Слот Салоҳнинг сўзлари ҳақида: "Бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлди"

Aslanov Jasurbek
9 дек 2025
"Ливерпуль" бош мураббийи Арне Слот Муҳаммад Салоҳ билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

Мисрлик вингер Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 6-тури доирасидаги "Интер"га қарши ўйин учун инглиз жамоаси қайдномасига киритилмади. Аввалроқ Салоҳ кетма-кет учта ўйинда асосий таркибга тушмаганидан сўнг клубнинг ўзига бўлган муносабатини танқид қилган эди: "Менга алам қиляпти. Мен АПЛ ғолиби бўлдим, ушбу авлод ичида ҳаммадан кўп гол уряпман. Нима учун ҳаммаси бундай якун топиши керак?".


– У кимни назарда тутганини [уни "автобус тагига ташлашгани" ҳақида гапираётганда] тушуниш мен учун қийин. Биз унга ЧЛ ўйинига бирга бормаслигини маълум қилдик. Унга айтган ягона гапимиз шу бўлди.

– У қандай реакция билдирди?

– Қисқа.

– Муносабатларингиз бузилганми?

– Мен бундай деб ўйламайман, лекин у нимани ҳис қилаётган бўлса, шунга ҳақли. Унинг изоҳлари мен учун кутилмаган ҳолат бўлди.

– У "Брайтон"га қарши ўйнайдими?

– Эртага бизни "Интер"га қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Индинга вазиятни яна бир бор кўриб чиқамиз. Мен қатъий ишонаманки, футболчида ҳар доим қайтиш учун имконият мавжуд.

– Салоҳ "Ливерпуль" сафидаги ўзининг сўнгги ўйинини ўтказиб бўлдими?

– Билмадим. Ҳозир бу саволга жавоб бера олмайман, – деди Слот.


Aslanov JasurbekMuallif
Manba: x.com/JacobsBen