U-19 Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистонда йиғин ўтказади

Narzulla Saydullayev
20 авг 2020
U-19 Ўзбекистон терма жамоаси октябрь ойида юртимизда ўтадиган Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Тайёргарлик дастурига кўра Тимур Кападзе босчилигидаги терма жамоамиз учун 1-10 сентябрь кунлари Тожикистонда ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади.

Ёшларимизнинг Хўжанд шаҳрида ўтадиган мазкур йиғини доирасида иккита назорат учрашуви режалаштирилган.

Мураббийлар Денис Коростиченко, Сергей Чигодаев ҳамда Тимур Ғаниев Тимур Кападзега кўмаклашиб боради.

Терма жамоа аъзолари 31 август куни Тошкентдаги “Чиғатой” базасига йиғилади ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик натижаларига кўра йиғинда иштирок этадиган 25 нафар футболчидан иборат таркиб бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U-19 Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон ёшлари Индонезия, Камбоджа ва Эрон вакиллари билан биргаликда А гуруҳидан жой олган.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: ufa.uz