

Аутсайдер ўртамиёнага қарши
Аввалги турда уфаликларга қарши баҳсда ишқибозлари кўз ўнгида рақиби дарвозасига йўл топа олмаган Владимир Федотов бошчилигидаги "Оренбург" эндиги сафар ўз майдонида ўтган турда нурсиз дурангга имзо чеккан яна бир жамоа "Ахмат"ни қабул қилади. Меҳмон жамоа турнир жадвалида 15 очко жамғарган ҳолда, 15-ўринни банд этиб туришибди. Бу сафарги учрашувда, оренбургликлар шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Вадим Афонинни асосий таркибда кутиб қоламиз.
Қозонда бўладиган жанг
Жорий турнинг марказий ўйинида айни пайтга келиб, мусобақа жадвалида ўзининг якка ҳокимлигини ўрнатган Санкт-Петербургнинг "Зенит" клуби ўз уйида ҳозирда аввалги мавқейини йўқотган ва хаттоки қуйи зонага тушиб қолиш хавфи остида турган Қозин шаҳри бош жамоаси "Рубин"ни меҳмон қилади. Питерликлар шарафини узоқ йиллар давомида футболчи сифатида ҳимоя қилиб келган Сергей Семак эндиликда жамоани мураббий ролида бошқармоқда ва у ҳужум чизиғида Сардор Азмун, Малком, Себастьян Дриусси ва Артём Дзюбадек супер форвардларга эга. Эдуардо Докампо шогирдлари орасида эса, исландиялик истиқболли футболчилардан бири Видар Кьяртанссон ҳамда бор йўғи 2 та гол билан жамоа бош тўпурари бўлиб турган Евгений Марковлар бор.
Ростовликлар Москвада меҳмон
Афсус ва надоматлар бўлсинким, олдинги турда аутсайдерга тайёр ғалабани қўлдан чиқарган ҳолда аламли тарзда имкониятни бой берган "Ростов" бу сафар меҳмонда қозонликларни минимал ҳисобда енгган "Динамо" майдонида қимматли уч очко учун курашади. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги икки баҳсида 3 та гол урган ҳамда жорий 2019-йил ҳисобидан халқаро миқёсда нақд 20 голдан хирмон ясаган бўлажак жаҳон юлдузи ватандошимиз Элдор Шомуродовдан юқори савияли ўйин намойиш этиш асносида тўпурарлик салоҳиятини кўрсатишини кутиб қоламиз.
Ўртамиёна аутсайдер баҳси
Якшанба кунги ўйинларни бошлаб берувчи учрашувда аввалги тур доирасида меҳмонда асосий рақобатчиларидан бири бўлган Оренбург шаҳри жамоаси билан муроса кўчасини танлаган "Уфа" бу сафар ўз майдонида мухлислари қаршисида ўйнаганига қарамай ўзидан ҳар жабҳада устун келган ЦСКАга аламли тарзда ютқазиб қўйган "Сочи"ни қабул қилади. Уфаликлар ушбу учрашувда уч очкони нақд қиладиган бўлишса, 6-ўрингача кўтарилиб олиш имкониятига эгалар. Меҳмонлар эса, агар ғалаба қозонишса хавфли зонани тарк этиши мумкин.
Рақобатчилар қарама-қаршилиги
Айни пайтга келиб, мусобақа жадвалида 6-12-поғоналар орасидаги очколар тафовути унчалик катта эмас. Бошқача қилиб айтганда, жамоалар жуда зич жойлашишган. Ўтган турда Грознийга учиб, "Ахмат" билан меҳмонда дурангга имзо чеккан "Урал" ўз майдонида асосий рақобатчиси "Крылья Советов"ни ишончли ҳисобда енгган "Спартак"ни қабул қилади. Екатеринбург шаҳри жамоаси ҳужум чизиғида кимсан рус футболи тирик афсонаси фахрий футболчи 36 ёшли Павел Погребняк ҳаракат қилмоқда. Доменико Тедеско шогирдлари орасида Россия миллий терма жамоаси гвардиячиси Артём Ребров ҳамда кўпчиликка маьлум ва машҳур Хенрик Ларссоннинг ўғли ёш умидли ҳужумчи Жордан бор.
Етакчи ва ўртамиёна тўқнашуви
Биринчи давра якунларига кўра, турнир жадвалида 1-5-ўринлардаги жамоалар пастдаги иштирокчиларни катта фарқ билан ортда қолдиришди. Ҳозирда 5-поғонага жойлашган ва олдинги турда азалий рақиби "Локомотив" меҳмони бўлиб, сафардан бир очко билан қайтган "Краснодар" энди Тулада "Арсенал"га қарши баҳс олиб боради. Мезбон жамоа мусобақа жадвали экваторини эгаллаб турибди. Игорь Черевченко жамоасида 4 та гол билан бош тўпурар бўлиб турган катта тажрибага эга маҳаллий савияли ҳужумчи Евгений Луценко ўйнайди. Краснодар шаҳри клуби эса, маҳаллийлаштирилган Ари, Иван Игнатьев ва МАркус Бергдек ҳужумчиларга эга.
Самараликлар Москвада меҳмон
Ўтган тур доирасида бечораҳол "Сочи"ни катта қийинчилик эвазига базўр мағлубиятга учратган ЦСКА бу сафар спартакчиларга меҳмонда иккита гол фарқи билан имкониятни бой берган "Крылья Советов" билан ўзаро баҳс олиб боришади. Виктор Гончаренко бошчилигидаги мамлакатнинг байроқдор жамоаларидан бири бўлган москваликлар таркибидан тажрибали дарвозабон миллат фахри Игорь Акинфеев, яна бир маҳаллийлаштирилган футболчи Марио Фернандес ҳамда супер форвард Фёдор Чалов каби кучли ўйинчилар жой олишган. Самара шаҳри жамоаси эса, ҳозирда 10 та гол билан мусобақа бош тўпурарлигига асосий номзодлардан бири бўлган ёш умидли Александр Соболёвдек ҳужумчига эга.
Хондамир Ҳакимов тайёрлади



