

Бу ҳақда журналист Алан Брейзил ўз манбаларига таяниб хабар берди.
"Буни тасдиқлай олмайман, аммо Усмонов "Эвертон"га қайтишга ҳаракат қилаётгани ҳақида маълумот олдим. Унинг жуда-жуда катта маблағи бор. Чамаси, жаноб Усмонов имкони бўлса, "Эвертон"га қайтиб, клубга салмоқли сармоя киритишга уринмоқда", — дея Брейзилнинг сўзларини келтиради talkSPORT.
"Forbes" маълумотларига кўра, Усмоновнинг бойлиги 12,5 миллиард еврога баҳоланади. "Эвертон" 2022 йил март ойида бизнесменга тегишли компаниялар билан тузилган ҳомийлик шартномаларини тўхтатган эди.
Аввалроқ Усмонов Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилган. Бироқ Буюк Британияда унга нисбатан кириш тақиқи ва активларини музлатиш чоралари ҳануз кучда қолмоқда.



