"Арсенал" ён чизиқдан тўп ташлаш бўйича машҳур мураббийни таклиф қилди

Sherzod Nurmatov
12 янв 2026
Англия Премьер-лигасида пешқадам бўлиб турган Лондоннинг "Арсенал" жамоаси аутдан тўп киритиш бўйича мураббийни ишга олди.

Бу лавозимга собиқ футболчи ва енгил атлет Томас Гроннемарк тайинланди.

У аввалроқ "Ливерпуль" клубида Клопп бош мураббийлик қилган даврда фаолият юритган. Гроннемарк аутдан тўпни энг узоқ масофага улоқтириш бўйича рекорд соҳиби ҳисобланади — 51,33 метр.

"Арсенал" ўйиннинг аниқ бир компонентларини кучайтиришни илк бор амалга ошираётгани йўқ. Бир неча йил аввал "тўпчилар" стандарт вазиятларни яхшилаш мақсадида Николя Жоверни ишга олганди. Натижада, сўнгги мавсумларда Микель Артета жамоаси стандарт вазиятлардан, асосан бурчак зарбаларидан, рекорд даражада — 22 та гол урди.

АПЛ жорий мавсумида айрим жамоалар ўйинида аутдан тўпни рақиб жарима майдонига ташлаш орқали хавф яратиш тенденцияси кузатилмоқда. Қатор жамоалар, жумладан "Брентфорд" ва "Сандерленд", ён чизиқдан тўп киритиш орқали бир нечта голлар уришга муваффақ бўлди.


Sherzod NurmatovMuallif
Manba: Sky Sports