиш керак?
U-20 Осиё Кубоги қаҳрамонларидан бири, миллий терма жамоа дебютанти Абдуқодир Ҳусанов Франциянинг “Ланс” клубига ўтишга яқин. Ўзбекистонда бу жамоа ҳақида жуда кам одам билади. Лекин ушбу клуб эътиборга лойиқ - айниқса, ҳамюртимиз у ерга ўтгандан кейин.
Клуб тарихи ва ютуқлари
"Ланс" – Франциянинг энг қадимги клубларидан бири. У 1906 йилда ташкил топган, фақат "Ницца" (1904) ва "Марсель" (1899) топ-клуби ундан аввалроқ ташкил этилган. Клуб Бельгия билан чегара яқинида жойлашган худди шу номдаги шаҳарда жойлашган. Яқин атрофда Лига 1'нинг яна бир клуби – "Лилль" жойлашган. Лансдан Парижгача бўлган масофа тахминан 180 километрни ташкил қилади.
"Ланс"нинг анъанавий ранглари қизил ва сариқдир. Клубнинг энг яхши натижалари 1990-йилларнинг охири – 2000-йилларнинг бошларида кузатилган: ўша даврда "Ланс" Франция чемпиони бўлган (1997/1998 йилги мавсум), кумуш медални қўлга киритган (2001/2002) ва УEФА Кубоги ярим финалига чиққан (1999/2000) ва "Арсенал"га ютқазган.
Айни пайтда "Ланс"нинг техник ҳомийси Германиянинг "Puma" компанияси ҳисобланади.
Жамоада турли вақтларда қуйидаги футболчилар тўп тепган:
• Лоик Реми ("Марсель", "Ницца", "Лилль", "Челси" ва Франция терма жамоасидаги ўйинлари билан танилган);
• Сейду Кейта ("Барселона", "Рома", "Севилья", Мали терма жамоаси);
• Хилтон ("Монпелье", "Марсель");
• Владимир Шмицер ("Ливерпуль", Чехия терма жамоаси);
• Эл Ҳожи Диуф ("Болтон", "Ливерпуль", Сенегал);
• Ригобер Сонг ("Галатасарой", "Ливерпуль", "Вест Хэм", Камерун терма жамоаси);
• Альфонс Ареола (ПСЖ, "Вест Хэм", "Реал", Франция).
"Ланс" тарбияланувчилари:
• Рафаэль Варан ("Реал", "Манчестер Юнайтед", Франция терма жамоаси);
• Вилен Сиприен ("Ницца", "Парма");
• Бенуа Ассу-Экото ("Тоттенхэм", Камерун терма жамоаси);
• Серж Орье (ПСЖ, "Тоттенхэм", Кот-д'Ивуар терма жамоаси);
• Жоффре Кондогбиа ("Валенсия", "Атлетико", "Монако", "Интер");
• Торган Азар ("Боруссия М", "Боруссия Д", Бельгия терма жамоаси).
Клубнинг тикланиши ва 2022/2023 йилги мавсумдаги муваффақият
2015 йилда "Ланс" Франция олий лигасидан тушиб кетди. Қайтиш фақат беш йил ўтиб, 2020/2021 йилги мавсумда содир бўлди. Қизиғи шундаки, "Ланс" Лига 1'га қайтганидан сўнг дарҳол еврокубоклар зонасидан бир қадам нарида тўхтади: орзу қилинган олтинчи ўринни эгаллаган "Ренн" атиги бир очко кўпроқ тўплади. Бир йил ўтгач, тарих такрорланди – яна еттинчи ўрин, аммо Европа мусобақалари учун уч очко етарли эмасди.
Аммо ўтган, 2022/23 йилги мавсумда "Ланс" кичик мўъжиза яратди. Жамоа бутун чемпионат давомида кучли учликдан жой олиб, мавсум якунланиши арафасида 12 учрашувда 11 та ғалабали серия қайд этди ва ПСЖга яқинлашиб олди. Яна озгина етмади – парижликлар "Ланс"дан бир очкога ўзиб кетишди. Бироқ "қизил-сариқлар" клубнинг замонавий тарихидаги энг яхши натижага эришди ва УEФА Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўл олди.
"Ланс" Лига 1'да энг кам гол ўтказиб юборди – 38 ўйинда 29 та гол. Тўплар фарқи +39 ни ташкил этди, бу борада фақат ПСЖ (+49) олдинда. Мавсум давомида "Ланс" "Монако"ни икки марта (4:1, 3:0) мағлуб этди, шунингдек, "Лион" (1:0), "Марсель" (1:0, 2:1) ва "ПСЖ" (3:1) устидан бир мартадан ғалаба қозонди.
Бош мураббийнинг роли
2020 йилдан бери "Ланс"ни Франк Эз бошқариб келмоқда. Айнан шу мутахассис клубнинг олий дивизионга қайтишига ёрдам берди, шундан сўнг у футболчиларни ривожлантириш билан шуғулланди. Охирги икки йил ичида "Ланс" катта сотувларни амалга оширди: Шейк Дукуре ("Кристал Пэлас", 22,6 млн евро), Лоик Баде ("Ренн", 17 млн евро), Кристофер Вух ("Ренн", 9 млн евро), Жонатан Клаус ("Марсель", 7,5 млн евро). Бу Эзнинг катта хизмати, чунки ўтган мавсумда "Ланс" футболчиларининг ўртача ёши 25 ёшдан кичик эди. Франк ўйинчилар қиррасини очишни ва ёшлар билан ишлашни билади.
