

Суперлига
9-тур
"Бунёдкор" – "Андижон" 1:3
Тошкент. “Бунёдкор” стадиони. 20:15
Бош ҳакам: Шавкат Насибуллаев
Ёрдамчи ҳакамлар: Расулжон Фозилов, Ислом Носиров
Захира ҳаками: Никита Мустафин
VAR: Жасур Мухторов
AVAR: Ислом Азимов
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров
Комиссар: Шерзод Ражабов
Голлар: 0:1 – 5, Имеда Ашортиа (Одилбек Абдумажидов), 0:2 – 70, Усмонали Исмоналиев (Пўлатхўжа Холдорхонов), 0:3 – 73, Азизбек Турғунбоев (Дамир Темиров), 1:3 – 90+2, Наримон Аҳмаджонов (Шаҳбоз Умаров)
“Бунёдкор”: 16.Федерико Ботти, 4.Нажмиддин Нормуродов, 6.Бобурбек Йўлдошев, 8.Дмитрий Плетнёв (66.Азизбек Тўлқунбеков, 23), 10.Амир Тўрақулов (9.Матия Кривокапич, 46), 15.Марко Бугарин, 17.Музаффар Олимжонов (7.Шаҳбоз Умаров, 67), 21.Носиржон Абдусаломов, 23.Асадбек Раҳимжонов, 28.Самандаржон Мавлонқулов (11.Сардор Абдунабиев, 46), 77.Билолхон Тошмирзаев (18.Наримон Аҳмаджонов, 78)
Захира: 1.Абдумавлон Абдулжалилов, 3.Сардор Раҳмонов, 27.Ислом Анваров, 47.Садриддин Ҳасанов.
“Андижон”: 1.Элдор Адҳамов, 2.Одилбек Абдумажидов, 6.Александре Андрокинашвили, 9.Имеда Ашортиа (17.Азизбек Турғунбоев, 46), 11.Ҳумоюнмирзо Иминов (7.Пўлатхўжа Холдорхонов, 46), 15.Неманья Чаласан, 22.Усмонали Исмоналиев, 26.Муҳаммадкарим Тоиров (18.Дамир Темиров, 69), 27.Мартин Боакье (10.Драган Черан, 46), 28.Бекзод Сулаймонов (33.Дониёр Абдуманнопов, 46), 77.Маҳмуджон Маҳамаджонов.
Захира: 35.Раҳимжон Давронов, 8.Жамшид Болтабоев, 14.Абдураҳмон Комилов, 20.Ислом Тўхтахўжаев.
Огоҳлантириш: Муҳаммадкарим Тоиров (28)
Учрашув якунланди! Ҳакамнинг финал ҳуштаги янгради.
"Бунёдкор" – "Андижон" — 1:3
"Андижон" жамоаси сафарда кечган қийин баҳсда ишончли ғалабани қўлга киритди. Иккинчи бўлимда "бургутлар" томонидан киритилган иккита гол ўйин тақдирини деярли ҳал қилиб қўйган эди. "Бунёдкор" учрашув сўнгида Наримон Аҳмаджоновнинг чиройли голи эвазига жавоб қайтарган бўлса-да, бу очко олиш учун камлик қилди.
90+2' – ГОЛ! "Бунёдкор" ниҳоят ҳисобни қисқартирди!
Дисквалификацияси якунланиб, майдонга қайтган Наримон Аҳмаджонов ўзининг қанчалик "ташна" эканлигини намойиш этди. У чап қанотдан марказга қараб интилди ва жарима майдончаси ташқарисидан кучли, айланма зарба йўллаб, дарвозани ишғол қилди!
Майдон ташқарисида кузатилган "важоҳат" ва иштиёқ мана шу голда ўз аксини топди. Чиройли гол!
Ҳисоб – 1:3.
90' – Учрашувнинг асосий вақти ўз ниҳоясига етди. Захира ҳаками томонидан иккинчи бўлимга 4 дақиқа вақт қўшиб берилгани маълум қилинди. "Бургутлар"нинг йирик ғалабасига саноқли дақиқалар қолмоқда.
