"Ўзбекистон бу салоҳияти билан 3-4 маротаба Жаҳон чемпионатига чиқиши керак эди" — Қозоғистонлик журналист Ербол Каиров билан интервью
16 oct 20:23
News


"Ўзбекистон бу салоҳияти билан 3-4 маротаба Жаҳон чемпионатига чиқиши керак эди" — Қозоғистонлик журналист Ербол Каиров билан интервью
Қозоғистонлик мутахассис ва журналист Ербол Каиров билан суҳбатимиз давомида икки мамлакат футболидаги фарқлар, "Қайрат" клубининг ютуқлари ва Ўзбекистон терма жамоасининг бугунги аҳволи ҳақида сўз борди.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари турли ёш тоифаларида тез-тез тўқнаш келмоқда. Сизнингча, бу учрашувлардаги энг яққол фарқ нимада?
— Менимча, Ўзбекистон терма жамоалари ҳар томонлама — техник жиҳатдан ҳам, фикр тезлиги жиҳатидан ҳам — қозоғистонлик футболчилардан устун. Қозоғистонда эса кўпроқ жисмоний тайёргарлик ва атлетизмга эътибор қаратилган. Шу боис ўйин услубларидаги асосий фарқ ҳам шунда намоён бўлади.
— "Қайрат" клубининг УЕФА Чемпионлар лигасида қатнашиши — бу Қозоғистоннинг ўз вақтида УЕФАга ўтгани самараси, деб бўладими? Ахир "Реал" билан ўйинлар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди-ку?
— Бу, аввало, клубнинг ўзи олиб борган изчил ишнинг самараси. Албатта, бу натижада "Қайрат"нинг собиқ президенти Қайрат Боранбоевнинг хизматини айтиб ўтиш лозим. Агар у киши бўлмаганида, УЕФА Чемпионлар лигаси ҳақида гап бўлмасди. Федерация ёки бошқа клубларнинг бу муваффақиятга деярли алоқаси йўқ. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг УЕФАга ўтиш жараёнида катта ҳисса қўшган Қозоғистон футбол иттифоқининг собиқ вице-президенти Тлекбек Акпаевни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
— Ҳозирги Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида қандай фикрдасиз? Фабио Каннаваро ҳақидачи?
— Ўзбекистон – Қатар ўйинини шахсан стадионда томоша қилдим. Сизлар Осиё чемпионларидан яққол устун эдингиз. Бу Кападзе раҳбарлигида жамоанинг жипслашганидан дарак. Илгари ҳам Ўзбекистон термасини қизиқиш билан кузатардим: Қосимов, Жепаров, Нестеров, Кападзе, Гейнрих, Бикмаев каби футболчилар даври мен учун энг ёрқин давр эди. Афсуски, Жаҳон чемпионати йўлланмаси фақат бу йилгина қўлга киритилди. Ҳолбуки, сизнинг салоҳиятингиз билан Ўзбекистон камида 3–4 марта у ерда бўлиши керак эди. Бу ерда, албатта, Осиёдаги адолатсиз ҳакамлик ва бошқа омиллар ҳам таъсир қилган. Шу боис Қозоғистон ўз вақтида УЕФАга ўтишни маъқул топганди.
— Сизнингча, Қозоғистон чемпионатида ўйнаган энг яхши ўзбек футболчиси ким?
— Мен учун бу, аввало, Гейнрих, Кападзе, Бакаев, Давлетов ва Бикмаев. Жуда афсуски, Жепаров Қозоғистонда узоқ ўйнамади. Агар у кўпроқ вақт тўп тепганида, шубҳасиз, лигамизнинг юлдузига айланган бўларди.
— Келаси жаҳон чемпионатида сизнингча, қайси жамоа фаворит ва қайси жамоа кашфиёт бўлиши мумкин? Масалан, охирги мусобақада Марокаш шундай бўлганди.
— Жуда истардимки, кашфиёт жамоа айнан Ўзбекистон бўлсин. Сизнинг ютуқларингиз Қозоғистон ҳукумати ва футбол раҳбарларини ҳам академиялар ва инфратузилма ривожига жиддий эътибор қаратишга ундайди. Мен ҳар доим Ўзбекистон терма жамоаси учун қайғураман ва уларга муваффақият тилайман.
Similar news

Comments