Фабио Каннаваро: "Суперлигадаги ўйин темпи жуда паст. Ҳар бир футболчи мен томонимдан кузатиб борилаётганини ҳис қилиши лозим. Эшиклар барча учун очиқ" (матбуот анжумани)

Абдулвосит Бектемиров
26 мар 2026
Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Фабио Каннаваро FIFA Series мусобақасидан ўрин олган Габонга учрашувдан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди.

"Кеч қолганим учун узр. Ўртоқлик ўйинлари бўлишига қарамай, энг яхши ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Кўпроқ нарса ўрганиб олишимиз керак. Мундиаль яқинлигини тушуниб турибмиз. Ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз", - дея фикр билдирди Фабио Каннаваро.

- Жорий йиғинга кўплаб ярим ҳимоячилар жалб этилди. Терма жамоамизнинг асосий футболчилари бўлган Отабек Шукуров ва Одилжон Ҳамробеков каби таниқли номлардан ташқари Умарали Раҳмоналиев ва Иброҳим Ибрагимов каби футболчилар МТЖдан чақирув олди. Майдон марказида номзодлар жуда кўпайиб кетмадими? Масалан, нега бор-йўғи уч нафар вингер — Достонбек Ҳамдамов, Остон Ўрунов ва Алишер Одилов чақирув олди? Ярим ҳимоячилар кўпайиб, вингерлар камайиб кетганининг сабаби нимада?

- Айрим ҳолатларда ўйин давомида услубимизни ўзгартиришга қарор қиламан. Шу сабабли кўплаб янгиликлар қилиб кўриш учун марказдаги ўйинчилар қўл келади. Шунингдек, бу сафар ҳужумчиларимиз бир нафарга кўпроқ.

- Габон терма жамоаси асосий юлдузи Обамеянг Ўзбекистонга келмади. Уларнинг йўқлиги МТЖга қанчалик қўл келиши мумкин?

- Очиғини айтаман, мен ўз жамоамни ўйинга тайёрлаш билан бандман. Рақиб ҳақида ўйлашни истамайман, сабаби ўз жамоам ҳақида қайғуришим лозим. Габон сўнгги учрашувларда қандай иштирок этганини ўрганиб чиқдик. Обамеянг — энг яхши ҳужумчилардан бири. Биз эса ўз устимизда ишлашимиз ва камчиликларимизни яхшилашимиз керак. Биз ўйинга 100% тайёр бўлишимиз керак.

Футболни номлар ўйнамайди. Муҳими, майдондаги ўйин сифати. Баъзан номдор футболчига эга бўлмаган жамоаларга паст назар билан қараш бўлади, бундай бўлиши мутлақо нотўғри. Биз майдонда тўлиқ концентрация билан ҳаракатланишимиз керак.

- Жароҳат олган футболчиларнинг ҳолати ҳақида маълумот бера оласизми? Файзуллаев ва Машариповнинг жароҳати ва уларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида айтиб ўтсангиз...

- Сўнгги бир ой давомида кўплаб футболчиларни кузатиб бордим. Ўтган ой жароҳатланган футболчиларимиз жарроҳлик амалиётини ўтказган Рим шаҳрида ҳам бўлдим. Менимча, мен ҳар бир футболчи билан имкон қадар кўпроқ гаплашишим керак. Ҳар бир футболчи унга ишонишаётганини ҳис қилиши керак. Терма жамоанинг эшиклари барча учун очиқ. Албатта, ўзим йиғадиган жамоа ва таркиб бўлади. Лекин барчани кузатиб боришим ҳам керак.

Аббос мен терма жамоага келганимдан бери деярли ҳар доим жароҳатда. Бизда 2-3 нафар футболчи бор, аммо жароҳатланганларнинг ўрнини боса оладиган футболчиларни ҳам тайёрлаб боришимиз керак. Билмайман, улар мундиалга борадими ёки йўқ. Бироқ мен уларга имкон қадар ёрдам беришга ва ЖЧнинг бир қисми бўлишга ҳаракат қиламан. Сўнгги сонияларгача улар мундиалга борадиган рўйхат ичида бўлишади. Охирида эса қарор қабул қилинади. Барчанинг имкониятини тенг.

fabuio.jpg

- Эртанги учрашувда жанговар таркибни майдонга туширасизми ёки йиғинга жалб этилган ёш футболчиларга имконият бериладими?

- Ушбу ўртоқлик ўйинларида ҳар бир футболчига имкон қадар кўпроқ ўйин амалиётини тақдим этишни кўзлаганман. Бундай ўйинлар орқали футболчиларни кўриб олишимиз мумкин.

- Ушбу ФИФА кунлари Жаҳон чемпионатидан олдинги сўнгги халқаро танаффус. Март ойида терма жамоа йиғинига жалб этилган таркиб ЖЧга йўл оладиган футболчилар, деб ҳисобласак бўладими? Жароҳатланганлардан ташқари, албатта…

- Йўқ, менда 55 нафар футболчидан иборат рўйхат бор. Ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Бунга тайёр бўлишимиз керак. Жорий мавсум давомида қайсидир футболчи ўзини яхши томонлама намойиш этса ва ёрқин ўйин кўрсатса, уни рўйхатга қўшишим мумкин. Рўйхатни ўзгартириш мен учун муаммо эмас.

- Суперлигада кўплаб футболчилар жуда яхши ўйин намойиш этишмоқда. Имконингиз бўлганида, яна қайси футболчиларни терма жамоага чақирган бўлардингиз?