89' – Хавфли вазият! "Бунёдкор"нинг чап қанотдан ташкил этган ҳужумидан сўнг тўп жарима майдончаси ичига узатилди. У ерда Носиржон Абдусаломов дарвозани нишонга олди, бироқ Элдор Адҳамов тўпни эгаллаб олишга муваффақ бўлди.
87' – Носиржон Абдусаломов жарима зарбасини ижро этди. Унинг дарвоза томон йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади – тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. "Бунёдкор" вазиятлардан фойдаланишда оқсашда давом этмоқда.
85' – Майдонда тўхталиш. "Андижон" ҳимоячиси Одилбек Абдумажидов тўп учун курашда ноқулай йиқилди. Унга майдонда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Баҳс вақтинча тўхтаб турибди.
84' – Драган Черан чап оёғи билан рақиб дарвозасини нишонга олишга уриниб кўрди. Бироқ унинг берган зарбасига аниқлик етишмади ва тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди.
82' – Матия Кривокапич рақиб дарвозасини нишонга олишга уриниб кўрди. Унинг йўллаган зарбасидан сўнг "Андижон" посбони Элдор Адҳамов тўпни ишонч билан эгаллаб олди.
81' – Нажмиддин Нормуродов жарима зарбасини ижро этди. Бироқ унинг берган зарбасига аниқлик етишмади ва тўп дарвозага хавф туғдирмай майдон ташқарисига чиқиб кетди.
78' – "Бунёдкор" таркибида ўзгариш: Билолхон Тошмирзаев захирага олинди, унинг ўрнига Наримон Аҳмаджонов баҳсни давом эттирадиган бўлди.
73' – ГОЛ! "Андижон" ҳисобни йириклаштирмоқда!
Дамир Темировнинг заргарона пасидан сўнг, Азизбек Турғунбоев жарима майдончаси ичига ёриб кирди ва имкониятни қўлдан бой бермай, дарвозани аниқ нишонга олди. "Бургутлар" меҳмонда ҳақиқий "шоу" кўрсатишмоқда.
Ҳисоб – 0:3. "Бунёдкор" учун бугунги кеча анча оғир ўтмоқда.
70' – ГОЛ! "Андижон" ҳисобдаги фарқни оширмоқда!
Пўлатхўжа Холдорхонов томонидан жарима зарбасидан ҳаволатиб етказиб берилган тўпни Усмонали Исмоналиев бош билан дарвозага аниқ йўллади. "Бургутлар" стандарт вазиятдан унумли фойдаланишди.
Ҳисоб – 0:2. Мезбонлар учун вазият анча мураккаблашди.
69' – "Андижон" таркибида навбатдаги ўзгариш: Муҳаммадкарим Тоиров ўз ўрнини Дамир Темировга бўшатиб берди.
67' – "Бунёдкор" таркибида навбатдаги ўзгариш: Музаффар Олимжонов захирага олинди, унинг ўрнига Шаҳбоз Умаров баҳсга қўшилди.
66' – "Андижон"нинг қарши ҳужуми! "Бунёдкор" посбони Федерико Ботти юзага келиши мумкин бўлган хавфни олдиндан сезиб, майдон марказигача чиқиб келди ва тўпни аутга тепиб юбориш орқали хавфни бартараф этди.
64' – Хавфли вазият! "Бунёдкор" вакиллари ўнг қанотдан марказга пас узатишди. Ҳимоячи тўпни қайтарди, бироқ ҳужумнинг давомида тўп яна жарима майдончаси ичига қайтарилди. У ерда пайдо бўлган Билолхон Тошмирзаев тўпни тўхтатишда хатога йўл қўйди ва натижада қулай имконият бой берилди.
63' – "Андижон" бурчак зарбасини амалга оширди. Александре Андрокинашвили жарима майдончаси ичида бош билан зарба йўллади, бироқ унинг уриниши ноаниқ чиқди. Тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетди.
62' – "Бунёдкор"нинг бурчак зарбасидан сўнг ҳимоячилар тўпни қайтаришди. Ҳужумнинг иккинчи тўлқинида жарима майдончасига узатма амалга оширилди – Марко Бугариннинг бош билан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Мезбонларда жуда хавфли вазият!
58' – Азизбек Турғунбоев ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига кириб бориб, кучли зарба йўллади. Бироқ унинг ижросидаги зарбага бироз аниқлик етишмади ва тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди.
55' – Федерико Боттидан супер сейвлар! "Андижон" кетма-кет хавфли ҳужумлар ташкил этди, бироқ "Бунёдкор" посбони аввалига Дониёр Абдуманнопов, сўнгра Пўлатхўжа Холдорхонов томонидан йўлланган зарбаларни маҳорат билан қайтариб қолди. Ҳисоб ўзгаришсиз қолмоқда.
48' – Пўлатхўжа Холдорхонов чап оёғи билан дарвозани нишонга олишга уринди, бироқ унинг зарбасига аниқлик етишмади. Тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди.
46' – Иккинчи бўлим бошланди. Танаффусдан сўнг ҳар икки жамоа таркибида ўзгаришлар юз берди.
"Бунёдкор" сафида Самандаржон Мавлонқулов ўрнига Сардор Абдунабиев, Амир Тўрақулов ўрнига эса Матия Кривокапич майдонга тушди.
"Андижон" таркибида бир йўла тўртта алмаштириш: Мартин Боакье ўрнига Драган Черан, Бекзод Сулаймонов ўрнига Дониёр Абдуманнопов, Имеда Ашортиа ўрнига Азизбек Турғунбоев ҳамда Ҳумоюнмирзо Иминов ўрнига Пўлатхўжа Холдорхонов баҳсни давом эттирадиган бўлди.
45+2' – Биринчи бўлим якунланди. Танаффус.
Ҳозирча ҳисоб меҳмонлар фойдасига – 0:1. Имеда Ашортианинг 5-дақиқадаги голи "Андижон"ни олдинга олиб чиқди. "Бунёдкор"да ҳисобни тенглаштириш учун қулай имконият (пенальти) бўлган эди, бироқ Тошмирзаев ундан фойдалана олмади. Жамоалар кийим алмаштириш хонасига йўл олишмоқда.
45' – Биринчи бўлимнинг асосий вақтига 2 дақиқа вақт қўшиб берилди.
43' – Азизбек Тўлқунбековнинг олис масофадан йўллаган зарбаси ўта ноаниқ чиқди. Тўп дарвозадан анча узоқ траектория бўйлаб майдон ташқарисига чиқиб кетди.
37' – Амир Тўрақулов олис масофадан зарба йўллади. Унинг ижроси кучсиз ва ноаниқ чиқди, натижада тўп дарвозага хавф туғдирмай майдон ташқарисига чиқиб кетди.
35' – Жарима зарбасини Носиржон Абдусаломов ижро этди. Унинг берган зарбасига бироз аниқлик етишмади.
34' – Имеда Ашортиа ўз жарима майдончаси яқинида Билолхон Тошмирзаевни йиқитди. "Бунёдкор" фойдасига жуда хавфли нуқтадан жарима зарбаси белгиланди.
32' – "Бунёдкор"да ҳисобни тенглаштириш учун олтин имконият бой берилди. Ўтган ўйинда хет-трик қайд этган, жумладан, жарима зарбасини голга айлантирган Билолхон Тошмирзаевнинг пенальтидан йўллаган зарбаси дарвоза устунидан қайтди! Унинг қайтган тўпга берган иккинчи зарбаси йўлига Неманья Чаласан тўғаноқ бўлди. Баҳс давом этади.
30' – "Андижон" дарвозасига пенальти! Билолхон Тошмирзаевнинг чап қанотдан узатган тўпи Ҳумоюнмирзо Иминовнинг қўлига тегди – ҳакам нуқтани кўрсатди.
