Вадим Абрамов: "У доимо менинг жамоаларимга гол уради. Қандай хатолар қилаётганимизни кўряпсизми?"

Aslanov Jasurbek
12 апр 2026
Суперлига 7-туридан ўрин олган "Динамо" - "Локомотив" (1:2) учрашувидан сўнг самарқандликлар устози Вадим Абрамов учрашувдан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ҳозир нима ҳам дердим? Фақат ҳиссиётлар. Афсуски, йўл қўяётган ҳар бир индивидуал хатомиз учун дарҳол жазоланяпмиз. 2:0 ҳисобида ютқазаётганимизда, захира кучларидан фойдаланиб, ўйинни ўзгартирмоқчи бўлдик. Гўё битта гол урдик, лекин бошқа ҳеч нарса қила олмадик. Устига-устак, аҳмоқона четлатиш ҳам бўлди.

Қолаверса, олдинда қийин ўйинлар бор. Ўзимизни шундай бир вазиятга солиб қўйдикки, энди нима бўлиши номаълум", - деди Вадим Абрамов.

- Абдухолиқов кетма-кет иккинчи йил Самарқандга келиб, иккита бир-бирига ўхшаш гол урмоқда. Сиз ўйинчиларни бу ҳақда огоҳлантирганмидингиз? У жуда хавфли, у ҳужумчи-ку…

- Ҳа, огоҳлантиргандим. Унинг ўзига алоҳида тўхталиб ўтгандик, ўйиндан олдин айтгандим. У менинг жамоаларимга доимо гол уради. Шунинг учун огоҳлантиргандим. Хатоларни кўряпсизми? Дарвозабон тўпни шунчаки аутга чиқариб юбориш ўрнига, қаергадир марказга узатди. Қолаверса, марказда унга зарба беришга халақит берадиган ҳеч ким йўқ эди. Мана шу нарса ҳайрон қолдиради. Ҳимоячилар эса югуриб келишяпти-ю, гўё тўпга ўйнашлари керак, лекин ўйнамаяптилар. Шунинг учун бундай голга изоҳ беришга қийналаман.

Кейин иккинчи гол... Жарима зарбаси вазиятида қандайдир хавф яратишимиз керак эди, биз эса қандайдир бир аҳмоқона комбинацияни ўйнадик ва қарши ҳужумда бизга иккинчи голни уриб кетишди.

- Ягудин ва Неманов хатога кетма-кет қўпол хатоларга йўл қўйяпти...

- Айтганимдек, ҳар қандай индивидуал хато жазоланади. Буни енгиб ўтиб, ишлашда давом этиш керак, менимча. Нима ҳам қилардик? Бошқа йўл йўқ.

- Умуман олганда, дарвозабон орқали жуда кўп ўйнашаётганга ўхшади. Демак, бу шундай режалаштирилган, тўғрими? Мудофаадан ҳужумга чиқиш сизнинг кўрсатмангизми?

- Йўқ, аслида биз тўпни дарвозабон тепиб юборишини эмас, ҳимоячи орқали ўйинга киритишни хоҳлаймиз. Лекин улар бу тўпни қандай ишлатаётгани — бу бошқа масала. Шундай бўляптики, улар тўпни дарвозабонга беришяпти, кейин эса рақиб дарвозабонни ёпиб қўйяпти. Барчаси рақиб бизга қандай босим қилишига боғлиқ.

Посбон биринчи пасни ҳимоячига беради. Афсуски, кейин ҳимоячи тўпни унга қайтариб оширмоқда. Олдинга ўйнаш керак, лекин олдинда ҳеч кимни кўришмаяпти. Биз ярим ҳимоячиларга тўпни етказишни талаб қиламиз, аммо ўша пайтда ярим ҳимоячиларимиз ёпиқ бўлса керак. Мен шундай деб ўйлайман. Яна айтаман, барчаси рақиб ҳимояни қандай қуришига, сизга прессинг қилишни бошлашига боғлиқ.

- Нима учун биринчи бўлимда жамоа ўйини ўхшамади? Чунки танаффусда жиддий ўзгаришлар қилдингиз...

- Ҳа, биринчи бўлимда иккита гол ўтказиб юборамиз деб ўйламагандим, иккинчисида эса ўйинни кучайтирамиз деган режамиз бор эди. Шунинг учун ўйинни кучайтира оладиган барча футболчиларни захирада қолдиргандик. Улар ўйинни кучайтиришди ҳам, лекин, афсуски, 2:0 ҳисоби жуда катта фарқ. Қолаверса, ўйинимиз ўхшамади, шошилишни, қаёққадир югуришни, шунчаки тўп тепишни бошладик. Ақл ўчиб, фақат ҳиссиётлар қолди.

"Локомотив"га босим ўтказа олдик, чунки улар анча толиқиб қолишганди. Лекин бунинг ўзи камлик қилди. Биз аслида бу ўйинда ютишни хоҳлагандик. Вазифа ғалаба қозониш эди, шунинг учун қаердадир шошилдик. Улар эса тўғри қилиб, ўйин темпини тушира бошлашди. Уларнинг таркибидаги тажрибали футболчилар ўйин темпини моҳирлик билан пасайтиришди ва бунга эришишди.

- Ҳозир кўплаб клублар Эрон чемпионатидан футболчи олиш ҳақида ўйлаяпти, чунки ФИФА футболчиларга мавсум охиригача бошқа жамоаларда ўйнашга рухсат бериши кутилмоқда. У ерда яхши ўйинчилар, жумладан, бизга таниш футболчилар ҳам бор. Эрондаги футболчиларимизни “Динамо” сафига қўшиб олиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Йўқ, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаяпман, чунки бизнинг ҳозирги аҳволимизда бу ҳақда ўйлаш жуда кулгили.

- Молиявий вазиятда қандайдир ўзгариш борми?

- Ҳозирча йўқ. Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

- Раҳбарият молиявий муаммоларни ҳал этиш учун бир нима қиляптими?

- Бу саволни уларнинг ўзига беринг. Ахир сиз ҳам унга худди шу саволни беришингиз мумкин-ку. Ҳозир мен унинг номидан гапиргандай бўлиб қоламан.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia