Latest news

21:04"Галатасарой" — "Истанбул Башакшехир". Таркиблар маълум  1 20:40Райан Шерки: "Дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни истайман. Агар "Олтин тўп"ни қўлга киритсам..."  0 20:05Ислом Исмоилов: "Финалда тактикадан кўра футболчиларнинг характери юқори планга чиқади" (тўлиқ матбуот анжумани)  12 19:45ОПЛ. "Сабаҳ" бу сафар рақибига жавобсиз 5 та гол урди  0 19:10Камолиддин Тожиев: "Эртанги ўйинга 100 фоиз шаймиз. Пенальтилар сериясига тайёрланмадик" (тўлиқ матбуот анжумани)  29 18:50ЎзФҲМ йиғилиши: икки ўйинда қизил карточка кўрсатилиши керак эди  12 18:27"Аркадағ" кетма-кет иккинчи йил Туркманистон кубоги соҳибига айланди  14 18:15Дунёдаги энг йирик кўча футболи чемпионати яна Ўзбекистонда  1 18:00"Металлург" назорат баҳсида "Гулистон"ни мағлуб этди  2 17:45"Барса" Гави тиззасидан олган жароҳатидан сўнг сафга қайтганини эълон қилди. Хавбек август ойидан бери ўйнамади  10 17:05Ўзбекистон Суперкубоги: дебютант “Нефтчи” саккизинчи жамоа, рекорд “Пахтакор”да  7 16:49"Футбол олами". 3-турдаёқ илк истеъфо  0 16:29Аёллар ўртасидаги Осиё кубоги. Ўзбекистон чорак финалда Жанубий Кореяга йирик ҳисобда мағлуб бўлди  14 15:35Ўзбекистон Суперкубоги–2026: Бердиев рекордчи, рўйхатда хорижлик мураббийлар ҳам бор  2 14:50Ким Мин Же "Бавария"ни А Серия топ клубига алмаштириши мумкин  1

Футзал якунлари. Осиё янги чемпионни кўришга яқин эди News

Футзал якунлари. Осиё янги чемпионни кўришга яқин эди

Индонезия пойтахти Жакартада бўлиб ўтган футзал бўйича Осиё чемпионати ўз яунига етди.

Осиё бу йилги мусобақада янги чемпионни кўриши мумкин эди. Ўз тарихида биринчи бор финалга чиққан Индонезия футзал терма жамоаси Эронни мағлуб этиб, сенсация кўтаришга жуда яқин келганди, бироқ совуққонлик ва маҳорат ўз сўзини айтиб, Эрон терма жамоаси пенальтилар сериясида зафар қучиб, 14-бор Осиё чемпионлигини қўлга киритди.


Индонезия — мусобақа кашфиёти

Ҳа, бемалол шундай дейишимиз мумкин. Бунгача футзал бўйича Осиё чемпионатида 10 марта иштирок этган Индонезия умуман кучли тўртликка кира олмаганди. Лекин уйда ўтган мусобақада улар чинакам шов-шув кўтара олишди. Индонезия терма жамоаси гуруҳда Ироқ, Қирғизистон ва Жанубий Кореяни ортда қолдириб биринчи ўрин билан чиқди.

Кейин чорак финалда Вьетнам 3:2 ҳисобида доғда қолдирилди ва бу ўйин жуда чиройли ўтди. Индонезиянинг ярим финалга чиқишини мезбонлик факторига йўйдик, ҳарқалай уйда деворлар ҳам ёрдам беради нақли бекорга айтилмаган. Аммо ярим финалда Япония мағлуб этилиши умуман кутилмаган воқеа бўлди. Япония футзал терма жамоаси 4 бор Осиё чемпиони эмасми, ўз маҳоратини намойиш этган ҳолда гуруҳ ўйинларининг барчасида ғалаба қозониб, тўплар нисбатини 11-3га келтирган ҳамда чорак финалда Афғонистон устидан 6:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Индонезия эса шу жамоа дарвозасига 5та гол уришни эплай олди. Якуний ҳисоб 5:3 кўриниш олди ва қарабсизки Индонезия финалда. Ҳамма ҳайратда! Қанақасига футзали машҳур бўлмаган юрт жамоаси финалга чиқиши мумкин? Бу шунчаки кутилмаган воқеами ёки ҳаққонийми... Кейин эса финални кута бошладик. 

7 февраль куни ўтказилган финал ҳақиқий драмага айланди. Индонезия терма жамоаси амалдаги чемпион, нафақат амалдаги балки Осиёнинг 14 карра чемпиони Эронга қарши тенгма-тенг ўйин кўрсатиб, ҳатто уч марта ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида мезбонлар 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишди, лекин барибир охиригача бардош етмади. Эрон пенальтилар сериясида фақат бир марта, Индонезия эса икки марта нотўғри зарба бериб, натижада форслар 5:4 ҳисобида ғолиб чиқишди.


Кучайган жамоалар

Ушбу мусобақа шуни кўрсатдики, Осиёда футзал кучайиб боряпти. Тўғри, Эрон яна чемпион бўлди, лекин бошқа ўйинларга қаранг. Индонезиянинг финалга чиқиб, Эронни ютишига бир баҳя қолиши фақат мезбонлик фактори эмас. Бунинг ортида жуда катта меҳнат ва футзалга эътибор ётибди. Умуман олганда чорак финалга чиққан барча жамоалар кучли эди. Ҳатто Япония 6:0 ҳисобида мағлуб этган Афғонистон ҳам футзал ўйнашни ўрганиб олди. Вьетнам, Таиланд, Ироқда ҳам футзал ривожланяпти.

