

"Биз учун энг асосий кутилма — плей-офф орқали жаҳон чемпионатига чиқиш. Шу боис биринчи навбатда айнан шу ўйинларга пухта тайёргарлик кўриш керак. Гуруҳ масаласига келсак, рақиблар кучли эканлиги аён, аммо бош мақсад — аввало, жаҳон чемпионатига йўл олиш", — деди Шевченко “Суспильне Спорт”га берган интервьюсида.
— Демак, эҳтимолий рақиблар рўйхати ҳозирча сиз учун аҳамиятли эмас?
— Ҳозир бунинг катта аҳамияти йўқ. Аввало, йўлланмани қўлга киритишимиз шарт. Шундан кейин гуруҳни таҳлил қила бошлаймиз. У ерда яхши жамоалар тўпланган, бугун ҳамма футбол ўйнайди. Лекин яна такрорлайман: энг муҳим вазифа — Жаҳон чемпионатига чиқиш.
5 декабрь куни Вашингтон шаҳрида ЖЧ–2026нинг финал босқичи учун қуръа ташланди. Украина терма жамоаси плей-офф орқали саралашдан ўтиш имкониятини сақлаб турибди.
26 март куни Сергей Ребров шогирдлари Швецияга қарши ўйнайди. Бу жуфтлик ғолиби Польша — Албания баҳсида зафар қозонган жамоа билан финалда тўқнаш келади. Плей-офф ғолиби Жаҳон чемпионатига йўлланма олади.
Агар Украина саралашдан ўта олса, эҳтимолий гуруҳда Нидерландия, Япония ва Тунисга қарши тўқнаш келиши мумкин.



