Latest news

12:57ОКМК футболчиси Австралия клубига ўтди  0 12:30"Насаф" Бозоров ва Голбан билан хайрлашди  5 12:24Суперлигадаги трансферлар бир саҳифада  27 12:102026 йилда бўладиган халқаро мусобақалар  3 11:44"Нефтчи" Туркияга йўл олмоқда. Таркибда кимлар бор?  7 11:26Мозийга қайтиб... Бир сурат тарихи  0 10:52Энцо Мареска товон пулининг бир қисмидан воз кечди  1 10:23ESPN АПЛнинг ўтган йилдаги энг яхши ўнта ёзги трансферлари рўйхатини эълон қилди  0 09:54"Ал Ҳилол" хусусий клубга айланмоқда  2 09:25Романо "Челси" бош мураббийи лавозимига асосий номзодни эълон қилди  1 08:57"Бухоро" икки нафар тажрибали футболчи билан шартнома имзолаши мумкин  6 08:28Сергеев учун яна бир даъвогар пайдо бўлди  8 08:00"Динамо" легионери "Бунёдкор" ёки "Андижон"га ўтиши мумкин  1 07:30Хато тан олинди: "Арсенал" дарвозасига пенальти белгиланиши керак бўлган  4 02:58АПЛ. Дуранглар оқшоми: байрамдан кейин жамоалар ғолиб бўлишни исташмади  15

Мозийга қайтиб... Бир сурат тарихи News

Мозийга қайтиб... Бир сурат тарихи

2000 йил Ўзбекистон телевидениесининг “Спорт” бош муҳарририяти “Спорт” студиясига айлантирилди ва унинг илк директори этиб Аброр Имомхўжаев тайинланди.

Орадан 4 йил ўтиб, студия негизида “Спорт” телеканали ташкил этилди. 2024 йил “Спорт” телеканалининг 20 йиллиги нишонланди ва шу муносабат билан бу соҳада узоқ вақт мобайнида фидойилик кўрсатган ижодкорларга “Ўзбекистон спорт фаҳрийси” кўкрак нишони топширилди. Телеканал раҳбарияти тақдим этган рўйҳатда Аброр Имомхўжаев номи зикр этилмаган эди. Лекин якунда унга ҳам ушбу мукофот топширилди. Бу қай тарзда амалга оширилгани борасида, ҳозирда CHAMPIONAT.asia сайтида “Футбол олами” дастурини олиб бораётган Аброр аканинг хотиралари билан танишишингиз мумкин. 

Бир сурат тарихи

1998 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон телевидениесида “Ёшлар” телеканали ва унинг негизида “Давр” информацион дастури ишга тушди. Ўша пайтда мен “Давр”да бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлардим. 2000 йил апрель ойида МТРК раиси Абдусаид ака Кўчимов мени “Ўзбекистон” телеканали “Умид” Бош муҳарририяти бош муҳаррири лавозимга таклиф қилди ва ишларни жонлаштириш борасида бир қанча тавсиялар берди. 

Ман енг шимариб иш бошладим. Жамоа яхши ижодкорлардан ташкил топган, фақат ёши катталар кўплиги сабаб, бир оз эскича тизимда ишларди. Биз йиғилиш ўтказдик, унда янгича ғояларни муҳокама қилдик. Рейтинги паст кўрсатувлардан воз кечиб, ёшларни қизиқтира оладиган мавзулар устида бош қотирдик. Ҳар ҳафта эфирга кетадиган 10 дақиқалик информацион кўрсатув тайёрлашга киришдик ва у танланган мавзуларнинг долзарблиги билан тез орада юқори доираларда эътироф этилди.

Бу орада мамлакат раҳбари ташаббуси билан 3 босқичли спорт мусобақалари бошланди ва уларнинг орасида энг машҳури – талабалар ўртасида ўтказиладиган илк Универсиада Наманган вилоятида бўлиб ўтди. Ташкилий ишлар юқори даража бўлгани сабабли, Биринчи Универсиада катта муваффақият билан ўтказилди. Унда барча вилоятлардан ташриф буюрган талабалар спортнинг 9 турида беллашдилар ва якунда умумжамоа ҳисобида мезбонлар шохсупанинг энг юқорисидан жой олдилар. 

Кейинроқ, энг юқори доирада Биринчи Универсиада якунларига бағишланаган йиғилиш ўтказилган ва унда масъулларнинг ҳисоботлари тингланган. Ташкилий ишлар яхши баҳоланган, баъзи эътироз – мусобақларни телевидение орқали ёритишда бўлган. Трансляция учун танланган режиссёрлар спортни яхши тушунмагани сабабли муаммолар кўзга ташланган, шунингдек, кундалик лавҳаларда тезкорлик етишмаган. Бу ҳақда отамга юқори лавозимда ишлайдиган яқин таниши сўзлаб берган.

Кўп ўтмай, мени Абдусаид ака яна ўз ҳузурига чақирди ва “Спорт” Бош муҳаррияти бошқарувини қўлга олишимни сўради. Албатта, юқори даражада бўлиб ўтган йиғилиш ҳақида сўз очилмади, лекин мен нима мақсадда чақирилганимни билардим. Мен “Умид”га бош бўлиб тайинланганимга энди 1 ой бўлгани, янги лойиҳалар борасида енг шимариб ишга киришганимни, шу боис жойимда қолдирилишимни сўрадим. Раис чиройли табассум қилди, “шундай дейишингизни билардим, шу боис таклифимни мутаҳкамловчи воситалар ҳам тайёрлаб қўйганман. 3 ойдан сўнг Австралиянинг Сидней шаҳрида навбатдаги Ёзги олимпиада ўйинлари бошланади. Телевидениедан биттадан мухбир ва тасвирчи бориши белгиланган. Агар “Спорт”га ўтсангиз, ўша мухбир сиз бўласиз”.

Отам 1988 йилги Сеул Олимпиадасига борган, у ердаги атмосфера ҳақида кўп гапириб берган ва мен учун олимпия ўйинларига бориш орзуга айланиб қолган эди. Шу боис ҳам мен бу таклифдан воз кеча олмасдим, лекин “Спорт”ни “одам қилиш” қийинлигини ҳам яхши билардим. Раҳбарга очиғини айтиб қўя қолдим: “у ердаги ходимлар билан бирор ўзгариш қилиш мушкул. 5-6 таси ўз ўрнига мустаҳкам жойлашиб олган, ўзи ҳам ишламайди, бошқага ҳам иш бермайди”. Абдусаид ака машҳур табассумини яна бир такрорлади ва унинг замиридаги қатъий қарори билан мени лол қолдирди: “Буни ҳам биламан, шу боис бу борада ҳар бир таклифингизни қўллаб-қувватлайман. Сиз менга янги бўлинма, ундаги лавозимлар ва штатлар жадвали бўйича таклифингизни беринг, у тасдиқлангандан кейин барча ходимлар ишдан бўшатилади ва янгилари фақат аризасига сиз имзо чеккандан сўнг ишга олинади. Шу баҳонада керакмас шахслардан қутилиб оласиз”. 

Очиғи, раис масалага бу даражада чуқур ёндошишини тасаввур ҳам қилмагандим. Телевидение тарихида бутун бошли бир муҳарририят ходимларини бир кунда ишдан бўшатиб юбориш мумкинлигини ҳам энди билгандим. Ортиқча тортишувга ҳожат қолмаганди, мен раҳбарга ишонч учун миннатдорчилик билдирдим ва янги лойиҳа тайёрлаш сари йўл олдим. “Спорт” муҳарририятида деярли барчани танирдим, улар орасида ўзимга яқин ҳисоблаган 3-4 нафари билан алоҳида суҳбатлашдим ва уларнинг фикрини олдим. Бир неча кундан сўнг “Спорт” студияси лойиҳаси билан яна раис қабулига кирдим. Унда янги штатлар жадвали кўрсатилган бўлиб, деярли барча ходимлар фақат студия хизматчиси сифатида кўрсатилган ва бошқа умумий бўлимларда ишламаслиги белгиланган эди. Масалан, телевидениеда тасвирчилар гуруҳи алоҳида бўлиб, ҳар бир муҳарририят кўрсатувида буюртма бўйича фаолият юритишса, “Спорт” студиясида 4 та тасвирчи бўлиб, улар фақат шу бўлинмада ишлар, аниқроғи бу ёғига фақат спортга ихтисослашарди. Мен шу сохага қизиқишидан келиб чиқиб, Рамиз Қосимов, Нозим Толипов, Абдулла Зикриллаев ҳамда Музаффар Тўлагановларни танлаб олдим ва уларни шататлар жадвалига киритгандим. Албатта, энди улар мусиқий ёки бирор кўнгил очар кўрсатувларда ишлай олишмас, лекин спорт мусобақалари орқали дунё кезишлари учун имконият яратилган эди.

Биз Абдусаид ака билан ҳар бир штат, уларнинг йўналиши ва фойдали иш коэффициенти борасида фикр алмашдик. Сўнгра у киши кадрлар бошқармаси бошлиғини чақирди ва янги лойиҳани унга кўрсатди. Кадрлар бошлиғи унга кўз югуртиргач, “алоҳида телеканал очилаётган экан-да” деди. Кўчимов “Худо хоҳласа келажакда шундай ҳам бўлади” деди ва унга ҳам бетакрор табассумини улашди.

Шундан сўнг кадрлар бошлиғи “Спорт” муҳарририяти ходимлари билан йиғилиш ўтказди. У муҳарририят тизимида ўзгариш бўлаётгани, энди у студияга айлантирилаётгани, шу боис, ҳамма ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши тўғрисида ариза ёзишини ва эртасига янги штат бўйича ишга қабул қилиниши ҳақида яна ариза ёзилиши, фақат у янги раҳбар имзоси чеккандан кейингина тасдиқланиши борасида маълумот берди. Албатта, бу кўпчиликни саросимага солиб қўйди.

Энг қизиғи шундан кейин бошланди. Мени “Ўзбекистон” телеканали Бош директори Бобур ака Алихонов ўз ҳузурига чақирди. Бобур ака отамни яхши танир ва кўп суҳбатлашар, шу боис мен билан ҳам муомиласи яхши эди. Негадир мени “Хўжам” деб чақирарди. “Энди Хўжам, гап бундоқ. Мен ҳамма режаларингни қўллаб-қувватлайман. Лекин бизнинг канални назорат қиладиган раис ўринбосари бор ва у мени чақириб, шунча йил ишлаб келган ходимларни бир кунда кўчага ирғитиш яхшимас, Аброрни чақириб гаплашинг ва унга тушунтиринг деди. Нима қиламиз?” Мен Абдусаид ака ваъда берганлари, фақат шу йўл билан муҳитни тозалаш мумкинлигини айтдим. “Тўғри, ҳозир раисга кирсанг, бир буйруғи билан ҳамма нарсани ҳал қилади ва сени айтганинг бўлади. Лекин раис ўринбосари сенга қасдлашиб қолади ва бундан кейинги ҳар бир қадаминг сиқувга олинаверади. Сенга ўзимни яқин олиб айтаман, қандайдир компромисс топишимиз керак”.

Ўзи эски ходимлардан 95 фоизи янги штатга ҳам киритилган, гап 5 нафар ёши катта ижодкорлар борасида бўлмоқда эди. Бобур ака билан номма-ном кўриб чиқиб, компромиссни топдик: бир нафари менга принцип қилиб, қайта ишга киришга ариза ёзмади ва ўзи бўшаб кетди, бир нафари ярим ставкага ишга ўтди ва фақат кўрсатувлари куни келадиган бўлди. Қолган 3 нафари билан Бобур аканинг ўзи гаплашди. Улар умуман мени ишимга аралашмайдиган, мажлисларга кирмайдиган ва кўрсатув ҳам қилмайдиган, тинчгина ойлик маошина олиб юрадиганлар қаторидан жой олди.  

Биз янги жамоа билан янгича ишлашга келишиб олдик, трансляциялар сонини кўпайтирдик. Режиссёр ва тасвирчилар шу сохага ихтисослашагини сари, трансляциялар сифат борасида ҳам ўсишни бошлади. 

15-сентябрдан 1 октябргача Сиднейда 27-Ёзги олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Зеро унга боришни истаганлар кўп бўлса-да, Кўчимов ваъдасида турди ва олимпиадани ёритиш учун мени юборди. У пайтда интернет ривожланмаган, мен ҳар куни мусобақалар якунига етганидан сўнг, меҳмонхонага келиб матн таёрлар эдим. Тунгги соат 00.00 да (Тошкентда 17:00) менга “Ахборот” дастуридан қўнғироқ қилишар ва овозимни ёзиб олишарди. Шу тариқа мен телефонда гаплашаётган сурат ҳар куни “Ахборот” дастурида қўйилар ва унинг остида менинг шарҳим эфирга узатиларди.

