

"Биринчи навбатда мухлисларга ва вилоятимиз ҳокимига раҳмат айтамиз. Футболчилар бугун ўзларини энг яхши томонлама кўрсатишди. "Бунёдкор" яхши жамоа ва ажойиб мураббийга эга. Шунинг учун учрашувга жиддий ёндашган эдик. Режамиз ҳам иш берди", - деди Ислом Аҳмедов.
- Танаффусда нақд тўртта ўзгаришга қўл урдингиз. Бунинг сабаби нимада? Ҳужум чизиғидаги танлов кўплигидами?
- "Бунёдкор" ўз услубига эга жамоа. Уларга ҳар доим босим қилиб турмасангиз, қийналиб қоласиз. Биринчи бўлимда майдонга тушган футболчилар доим рақибга босим қилишлари керак эди. Йигитлар эса кўрсатмани аъло даражада бажаришди. 30 дақиқага келиб эса йигитларда чарчоқ аломатлари сезилди. Шундан сўнг иккинчи бўлим учун янги футболчиларни майдонга туширдик.
- Қишда Боакени олиб келиш анча чўзилиб кетган эди. Гап сўзларга қараганда унинг ойлик маоши ҳам анча юқори. Боаке сўнгги бор "Машъал"га қарши ўйинда гол урган эди. Унинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Мартинни қандай жамоага келгани ҳақида билмайман. Музокараларда иштирок этмаганман. У яхши ҳужумчи. Ундан тўғри фойдалансак фойда келтиради. Ҳавода яхши ўйнайди. Биринчи бўлимда қанотлардан Мартинга пас беришни режа қилгандик. Режамиз шу эди.
- "Бунёдкор" "Андижон" учун энг ноқулай рақиблардан бири экан. Лекин Хомяков, Шораҳмедов ва мана бугун сиз "Бунёдкор"ни мағлуб этдингиз. Ушбу ғалабаларнинг сири нимада?
- Статистикага эътибор бермагандим, очиғи. Фақат ўйин ҳақида ўйлаётгандик. Билмадим, сири нимада экан. Рақибни тўғри ўрганиб чиқиб. Имкон қадар рақибга ўйин бермасликка ҳаракат қилдик.
- Элдор Адҳамов жамоага келганингиздан бери таркибдан ўрин олмоқда. У майдонга бошқа футболка кийиб тушаяпти. Ҳакамлар эса уни огоҳлантирмоқда. Ушбу вазиятга ойдинлик кирита оласизми?
- Балки ушбу либос унга қулай бўлса керак. Футболчиларимизда ранги бир-бирига мос тушадиган либослар бор.
- "Андижон" жамоасининг ҳужум чизиғи ҳақида гапириб ўтилди. Бекзод Сулаймоновга имконият беряпсиз. Ўринбосарлар жамоасида Ҳамидулло Каримов ҳам ёрқин ўйин намойиш этмоқда. У ҳозирги кунда U21 чемпионатида энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Каримовни ҳам Сулаймонов каби яқин орада асосий жамоа таркибида кўришимиз мумкинми?
- Менга тўрт ўйинга имконият беришди. Қанча вақт давомида жамоани бошқаришим ҳали аниқ эмас. Аввал жамоадаги келажагим бўйича бир тўхтамга келиб олайлик, кейин ўринбосарлар жамоаси билан ҳам ишлашни бошлаймиз. Ўринбосарлар жамоасини ҳар доим кузатиб бораман. Каримов яхши иқтидор. Уларни секин-асталик билан таркибга жалб этамиз.
- Ўтган мавсум "Андижон ФА" жамоасида фаолият олиб борган эдингиз. "Андижон"да ёшлар жамоасидан яна қайси футболчиларни кўришимиз мумкин?
- Ўтган йили биринчи лигада ўйнаган жамоадан 8 нафар футболчи ўринбосарлар жамоасига ўтди. Уларни ҳам секин-асталик билан жалб қилиб борамиз. Яхши ўйин намойиш этаётган йигитлар кўп.
- Самвел Бабаян омадимиз келмаяпти. Омадсизлик бизни таъқиб этмоқда, деб бир неча маротаба айтган эди. Ёмон натижалар ҳам жамоанинг руҳий ҳолатига таъсир қилгани аниқ. Бугунги ғалаба жамоанинг руҳий ҳолатини яхшилай олдими?
- Бу ғалабанинг ортида катта меҳнат ётибди. Мураббийлар штаби, докторлар, уқаловчилар, техник штаб, маъмурлар ва барча ходимлар. Қатор мағлубиятдан сўнг тушкунликка тушиб қолгандик. Биринчи навбатда руҳий ҳолатни яхшилаш керак эди. Машғулотларда ички рақобатни кучайтиряпмиз. Қўқондаги дуранг ва бугунги ғалаба бизга янада кўпроқ ишонч беради.
- Абдураҳмон Комилов, Сардор Азимов ва Абдувоҳид Ғуломов йил бошидан буён ўринбосарлар жамоасида ўйнаяпти. Улар асосий жамоага қайтадими ёки жамоани тарк этадими?
- Барча футболчи билан ишлаш режамда бор. Улар жамоа билан бирга машғулот олиб бормоқда. Мен жамоани қўлга олганимга иккита ўйин бўлди. Келажакда, жамоада қолсам, улар билан ишлаймиз. Шунчаки ўйин амалиёти учун ўринбосарлар жамоасида тўп тепишмоқда. Машғулотларда эса улар асосий жамоа билан.