Футболчилар Эзни "хотиржам ва тўғри мураббий" деб аташади. Француз матбуотида кийиниш хонасида қандай ажойиб муҳит ҳукм сураётгани ҳақида маълумот топишингиз мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, "Ланс" мураббийлик жамоаси ва Эзнинг роли жуда катта.
Ўтган йили Франк нафақат мураббий, балки "Ланс" бош директори ҳам бўлди, чунки спорт йўналишининг аввалги раҳбари Флоран Гизольфи "Ницца"га кетганди. Энди Эз клубдаги деярли ҳамма нарса, жумладан, трансферлар учун ҳам жавобгар. Албатта, у ёлғиз ишламайди – унинг ёрдамчиси Грегори Тиль бор. У Гизольфига ёрдам берарди, энди "Ланс"нинг техник директори бўлди. Эз билан биргаликда улар клуб тарихини яратадилар.
Франк Эз ҳақида қизиқарли факт шуки, у йогани яхши кўради.
Сўнгги пайтларда йога жамоавий машғулотларнинг ажралмас қисмига айланди. "Биз кунига бир соат йога билан шуғулланамиз. Бу нафас олиш устида ишлаш учун зарур бўлган тикловчи жараён. Мен "Ланс"да эканман, бу ерда йога бўлади", – деди Эз интервьюларидан бирида.
"Ланс"нинг ўйин услуби ва жамоа етакчилари
"Ланс" ҳар доим учта марказий ҳимоячи билан ўйнайди. Рақибдан келиб чиқиб тактика ўзгариши мумкин – 3-5-2, 3-4-3 ёки 3-4-1-2.
Ўз жарима майдончаси томонни ҳимоя қилаётганда, "Ланс"нинг мутлақо барча футболчилари тўп учун кураш олиб боради. Тўп Эзнинг шогирдларига ўтгач, улар тезкор қарши ҳужумга ўтиб кетишга ҳаракат қилишади. Жамоа ихчам ҳаракат қилади, доимий равишда рақибга босим ўтказади. PPDA (прессинг интенсивлиги) бўйича "Ланс" ўтган мавсумда Франция чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллади.
"Ланс" 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ПСЖга қарши ўйинни жамоанинг ташриф қоғози деб аташ мумкин. Биринчи гол позицион ҳужумдан сўнг, иккинчиси – қарши ҳужум ва майдоннинг ярмидаги кесишувчи пасдан кейин, учинчиси эса рақиб жарима майдони тарафда муваффақиятли прессинг уюштириш натижасида юзага келди. "Ланс" турлича ўйнашни билади, асосийси – фидойилик, ихчамлик, доимий диққат-эътибор ва қарор қабул қилишда тезкорлик. Бунда ижрочиларнинг савияси ҳам, албатта муҳим.
Лидерлар:
• Лои Опенда – 23 ёшли бельгиялик ҳужумчи. Ўтган мавсумда 38 ўйинда 21 та гол урди ва 4 та голга ассистентлик қилди. Опенда ёзда "Лейпциг"га ўтиши ҳақида маълумотлар бор. Опенданинг бозор қиймати – 35 млн евро;
• Секо Фофана – 28 ёшли кот-д'Ивуарлик ярим ҳимоячи, жамоа сардори. У ҳамма нарсага қодир ўйинчи: тўпни олиб қўйиш, узоқдан узатмани амалга ошириш, ақлли пас бериш, рақибни алдаш ва жарима майдончаси ташқарисидан кучли зарба йўллаш. Ўйин услуби бўйича кўпчилик уни Яя Турега қиёслайди;
• Кевин Дансо – 24 ёшли австриялик ҳимоячи. Унга "Милан", "Наполи" ва бир қанча АПЛ клублари қизиқиш билдирмоқда;
• Брис Самба – 29 ёшли, келиб чиқиши конголик дарвозабон бўлиб, яқинда Франция терма жамоаси сафида дебют қилди. Учрашувда ўртача 2,6 та сейв қилди.
Ҳусановнинг позиция бўйича рақобатчилари
"Ланс" уч марказий ҳимоячи билан ўйнашини ҳисобга олсак, Ҳусанов катта эҳтимол билан бу триода ўнгдаги марказ вакили бўлади. Катта эҳтимол билан айнан шу нуқтада майдонга тушади, чунки марказда Кевин Дансо ўйнайди.
Ўнг марказий ҳимоя – "Ланс"нинг энг муаммоли позицияларидан бири. Мавсум давомида номинал чап қанот ҳимоячиси Массадио Айдара тез-тез у ерда ўйнади. Умуман олганда, "Ланс"да Дансодан ташқари ҳозирда фақат икки марказий ҳимоячи бор: Факундо Медина ва Жонатан Гради. Ушбу позицияда кўп ҳам футболчи йўқ.
Албатта, Ҳусановга дарҳол асосий таркибдаги барқарор ўрин берилиши қийин бўлади. Бироқ у аста-секин асосий таркибга мослаштириб борилади. Ёшни ҳам унутмайлик, чунки Абдуқодир эндигина 19 ёшда. Кейинги мавсумлар Ҳусанов учун ҳал қилувчи бўлади. Биз унга омад тилаймиз ва ўзбекистонлик миллионлаб футбол ишқибозлари қатори мухлислик қиламиз.
Николай Егоричев тайёрлади
Шерзод Нурматов таржимаси
Фикрлар