Йоронинг қизил карточкаси бекор қилинди: икки комиссия бир-бирига зид хулоса чиқарди

26 ноя 2026, 22:58
"Ливерпуль"га қарши (0:4) ўйинда Лени Йоронинг четлатилиши Англия футболида катта баҳсларга сабаб бўлди.

Англия Футбол ассоциациясининг (ФА) мустақил комиссияси ҳакам хатога йўл қўйганини бир овоздан тан олди. Бироқ, Daily Mail маълумотига кўра, Премьер-лиганинг бошқа мустақил комиссияси аксинча, ҳакам қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Эпизод учрашувнинг 8-дақиқасида содир бўлган. Александер Исак Маттейс де Лигт ортидан тўпни олиб, дарвоза томон ҳаракатланганида Лени Йоро унинг орқасидан туртди. Ҳакам Сэм Барротт голли вазиятни тўхтатгани учун французга қизил карточка кўрсатди. ВАР ҳакамлари Жон Брукс ва Пол Ҳовард ҳам қарорни маъқуллашди.

"Манчестер Юнайтед" ФАга апелляция учун бир нечта видеоёзув ва техник таҳлил тақдим этди. Клуб ҳисоб-китобларига кўра, Исак тўпга етиб бориши учун камида 1,8 метр масофа етишмаган, тўпни эса дарвозабон Сенне Ламменс эгаллаб олиши мумкин эди.

gettyimages-2305901069-2048x2048.jpg

ФА комиссияси Йоро қоида бузганини тан олди, аммо Исак тўп устидан назоратни фол содир бўлишидан олдин йўқотган, деб ҳисоблади. Комиссия ҳакам қарорини "очиқ-ойдин хато" деб баҳолаб, қизил карточкани бекор қилди.

Бироқ Премьер-лиганинг муҳим эпизодлар бўйича комиссияси (KMI Panel) 5:0 ҳисобида Барротт қарорини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, ВАРнинг аралашмагани ҳам тўғри деб топилди. Бу қарор ҳакамлар корпусида норозилик уйғотгани айтилмоқда — улар ФА хулосасидан ҳайратда ва изоҳ талаб қилмоқда.

"Манчестер Юнайтед" эса қизил карточка бекор қилинганига қарамай, натижадан тўлиқ қониқмаган. Клуб очколар қайтарилмаслигини таъкидлаб, Премьер-лига ва Pro Ref ташкилотига мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Манкунианликлар ВАР ҳакамлари Барротт хатога йўл қўйган бўлиши мумкинлигини етарлича жиддий кўриб чиқмаган, деб ҳисоблайди.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Daily Mail

Сўнгги янгиликлар

Барча ›