Сиднейда, мусобақалар оралиғида Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Баҳодир ака Махситов билан анча яқиндан танишдик ва узоқ суҳбатлашдик. Телевидениеда “Спорт” студияси очилгани, ишга профессионал ёндошилинаётгани, келажакда алоҳида спорт канали очилиши мумкинлиги ҳақида фикр алмашдик.

... 80 йиллар бошида махалламизга бир ёзувчи кўчиб келди ва уйимиз рўпарасидаги боши берк кўчадан кичкина ҳовли сотиб олди. Ўша пайтда номи у қадар машҳур эмасди, лекин кейинчалик катта лавозимларда ишлади. Ҳозирда у бу фоний дунёни тарк этиб, боқий дунёга йўл олгани сабабли, исмини ёзмай қўя қоламан (Аллоҳ гуноҳларини кечирсин ва раҳматига олсин) ва шунчаки Ёзувчи деб кўрсатаман. Бир куни Ёзувчи уйимизга бақир-чақир қилиб кириб келди. Отам ва мен уйда эдик. У отамга қараб “ўғлинг футбол ўйнаб, ўғлимни қўлини синдирди. Сенлар бизни вилоятдан келган деб чиқиштирмайсанлар, майли сенларга аталгани ҳам бордир” деб қаттиқ гапирди. Отам бу - футбол ва бахтсиз ходиса туфайли шундай бўлгани, бунга шаҳар ва вилоятларнинг умуман алоқаси йўқлигини тушунтирмоқчи бўлди. Деярли ҳар бир вилоятда яқин танишлари борлигини айтиб, уларни номма-ном санаб фикрларини исботламоқчи ҳам бўлди: Андижондан Азим Аҳмедов, Хоразмдан Зафар Паратов, Намангандан Ҳакимжон Ҳошимов ва Шокир Қорабоев, Марғилондан Муҳаммад Мусо Усмонов, Самарқанддан Нуриддин Ҳасанов, Бухородан Маҳмуд Холов ва Фарҳод Султонов, Қашқадарёдан Ҳусан Темиров, Сурхондарёдан Қўчқор Каримов ва Баҳром Ҳамраев... Лекин Ёзувчининг бамисоли кўзи кўр, қулоғи кар эди. У бақиришда давом этди ва охирида “сенларга кўрсатиб қўяман ҳали” деб ҳовлимизни тарк этди.

Сидней Олимпиадасидан қайтиб келганимдан сўнг, янада янгича иштиёқ билан ишга киришдим. “Янги минг йиллик ўйинлари” номи билан туркум кўрсатувлар қилдим. Лекин бир ҳафталардан сўнг телевиденияда содир бўлган ўзгаришлар ҳамма ёқни остин-устун қилиб юборди.

Бу воқеалар менинг иштирокимсиз бўлган ва уларнинг тепасида турмаганман. Шу боис, фақат эшитганларимни ёзаман. Муҳарририятларнинг бирини бошқарган Ёзувчи катта кўрсатув тайёрлаган ва раҳбариятга тақдим қилган. Уни кўрган Бобур Алихонов Ёзувчини чақириб, “кўрсатув яхши, анча меҳнат қилинибди, лекин президент жуда кўп мақтанилибди. Шахсга сиғиниш даражасигача борилибди. Ўзлари бу нарсани ёқтирмайдилар, шу ахволда кўрсалар жаҳллари чиқади ва гап эшитиб қоламиз. Шу боис пахта қўйишни камайтиринг” деб чиқариб юборган.

Ёзувчи Бош директор хонасидан чиқиб тўғри Президент қароргоҳига борган. Уни ўша пайтдаги Давлат маслаҳатчиси қабул қилган. Ораларида нима суҳбат бўлиб ўтгани фақат ўзларига аён. Лекин ўша куннинг ўзида МТРК раисига аппаратдан қўнғироқ бўлган ва ундаги топшириқ бўйича Алихонов ишдан олиниб, унинг ўрнига Ёзувчи Бош директор этиб тайинланган.

Эртасига янги Бош директор мени ўз ҳузурига чақирди. Спорт студияси ишидан қониқмаётгани, жамоа фақат тайёр трансляциялардан у ёғига ўтмаётгани, унинг асосий вазифаси олис қишлоқларга бориб, турли мусобақалар ташкил этиб, ана шулар ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш лозимлигини уқтирди. Мен эътироз билдириб, мусобақалар ташкил этиш спорт ва касаба уюшмалари ташкилотлари вазифаси экани, телевидение эса улар ҳақида кўрсатувлар тайёрлаши кераклигини билдирдим. У ўз билганидан қолмади, мен эса ўз билганимдан. Қисқаси суҳбатимиз қовушмади ва мен раҳбар хонасини тарк этдим.

Эртасига Бош директор яна ўз ҳузурига чақирди. Бу сафар қоғозга қараб жуда кўп таклифлар билдирди ва очиғи, спортни шу қадар яхши тушунишидан ҳайрон қолдим. Бир-икки жойда фикрларини тўғирламоқчи бўлганимда “ўзингизни ҳаммадан ақлли деб биласиз, нима Давлат Турдалиев спортни тушунмайдими?” деб сўраб қолди. Шундан сўнггина билдим, унинг қўлидаги қоғозда ёзилган таклифлар муаллифи Давлат ака эканини. Ўша пайтда у киши “Ёшлар” телеканалида Бош муҳаррир лавозимида ишлар ва каналнинг спорт ҳақидаги кўрсатувларига масъул ҳисобланарди.

Давлат ака билан муносабатларимиз яхши эди, ўз вақтида “Давр” информацион дастурида бирга ишлаганмиз. Жаҳл устида унга қўнғироқ қилдим ва нега менинг устимдан ёзиб бергани, ҳамма айбларимни кўрсатиб янги раҳбарга мени ёмон кўрсатгани ҳақида сўрадим. У киши босиқлик билан Бош директор уни чақириб, спортни яхши билгани учун шу соҳани ёритишда ўзгаришлар қилиш мумкинлигини, “Спорт” студияси ишида қандай камчиликлар борлиги ва уларни яхшилаш учун нима ишлар қилиш лозимлигини сўрагани, у эса студия қисқа муддатда катта ўзгаришлар қилгани, камчиликлар кўрмаётгани ҳақида гапириб, охирида янги лойиҳалар бўйича ўз таклифларини билдирганини айтди. Ўша пайтда қизиққонлик қилдим ва “мени кўра олмаяпсиз шекилли, жойим керак бўлса олинг” деб суҳбатга якун ясадим. (Кейинчалик Давлат ака билан яна яқинлашиб кетдик, ҳатто шахсий масалаларда ҳам сирлашадиган бўлдик. Бетоб бўлиб қолганида менинг маслаҳатимга кўра аёлим ишлайдиган Тошкент вилоят ихтисослаштирилган соматик шифохонасида даволанди. Инсульт бўлиб ётиб қолганида Миржалол Қосимов билан уйига бориб йўқладик ва самимий суҳбатлашдик. Раҳматли аканинг охиратлари обод бўлсин!).

Бош директор учиничи куни ҳам ўз хонасига чақирди ва яна майда-чуйда гаплар бошланди. Бу сафар тоқатим чидамади ва “мендан нима истайсиз ўзи?”деб сўрадим. У захарханда табассум қилди ва “эсингиздами, укангиз ўғлимни қўлини синдирган эди” деб менга тикилди. Буни эшитиб ҳанг-манг бўлиб қолдим ва бошимга оғриқ турди. У 20 йил олдин бўлган бахтсиз ҳодисага шу пайтгача кек сақлаб юрган экан! Ва имкон топилиши билан укам учун мендан аламини олаётган экан. Бу ёғига сабрим чидамади, ундан бир варақ оқ қоғоз сўрадим ва олдида ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, столида қолдирдим. У аризани ўқиб чиққач, “мени қўрқитмоқчимисиз?” деб сўради. “Йўқ, ҳотиржам қилмоқчиман” – менинг жавобим шундай бўлди.

Мен ишдан кетганимдан сўнг, директор ўрнимга Давлат Турдиалиевни таклиф қилган ва раҳматли Давлат ака бирдамлик принципидан келиб чиқиб, бу таклифни қатъиян рад этган. Ўз навбатида Ёзувчи бу масъулиятли лавозимда кўп ишлай олмади. Уни аввал қуйи бошқармалардан бирига туширишди, кейин у ердан ҳам кетгазишди. Ўшандан кейингина раҳматли Давлат ака янги ташкил этилган “Спорт” телерадиоканалига директор этиб тайинланди ва умрининг охиригача ўша ерда самарали меҳнат қилди. Аллоҳ Акани ўз раҳматига олсин!

... Бу йил “Спорт” телерадиоканали ташкил топганига 20 йил тўлди. Каналнинг ташкил этилиши ўзбек спорт тарғиботида катта аҳамият касб этган. Ҳозир 20 дан ортиқ телеканаллар мавжудлигида бу оддий кўринар, лекин ўша пайтда 4 та каналнинг биттасини спортга берилиши, бу сохада ташланган улкан қадам эди.

20 йиллик фаолият муносабати билан раҳбарият канал ташкил топиши ва ўз ўрнига эга бўлишида муносиб ҳисса қўшган ижодкорларни тақдирлаш борасида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситовга мурожаат қилган. Каналнинг ҳозирги директори Зоҳид Каримов билан бирга ишламагнмиз. Сабаби, “Спорт” студияси очилган пайтда у бу соҳада бўлмаган. Шу боисдан бўлса керак, у канал очилишига туртки бўлган студия ҳақида эшитмаган бўлиши мумкин ва тақдирлаш учун рўйхат берилганда, у ерда мен кўрсатилмаганман (рўйхатда марҳумлар ҳам бор).

Расмий хат Баҳодир акага етиб борганда, у киши “ия, бир пасда 20 йил бўптими” деб канал очилиши пайтларини, жумладан Сиднейда мен билан бу борада суҳбатлашганини эслаган ва укамни чақириб мен ҳозир нима иш билан шуғулланаётганим борасида сўраган. Зафар 30 йил аввал телевидениеда эфирга кетган “Футбол олами” кўрсатувини давом эттираётганимни, фақат энди у интернетда, ю-туб каналида узатилаётганини маълум қилган. Баҳодир ака ёрдамчиларини чақирган ва “30 йилдан бери спорт тарғиботи билан шуғулланаётган бу ижодкорни ҳам рўйхатга қўшиб қўйинлар” деб кўрсатма берган.

Айнан шу кўрсатма орқали мен ҳам рўйхатдан жой олдим ва март ойининг бошида Олимпия шон-шуҳрати музейига таклиф қилиндим ҳамда қолганлар қаторида “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландим! Ана энди суратга разм соламиз. 2 нафар аёл киши билан бирга ишламаганман, шунингдек чап томонда биринчи турган Раҳимбой Ражабов ҳам каналга мендан кейин келган. Қолганлари билан ўз вақтида спорт тарғиботида бирга жавлон урганмиз. Толиб Рўзиев, Фатхулла Ғуломхўжаев, Анвар Ўрмонов, Баҳром Усмонов, Раҳматжон Содиқов ва Рихситилла Умаров мен “Спорт” студияси учун танлаб олган ижодкорлар ва “Спорт” телерадиоканалига қўйилган пойдеворнинг қалдирғочлари ҳисобланишади. 2  нафар фотограф ҳам менга бегона эмас. Алмурат Мамадаминов билан ўтган асрда “Ёш ленинчи” газетасида бирга ишлаган бўлсак, Анвар Илёсов билан Сидней Олимпиадасида фаолият юритганмиз. Ана шу қадрдон ҳамкасблар қаторида тақдирланиш ва улар билан бирга тарихий суратга тушиш мени жуда хурсанд қилди. Бу кунга етиб келиш учун нималар қилингани ва нималар бўлгани билан юқорида улашдим.

Ўша куни мутасаддилардан бир нечтаси “Сиз бунга сазоворсиз” деб қўллаб-қувватлашди ва энг қизиғи, ўзим ҳам шу фикрдаман. Агар сиз ҳам бу тарихдан таъсирланган бўлсангиз, табрикларни қабул қилишга тайёрман.


                                     Аброр Имомхўжаевнинг Facebook саҳифасидан олинди.

                                                                                                    2024 йил, 4 апрель

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика