Симоне Инзаги: "Нефтчи"га тан бериш керак"

Оқил Абдубарноев
23 ноя 2026, 22:06
Элит ОЧЛ 5-туридан жой олган "Нефтчи" – "Ал Ҳилол" (2:2) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Симоне Инзаги матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида фикр билдирсангиз...

– Яхши учрашув гувоҳи бўлдик. Албатта, якуний натижадан бироз афсусдамиз, бироқ биринчи бўлимда майдонда ўзимизни муносиб намоён этдик. Иккинчи бўлимда эса олдини олиш мумкин бўлган иккита гол ўтказиб юбордик. Шунга қарамай, "Нефтчи"га тан бериш лозим – рақиб интизомли, тинимсиз ҳаракат қилган ва бор кучини ишга солган жамоа сифатида майдонга тушди.

– Биринчи бўлимда жамоангиз катта устунлик билан олдинда бораётган эди, бироқ "Нефтчи" ўйин жараёнини бутунлай ўзгартириб юборди. Сизнингча, "Нефтчи" ўйинидаги асосий бурилиш нима билан боғлиқ бўлди ва жамоангиз нима сабабдан бундай ҳолатга тушиб қолди? Ғалабани муддатидан аввал нақд қилдик деган хотиржамлик ёки рақибни менсимаслик ҳолати юзага келмадими?

– Афсуски, биринчи бўлимда иккитадан ортиқ гол уриш имкониятига эга эдик. Иккинчи бўлимда эса рақиб ҳисобни 2–1 кўринишига келтирди, шундан сўнг бахтга қарши ўз дарвозамизга тўп киритиб қўйдик. Эҳтимол, биринчи бўлимда яна бир гол уришимиз зарур эди – бу учрашув тақдирини бизнинг фойдамизга ҳал қилган бўларди. Аммо аввал таъкидлаганимдек, беллашув кўплаб яккакурашларга бой, кескин руҳда кечди. Биз ҳар бир тўп учун курашган, майдонда бир сантиметр ҳам бўш ҳудуд қолдирмаган жамоага рўбарў келдик. Албатта, натижадан ранжидик, зеро таркибдаги айрим йўқотишларга қарамай, ғалаба қозонишни мақсад қилган эдик. Маҳзари, Мандаш, Салим ва Буабре каби тўрт нафар футболчимиз бугун ўйин давомида захирадан майдонга тушиб, жамоамизга катта ёрдам бериши мумкин эди. Шунга қарамай, назаримда, жамоа майдонда яхши ўйин намойиш этди. Ғалаба қозона олмаганимиздан бироз афсусдамиз, бироқ бешта турдан сўнг ҳисобимизда ўн очко мавжуд ва кейинги босқич йўлланмасини кафолатлаш учун қулай мавқедамиз.

– "Нефтчи"нинг иккинчи бўлимдаги ҳаракатларига қандай баҳо берасиз? Рақиб бу қадар тажовузкор ўйин намойиш этишини кутганмидингиз?

– Иккинчи бўлимда юзага келган айрим қулай вазиятлардан унумли фойдаланишимиз лозим эди. Бироқ юқорида айтиб ўтганимдек, бунда рақибнинг маҳоратини ҳам эътироф этиш жоиз. Икки тўп фарқи билан ортда бораётганига қарамай, таслим бўлмаган ва курашда қолган жамоага қарши тўп сурдик. Биз, албатта, ҳаракат қилдик ва учинчи голни уришимиз шарт эди, аммо афсуски буни уддалай олмадик.

– Жамоа ўйинидан қай даражада қониқиш ҳосил қилганингиз борасидаги фикрингизни ҳурмат қиламан. Бироқ менинг фикримча, "Ал-Ҳилол" мухлисларининг аксарияти – уларнинг муносабатини ҳам кўрдик – биринчи бўлимдаги икки тўп фарқи билан эришилган устунликка қарамай, нафақат натижадан, балки ўйин сифатидан ҳам мутлақо норози бўлди. Шунингдек, иккинчи бўлимда нима содир бўлдики, учрашув шундай натижа билан якунланди?

– Табиийки, дуранг натижадан ҳеч ким мамнун эмас – барчамизда афсусланиш ҳисси мавжуд. Юқорида таъкидлаганимдек, афсуски, ғалабани кафолатлайдиган учинчи голни ура олмадик. Шу боис кўнглимизда алам бор: футболчилар ҳам, мураббийлар штаби ҳам бу натижадан хурсанд эмас. Шундай бўлса-да, майдонда қайд этилган ҳукмни қабул қилиш ва аввал айтганимдек, бор имкониятини ишга солиб, тажовузкор ўйин кўрсатган рақибга муносиб баҳо бериш лозим.

– Салим Довсарийнинг бугун Ўзбекистонга келмаганининг асл сабабига ойдинлик киритсангиз. Шунингдек, ушбу Элит Чемпионлар лигасида ўз жамоангизни асосий фаворит деб ҳисоблайсизми ёки бошқа бирор жамоани фаворитлар қаторида кўрсатасизми?

– Салим Осиёнинг энг яхши футболчисини тақдирлаш маросимида иштирок этгани боис уч кун давомида машғулотларда қатнаша олмади. Уч кунлик машғулотсиз даврдан сўнг бизни узоқ сафар кутиб турган эди, шу сабабли у Ар-Риёдда қолган яна уч нафар футболчимиз билан биргаликда уйда машғулот ўтказиши учун қолдирилди.

– Кўпчилик "Ал-Ҳилол"ни жорий мавсумда Элит Чемпионлар лигаси совринини қўлга киритиш учун асосий даъвогарлардан бири деб ҳисоблайди. Сиз ушбу фикрга қўшиласизми?

– Шубҳасиз, бу бизнинг энг устувор мақсадларимиздан биридир. Мухлисларимиз ушбу мусобақага қанчалик катта эътибор қаратишини яхши биламиз. Турнирда рақобат ниҳоятда юқори эканини англаймиз, бироқ биз Осиё миқёсида, миллий чемпионатимизда ҳамда Саудия Арабистони кубогида энг яхши бўлишга интиламиз. Юқори даражадаги рақобатбардошликни сақлаб қолиш учун ҳар куни тинимсиз меҳнат қиламиз, зеро кучли бўлишни мақсад қилганмиз ва ишқибозларимиз учун барча мусобақалар, жумладан, Осиё Чемпионлар лигаси қанчалик муҳим эканини чуқур ҳис этамиз.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia