Пеп Гвардиола: "Агар "Челси"ни мағлуб эта олмасак, ҳаммаси тугаши мумкин"

Aslanov Jasurbek
12 апр 2026
"Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола "Челси"га қарши бўлажак муҳим баҳс олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

Мутахассис чемпионлик пойгасидаги вазиятга реал баҳо берди.

"Арсенал" ҳақидаги гап-сўзлар? Агар биз "Стэмфорд Бридж"да ғалаба қозона олмасак, вазият жуда мураккаблашади. Ҳатто "Арсенал"га қарши ўйин олдидан матбуот анжумани ўтказишга ҳам ҳожат қолмаслиги мумкин, чунки ҳаммаси тугайди. Буни мен ҳам, сиз ҳам, футболчилар ҳам — бутун Англия билади. Олдинда ўйинлар кўп, лекин биз барчасида ғалаба қозонишимиз шарт. Дуранг ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, буни шунчаки унутинг.

"Арсенал" билан орадаги 9 очколик фарқ — бу катта масофа. Аммо "Челси"ни сафарда, "Арсенал"ни эса ўз уйимизда мағлуб этсак, албатта, имконият пайдо бўлади. Бизда доимо интилиш ва истак бор, бироқ бунинг амалга ошиши ҳақида гапирадиган даражада содда эмасман", — деди Гвардиола.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда "Арсенал" турнир жадвалида 9 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда, бироқ "шаҳарликлар" ихтиёрида ҳали захирадаги иккита ўйин мавжуд. "Манчестер Сити"нинг "Челси"га қарши баҳси чемпионлик тақдирини ҳал қилувчи муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: sports.ru