Дониёр Абдуманнопов: "Мақсад доим юқори қўйилади. Амалда кўрсатиш керак"

Iskandarov Abdulaziz
13 фев 2026
"Андижон" клуби Туркиянинг Анталия шаҳрида янги мавсум олдидан ўқув-машғулот йиғинини қизғин тарзда давом эттирмоқда. Жамоа футболчилари тайёргарлик жараёнида максимал даражада иш олиб бораётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Дониёр Абдуманнопов ҳам мураббийлар кўрсатмаларини бажариш, ўз маҳоратини ошириш устида жиддий меҳнат қилмоқда. Клуб матбуот хизмати футболчи билан йиғин ҳақида суҳбат уюштирди.

 Анталия йиғини юқори кайфиятда ўтаётганини кўряпмиз. Тайёргарлик жараёни ҳақида нима дейсиз?

— Ассалому алайкум. Йиғин яхши ўтяпти. Қишки тайёргарликда асосий эътибор жисмоний ҳолатга қаратилади. Жамоага янги футболчилар келди, улар билан бир-биримизни тушуниш учун кўпроқ ўйинлар ўтказяпмиз. Ўйиндан ўйинга жамоавий ҳаракатлар яхшиланмоқда. Худо хоҳласа, чемпионатга яхши формада борамиз.

 Йиғин давомида ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил этилмоқда. Хориж клубларига қарши баҳслар сизга нималар беряпти?

— Ҳар бир ўйинда ўз ҳаракатларимни таҳлил қилаяпман. Асосан хатолар устида ишлаяпман.

Янги мавсумда жамоа олдига жиддий мақсадлар қўйилган. Шахсан ўзингиз янги мавсумдан нималар кутяпсиз?

— Мақсад доим юқори бўлади. Буни амалда исботлаш керак. Биз ҳаракат қиламиз ва қолганини Яратгандан сўраймиз.

— Янги мавсумни Сўғдийонага қарши ўйин билан бошлайсизлар. Илк тур муҳитини қандай тасаввур қиляпсиз?

— "Бобур арена"да мухлислар қўллаб-қувватлаши доим ажойиб бўлади.

— "Андижон" сафида 33-рақамни танладингиз. Бу рақам нима билан боғлиқ?

— 33-рақамда айнан "Андижон"да футбол ўйнай бошлаганман. Шунинг учун мен учун қадрли рақам ҳисобланади.


Iskandarov AbdulazizMuallif
Manba: "Андижон" матбуот хизмати