

"Ушбу турнир ажойиб чорлов ва фаолиятимдаги жуда муҳим қадам ҳисобланади. Миллий терма жамоада ўйнаган пайтим вазиятни аниқ тушуниш имконини берарди. Бироқ ҳозирги ролим бошқача ва бу катта масъулият юклайди.
Жаҳон чемпионати ҳали бошлангани ҳам йўқ, аммо биз ўрта ва узоқ муддатли муваффақиятли натижалар учун пойдевор яратган ҳолда, ҳозирданоқ бунинг меваларини йиғишни бошлашимиз мумкин. Ўз тажрибасини улашиш ва авлоддан-авлодга ўтиш даврида ёрдам бериш учун таркибга бир неча тажрибали ўйинчиларни жалб қилдик.
Ўзбекистонда турли хил ўйин услубига эга бўлган рақибларга қарши иккита ўйинимиз бор. Бу баҳслар ҳар бир футболчининг ўйин давомида қандай ҳаракат қилишини баҳолаш имконини беради, бу эса таркибни танлашда асосий омил ҳисобланади.
Майдондан ташқарида кўришни истаган жиҳатларимизни ривожлантиришда давом этишимиз керак. Футболчиларни ўйин жараёнида синаб кўрмоқчимиз ва таркибда ротация қилиш орқали ҳар бирига ўз имкониятларини кўрсатиш учун имкон берамиз. Ўйинчилар бундан максимал даражада фойдаланишлари шарт, чунки футболда кўпинча ҳаммаси учун фақат битта имконият берилади. Агар ўз имкониятингиздан фойдалана олмасангиз, у бошқа ҳеч қачон қайтмаслиги мумкин. Биз ўйинчиларнинг халқаро майдонда нималарга қодирлигини яхшилаб кўриб чиқмоқчимиз.
Воқеалар ривожидан ўзиб кета олмаймиз, аммо Жаҳон чемпионатида иштирок этиш истаги ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. Футболчилар ва мураббийлар штаби амбицияли бўлиши керак, аммо бутун эътибор ушбу мусобақага қаратилиши шарт. Айни пайтда устувор вазифамиз FIFA Series’даги иккита ўйиндир, чунки мазкур беллашувлар орқали ўзимиз кўзлаган йўлдан юришни бошлаймиз", – деди 41 ёшли мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Венесуэла 27 март куни Тринидад ва Тобаго, 30 март куни Ўзбекистонга қарши баҳс олиб боради.