- Жуда кўплаб футболчиларни терма жамоага чақиришим мумкин эди. Дубайдаги йиғинда ҳам кўплаб маҳоратли футболчиларни кўриб олдим. Бундай муаммо борлиги ва танлов қийинлигидан хурсандман. 55 нафар футболчидан иборат рўйхатимдаги кўплаб футболчилар МТЖга чақирув олиши мумкин. Кимдир ёш футболчи, кимдир эса тажрибали. Исмларни айтиб ўтмайман, номларни очиқлашим нотўғри бўлади. Дубайда ҳам кўплаб футболчиларни кўриб олдим, улар билан суҳбатлашдим. Яхши жиҳат шундаки, ҳар бир футболчи терма жамоага чақирилаётганидан жуда-жуда хурсанд. Назаримда, энг муҳим жиҳат шу. Футболчиларда шундай ҳиссиёт бўлиши керак. Биз билан бирга бўлмаган футболчилар билан алоқада бўлишимиз лозим. Бу муҳим жиҳат. Ҳар бир футболчи МТЖ мураббийлар штаби томонидан кузатиб борилаётганини ҳис қилиши керак.

- Алессандро Дель Пьеро билан бўлган подкастда ЖЧ-2006 финалидаги пенальтилар сериясидаги босим ҳақида айтиб ўтдингиз. МТЖдаги футболчиларга пенальтилар бўйича маслаҳат берасизми? Сабаби Ўзбекистон терма жамоасининг пенальтилар серияси борасида унчалик омади келмаяпти…

- Сиз Дубайдаги сўнгги пенальтилар сериясини унутган кўринасиз (кулиб). Биз 11 метрлик зарбаларни машқ қилишимиз керак. Шу сабабли Дубайдаги мусобақада Эронни мағлуб этдик. Айрим вазиятларда пенальтилар сериясини машқ қилиш етарли эмас. Ҳиссиёт ва босим бўлади. Мен футболчиларни машғулотлар давомида 11 метрли зарбани қандай ижро этишларини кўриб, рўйхат тузиб чиқдим. Шундан сўнг рўйхатини футболчиларга бериб, ким қачон зарба беришини айтдим.

перссса.jpg

- Владимир Назаров бу сафарги йиғинга чақирилмади. Бунинг сабаби Суперкубок финалидаги хатоми? Шунингдек, Жаҳон чемпионатида ким биринчи рақамли посбон бўлиши аниқми?

- Мен ишонган футболчиларимни терма жамоага чақираман. Ҳозирги вақтда терма жамоага чақирув олган футболчилар ҳақида гаплашишимиз керак. Рўйхатдан ўрин олмаган номлар ҳақида ўйлаб ўтириш маъносиз. Улар ўзларини янада яхшироқ кўрсатиб, терма жамоага чақиришимга сабабчи бўлишлари керак.

Бугунги кунга қадар беш нафар дарвозабонни терма жамоага йиғинларига жалб этдим. Бу яхши рақобат, дегани. Барча дарвозабонларнинг даражаси юқори. Умид қиламанки, ушбу мусобақа давомида уларга имконият бера оламан. Ким асосий таркибдан жой олишини эса эртага эрталаб аниқлайман. Мен барча футболчиларни бир хил тарзда машғулот қилдираман. Шу сабабли барчаси сўнгги сонияларда ҳал бўлади.

- FIFA Series мусобақаси бўлмаганида, Габон ва Венесуэла ўрнига қайси терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этишни маъқул кўрардингиз?

- Ҳозирги кунда кучли клуб топишнинг ўзи қийин. Лекин Жаҳон чемпионати олдидан биз 2 та кучли жамоага қарши майдонга тушамиз. Биттаси — Канада, иккинчиси энди аниқ бўлади.

- Эрондаги легионер футболчиларимизнинг ҳозирги ҳолатидан қанчалик хавотирдасиз?

- Бу яна бир жиддий муаммо. Биринчи навбатда, йигитлар уруш бошланган мамлакатни тезда тарк этганлари муҳим. Биз уларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий йигитлар билан алоҳида ишламоқда. ФИФА билан ҳам мулоқотдамиз. Дастлаб, ФИФАдан рухсат олишимиз керак.

- Айрим катта терма жамоаларда иккита тенг даражали таркиб бор. Бизда эса асосий футболчиларимиз жароҳат олмоқда. Ушбу футболчиларнинг ўрнини боса оладиган захира футболчиларимиз борми? Уларнинг даражаси қанчалик бир-бирига яқин?

- Агар футболчи Европада ўйнаса, демак, у ҳақиқатан ҳам кучли. Суперлиганинг асосий муаммоларидан бири — интенсивлик. Ўйин темпи юқори даражада эмас. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳар доим ҳам яхши эмас. Ўтган ой Рамазон бўлди ва кўплаб футболчилар рўза тутишди. Шу сабабли Суперлига учрашувларидаги ўйин темпи паст эди. Маҳаллий футболчиларга ҳар доим ўз устида ишлашлари кераклигини айтаман. Мени хавотирга солаётган нарса шу. Жисмоний ҳолатимизни яхшилашимиз керак. Мундиалга уч ҳафта қолганида бу муаммога ечим топа олмаймиз. Биз январь ойидан буён ушбу муаммони бартараф этиш устида бош қотиряпмиз.

fabioooo.jpg


Абдулвосит БектемировMuallif
Manba: championat.asia