28' – Муҳаммадкарим Тоиров аутдан келган тўпни назорат қилишда хатога йўл қўйди ва қарши ҳужумга ўтиб кетаётган Носиржон Абдусаломовни ушлаб қолгани учун сариқ карточка билан жазоланди.
28' – Бекзод Сулаймоновнинг дарвоза томон йўллаган зарбаси Нажмиддин Нормуродовга тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. "Андижон" фойдасига аут.
25' – Билолхон Тошмирзаев бурчак зарбасидан тўпни жарима майдончасига оширди, "Андижон" посбони Элдор Адҳамов тўпни ишонч билан ушлаб олди.
23' – "Бунёдкор" таркибида мажбурий ўзгариш: жароҳат олган Дмитрий Плетнёв майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Азизбек Тўлқунбеков ўйинга қўшилди.
22' – Маҳмуджон Маҳамаджонов чап қанотдан жарима майдончасига кириб, марказга узатма берди. "Бунёдкор" посбони Федерико Ботти тўпни эгаллаб олди.
19' – Александре Андрокинашвили жарима майдончаси ичига кескин пас узатди. Ҳумоюнмирзо Иминовнинг зарбасини Федерико Ботти қайтарди. Қайтган тўпга Мартин Боакьедан аввалроқ ҳимоячи етиб келиб, хавфни бартараф этди. Кўп ўтмай ҳакам офсайд қайд этди.
17' – Дмитрий Плетнёв рақиб жарима майдончаси ташқарисида Александре Андрокинашвили билан тўқнашиб кетди. "Бунёдкор" аъзосига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ўйинда қисқа тўхталиш.
16' – "Бунёдкор" жарима зарбасига эга бўлди. Нажмиддин Нормуродовнинг ижросидаги зарба ноаниқ кўриниш олди ва тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетди.
14' – Федерико Ботти тўпни майдон четида турган бош мураббий Илёс Зейтуллаев йўналишига узатди.
12' – Неманья Чаласан жарима майдончаси ичидаги Усмонали Исмоналиевга кросс узатди. Исмоналиев тўпни бош билан Мартин Боакьега етказди, бироқ ҳужум чўзилиб кетгани боис "Бунёдкор" ҳимоячилари ўз ўринларига қайтишга ва хавфни бартараф этишга улгуришди.
5' – ГОООЛ! Имеда Ашортиа ўнг қанотдан марказга интилиб, ҳимоячилар қуршовида бўлишига қарамай, дарвозани аниқ нишонга олди – 0:1. Ашортиа собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этгани сабабли голни нишонламади.

4' – Александре Андрокинашвили Бекзод Сулаймоновни рақиб посбони билан бирга-бир вазиятга чиқаришга ҳаракат қилди. "Бунёдкор" дарвозабони Федерико Ботти ўз вақтида олдинга чиқиб, хавфни бартараф этди.
2' – "Андижон" вакили Бекзод Сулаймонов чап қанотдан олдинга ўтиб, жарима майдончаси ичига тўпни узатди. "Бунёдкор" ҳимоячиси Бобурбек Йўлдошев тўп йўлига ғов бўлиб, хавфни бартараф этди.
1' – Учрашув бошланди. Тўпни майдон марказидан "Бунёдкор" футболчилари ўйинга киритиб беришди. Мезбонлар илк сониялардан назоратни қўлга олишга интилишмоқда.


Жамоалар бош ҳакам Шавкат Насибуллаев бошчилигида яшил майдонга тушиб келишмоқда. Майдон эгалари — "Бунёдкор" жамоаси бугун ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда тўқ-кўк рангли либосларда ҳаракат қилади. Меҳмонлар, "Андижон" эса бугун оқ рангли формаларда майдонга тушишди.
Ҳар икки жамоа сардорлари ва ҳакамлар иштирокида қуръа ташлаш ва расмий жараёнлар бўлиб ўтмоқда. Бироздан сўнг учрашувга старт берилади. Бизни шиддатли 90 дақиқа кутмоқда!



