

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун чиройли ва босимли футбол кўрдик ва шундай бўлишини кутгандик. "Лочин" жамоаси қандай футбол намойиш этишини биламиз. Курашларга бой ўйин гувоҳи бўлдик. 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгач, баҳс охирларида гол ўтказиб юбордик ва "Лочин" ўз ўйини билан бизни босим остида ушлаб турди. Қийин ғалабага эришдик. Ушбу ютуқ билан барча ғузорликларни табриклайман.
- Ўйинда "Лочин" "Шўртан"ни тўпсиз қолдиришга ва ўз тактикасига кўндиришга ҳаракат қилди. Шундай вазиятда "Шўртан" рақиб тактикасига тушиб қолгандек тасаввур қолдирмадими?
- Тўп назорати кўпроқ "Лочин"да бўлгани рақиб сафида яхши ярим ҳимоячилар борлиги билан боғлиқ ва улар асосан тўпни ўртада ушлашга ҳаракат қилишди. "Лочин"да тўп тепаётган кўп футболчиларни биламиз, улар "Насаф"дан чиққан, кўп йил бирга ўйнашган. Уларнинг ҳужум чизиғини ёпишга ҳаракат қилганимиз боис хавфли вазиятлар кам яратилди.
- "Шўртан" стадиони билан "Геолог" майдони ўртасидаги фарқ нимада?
- "Геолог"даги майдон юмшоқ, фақат майса баландроқ экан. Ғузордаги асосий стадионда фақат ўйинларни ўтказяпмиз, машғулотларни бошқа майдонда олиб боряпмиз. "Машъал" ҳам уй учрашувларини Ғузорда олиб бораётгани сабабли стадиондан фақат ўйин куни фойдаланяпмиз. Бугун керакли вазиятларда босим қилдик, доим босим қилганимизда футболчиларимиз мушакларида оғриқ бўларди.
- Захирадан тушганлар ҳақида фикрингиз?
- Захирадан тушиб бирданига ўйинга киришиб кетиш осмонмас. Даниель Насридинов майдонга тушгач, ҳужумни кучайтиришга ҳаракат қилди. Бир нечта яккакурашларни ютди. У кам тўп тепгани билан жамоамизга фойдаси тегди.
- Бугун рақиб жамоа футболчилари кўпроқ кўзи ёниб ҳаракат қилди деб ҳисоблайсизми?
- "Лочин" ўз майдонида ўйнади, биламизки, ўз уйида ҳамма яхши тўп тепишга ҳаракат қилади. Ёшлар шу орқали катта футболда ўз ўринларини топишга ҳаракат қилади. Бу ўринда биз ўз тажрибамизни қўлладик.
- Шоҳруҳ Эшбўтаев ўрнига Низомиддин Зиёвутдиновнинг дарвозани қўриқлаши олдиндан режалаштирилганмиди?
- Эшбўтаев борасида ҳеч қандай муаммло йўқ, шунчаки тақвим зич бўлгани боис ротацияга қўл урдик. Чарчоқ сезилган футболчилар ўрнига бошқалар ўйнайди. Тўрт кундан кейин яна ўйинимиз бор, бу учрашувда ҳам ўзгариш бўлиши мумкин.



