Мўминжон Мелиев: "Мақсадимиз — "Металлург"ни Суперлигага қайтариш"

Sherzod Nurmatov
24 апр 2026, 13:30
“Металлург”нинг тажрибали ҳужумчиларидан бири Мўминжон Мелиев жароҳат сабаб охирги турларни ўтказиб юборди ва 4-турда сафга қайтди.

Ҳужумчи “БухДУ” билан баҳсда нафақат қайдномага киритилди, балки майдонда бир неча дақиқа ҳаракат қилиб, жамоасининг ғалабасига ҳам ҳисса қўшди.

Ўз навбатида, клуб матбуот хизмати Мелиевга бир қатор саволлар билан юзланди.

- Дастлабки турдан кейин "йўқ" бўлиб қолишингиз сабаби ва тикланиш жараёни ҳақида айтиб берсангиз…

- Дастлабки турда Қўқонда бўлиб ўтган "Яйпан"га қарши баҳсда майдонга тушдим. Учрашувдан кейин машғулотда жароҳат олдим ва шифокорларимизнинг кўрсатмасига биноан жамоага ёрдам бера олмадим ҳамда тикланиш жараёнини ўтказдим. Бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ.

Аслида барчаси кутилмаганда бўлди. Кичик жароҳат олдим, шукрки барчаси енгил ўтди. Ўз навбатида, имкон қадар тез сафга қайтишимда астойдил меҳнат қилган жамоам шифокори ва массажчиларига алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

- Жамоадаги ички муҳит ҳақида...

- Жамоамизда ички муҳит аъло даражада. Барчамиз бир-биримиз билан ака-ука ва бир оиладекмиз, кўз тегмасин. Керак вақтларда тажрибалироқ футболчилар ёшларга маслаҳат бермоқда, ёшлар ҳам ўз навбатида ўзлари учун қимматли фикрларни тўғри қабул қилиб, акаларни ҳурмат қиляпти.

- Жамоа олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. 4-турдан кейин жамоа қўшимча кўрсаткичлар эвазига етакчи бўлиб олди, аммо ҳали мавсум стартида турибмиз ва олдинда ўйинлар кўп. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?

- Мақсадимиз — "Металлург"ни Суперлигага қайтариш. Биз бу йўлда айнан шу мақсадни кўзлаб давом этяпмиз. Барча жамоаларни ҳурмат қиламиз, аммо чемпионлик учун курашда аниқ бир рақибни ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Исталган рақибга қарши баҳсда майдонга фақат ғалаба учун тушамиз.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: "Металлург" матбуот хизмати