Даврон Ҳошимов: "Каттақўрғон" бир мавсумлик жамоа эмас. Про лига ўтган йилгидан қизиқарлироқ бўлади"
02 jan 17:35
News
Даврон Ҳошимов: "Каттақўрғон" бир мавсумлик жамоа эмас. Про лига ўтган йилгидан қизиқарлироқ бўлади"
Футболчи ўтган йил таассуротлари, “Локомотив” билан хайрлашув сабаблари ва янги жамоадан кутилмалар ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.
— Ўтган мавсум сиз учун қандай ўтди?
— Аввало, барчани Янги йил билан табриклайман. Янги йил барчамизга омадли келсин. 2025 йилда “Локомотив” билан Про лигада иштирок этдим ва жамоанинг Суперлигага қайтишига қўлимдан келганча ҳисса қўшдим. Мавсум жуда оғир ўтди. Кўрдингиз, “Арал”, “Олимпик Мобиуз” бизга жиддий қаршилик кўрсатди.
Шу билан бирга, Про лигада атиги 6 та жамоа иштирок этгани сабаб ўйин амалиёти кам бўлди, бу эса қийинчилик туғдирди. Шунга қарамай, раҳбарият олдимизга қўйган вазифани бажардик. “Локомотив” олдида юзимиз ёруғ бўлди.
— Суперлигада тўп тепиш имконияти бор эдими?
— Биз “Локомотив”ни Суперлигага олиб чиқдик. Кейинги қарор эса раҳбарият ва мураббийлар қарашларига боғлиқ бўлди. Клуб томонидан таклиф бўлмади, аммо раҳбарият барча маошларимни тўлиқ берди ва вазиятни тўғри тушунтирди. Фурсатдан фойдаланиб, “Локомотив” клубига катта раҳмат айтаман. Олдинги мавсумда жамоага фақат омад тилайман.

— “Каттақўрғон”га ўтишингиз қандай юз берди? Бу жамоа кўпчилик учун янги ҳисобланади…
— “Каттақўрғон” менга таклиф билан чиқди. Ўзим ҳам бориб, раҳбарият билан учрашдим. Мақсадлар жиддий эканини кўрдим. Музокаралар давомида бу жамоа бир мавсумлик эмасми, деган саволни очиқ қўйдим. Раҳбарият йўқ, дея жавоб берди ва аниқ режалари билан бўлишди. База, машғулот майдонлари билан танишдим — барчасига профессионал тарзда ёндашилган. Шу сабаб ишонч билан шартнома имзоладим. “Каттақўрғон” бир йиллик жамоа эмас. Агар Суперлигага чиқсак, клубни яхши истиқболлар кутмоқда.
— Янги мавсумда Про лигада жамоалар сони оширилади. Рақобат ҳам кучайиши кутилмоқда. “Каттақўрғон”дан кутилмалар қандай?
— Албатта, жамоалар сони қанча кўп бўлса, ўйин амалиёти ҳам шунча ортиб боради. Ўтган мавсум ҳам осон бўлмади. Янги чемпионат анча қизиқарли ўтади, деб ўйлайман. “Каттақўрғон” максимал даражада ҳаракат қилади. Раҳбарият олдимизга қўйган вазифани бажариш учун бор кучимизни сарфлаймиз. Про лига оддий чемпионат эмас, аммо биз сюрприз кўрсатишимиз мумкин. Олдинда жиддий ўйинлар бор. Менимча, бу йил Про лига ўтган йилгига қараганда анча қизиқарли бўлади.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Similar news
championat.asia
ОЧЛ 2 плей-офф босқичига қуръа ташланди: Роналду етакчилигидаги "Ал Насср" "Арқадағ" билан ўйнайди
Тимур Кападзе дунёнинг энг кучли мураббийлари орасида кучли ўнликка кирди!
АПЛ. "Арсенал" "Астон Вилла"нинг ғалабали сериясига нуқта қўйди. МЮ аутсайдерни мағлуб эта олмади
Расман: Ислом Тўхтахўжаев — "Андижон" футболчиси!
Comments