Гуруҳдан чиқа олмаган жамоаларни оладиган бўлсак, Саудия Арабистони билан Малайзияда футзал ҳали у даражада шаклланмаган десак, Тожикистон билан Австралия борасида бу гапни айта олмаймиз. Айниқса ён қўшниларимиз футзалда анча дадил ҳаракат қилмоқда. Бизда нима гап деган саволни ўртага ташласак, ҳамма ҳар хил фикр билдиряпти. Кимдир футзалимиз орқага кетди, олдинги футзалчилар ва терма жамоа анча кучли эди демоқда. Кимдир Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилгач, ҳаммаси янгидан йўлга қўйиляпти, терма жамоада авлодлар алмашинуви рўй берди деяпти. Буларнинг барчасига қўшилса бўлади. 


Мураббийлар фикри

Шундай қилиб Эрон футзал терма жамоаси яна чемпион бўлди. Футзалчи сифатида 8 бор Осиё чемпионлигини қўлга киритган Воҳид Шамсайи терма жамоа бош мураббийи сифатида ўзининг илк совринига эга чиқди. 50 ёшли мураббий финалдан кейин ўз фикрларини қуйидагича баён этди:

"Осиё чемпионати зўр ўтди, мусобақа давомида кўплаб воқеалар содир бўлди. Футзал бутун дунёда одамларни бирлаштиришига ишонаман. Футзалчилик пайтимдан бери фақат терма жамоани ўйлаб келганман, чунки буни халқимизга хизмат қилиш ва Ватан олдидаги бурчим деб биламан. Мураббийликни бошлагач яна шу фикрда қолдим. Биз ҳар доим босимни ҳис қиламиз ва бу босим бизни ғалабаларга ундайди. Жамоамиздаги барчага катта раҳмат айтаман". 

Индонезия терма жамоасини шу даражага олиб чиққан Эктор Соуто ҳам ўз фикрларини баён этди. Маълумот учун, Эктор Соуто испаниялик мураббий бўлиб, 1981 йил туғилган. Насиб қилса ушбу мутахассис ҳақида кейинроқ алоҳида тўхталамиз. Ҳозирча шуни айтишимиз мумкин, у 2024 йилдан бери Индонезия футзал терма жамоасини бошқариб келмоқда.

Европалик мураббийнинг финалдан кейинги фикрлари:

"Мен биринчи навбатда қўл остимдаги ўйинчиларга раҳмат айтмоқчиман. Жамоамизда шундай футзалчилар борлигидан фахрланаман. Биз қаттиқ меҳнат қилдик ва якунда ажойиб натижага эришдик. Ҳеч ким бизни финалга боради деб кутмаганди. Футзал тоза 40 дақиқа ўйналади ва бу вақт ичида борингни беришинг шарт. Албатта, экстра таймлар ва пенальтилар серияси ҳам ўйиннинг бир қисми. Биз айниқса руҳий жиҳатдан ўта кучли эдик. Эронга қарши энг кўп қаршилик кўрсатган ҳам биз бўлдик. Лекин хатолар ҳам бўлди ва сабаб чемпион бўла олмадик. Осиё футзалида Эрон ва Япония энг кучлиси, бошқалар қатори ҳам биз ҳам кучайишга ҳаракат қиляпмиз".


Мусобақа якунлари

Футзал бўйича навбатдаги Осиё чемпионати тугади. Турнирда 31 та ўйин ўтказилиб, жами 166 та гол урилди. Бу ҳар бир ўйинда 5,35 дан дегани. Финал учрашуви якунига етгач, ОФК энг яхшиларни тақдирлаш маросимини ўтказди.

Мусобақа якунларига кўра, Таиланд терма жамоаси футзалчиси Муҳаммад Осаманмуса "Энг яхши тўпурар" деб топилди. У 6та гол уришга эришди. Индонезия терма жамоаси посбони Аҳмад Ҳабибий "Энг яхши дарвозабон" деб топилди. 25 ёшли дарвозабон турнир давомида чиндан ҳам ажойиб ўйин намойиш этди. 

Ва ниҳоят мусобақанинг "Энг яхши футзалчиси" соврини Эрон терма жамоаси ўйинчиси Сайид Аҳмад Аббасига насиб этди. Терма жамоанинг 9-рақамли футзалчиси финалда 2та гол уриш билан бирга пенальтилар сериясида ҳам мўлжалдан адашмади. Дарвоқе 33 ёшли Аббаси 2024 йилги Осиё чемпионатида ҳам "Энг яхши футзалчи" бўлганди.


Хайрулла Холиқов

Rating: +2   

Comments

   
09 feb 11:34:08
Mahmud Ttww
Индонезия жамоаси жонини бериб ўйнади қойил, японлар мағлуб этиди, эрон пеналтидан зўрға ютди , бизнинг латталар эса ўзларидан юлдуз ясаб олган мураббий бош қолганлари ёнбош бўлган жамоа эди. Бу врзандалар ким томонидан танланган, ишонинг хозир бизда ярқ этиб чиққан ёшлвр ҳам кўринмайди, шунинг учун барибир бразилияликлардан маҳаллийлаштирмаса бўлмайди, чунки рақобвтбврдош ўйинчиларимиз етишмайди, ўйинни ўзига оладиган масъулиятли ўйинчимиз йўқ, бврчаси оғир карвон. Индонезияда бош мураббий иши кўринди, ўйинчилар шижоатига қойил қолдим.
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика